Линклар

Британияликнинг ўлдирилиши “Исломий Давлат”га қаршиларни жипcлаштирди


Дэвид Ҳэйнс.

Дэвид Ҳэйнс.

Ғарб давлатлари Суриядаги халқаро ёрдам ташкилотининг британиялик ходимини қатл этган “Исломий Давлат” жанггариларига қарши кураш чораларини кучайтириш ниятида. Британия фуқароси Дэвид Ҳэйнснинг боши танасидан жудо қилингани акс этган видеолавҳа 13 сентябрь куни Интернетга қўйилди. Жанггарилар Ироқ шимолида “Исломий Давлат”га қарши урушаётган курдларнинг пешмерга қўшинларига Британия қурол-аслаҳа етказиб бергани учун Ҳэйнс ўч олиш мақсадида ўлдирилганини билдирди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Интернетда пайдо бўлган мудҳиш видеолавҳа ҳақиқий эканини аниқлаш устида олиб борилаётган ишлар давом этаётганини маълум қилди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон “Исломий Давлат” жанггарилари томонидан Дэвид Ҳэйнснинг қатл этилиши “ҳақиқий шайтоннинг иши” эканини айтиб, қотилларни тутиш учун Британия бор имкониятни ишга солишини таъкидлади.

- Британия халқи бу “Исломий Давлат” деб аталган радикал гуруҳ эканини билиши керак. Бу гуруҳ нафақат гаровдаги британияликни ўлдирди, улар Европа бўйлаб ва бизнинг давлатда ҳужумлар уюштиришни режалаган ва режаламоқда, дея баёнот берди Британия Бош вазири.

14 сентябрь куни Австралия Бош вазири Тони Абботт Дэвид Ҳэйнс қатл этилганини кескин қоралади.

Аббот Австралия “Исломий Давлат”га қарши тузилган халқаро коалицияга ўзининг 600 нафар аскари ва 10 та жанговар учқичи билан ҳисса қўшишини эълон қилди.

- Австралия АҚШ етакчилигидаги узоқни кўзлаган ва мутаносиб коалицияга ўз ҳиссасини қўшишга тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур коалиция Ироқнинг қонуний ҳукуматини дастаклайди ва Яқин Шарқ давлатлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилади, - дея баён қилди Австралия Бош вазири.

“Исломий Давлат”га қарши тузилган халқаро коалиция АҚШ, НАТОнинг аксар давлатлари ҳамда Форс Кўрфазида жойлашган 10 та араб давлатидан иборат.

Франция президенти маъмурияти Дэвид Ҳэйнснинг қатл этилгани “халқаро ҳамжамият нима учун “Исломий Давлат” гуруҳига қарши сафарбар қилиниши кераклиги”ни яққол кўрсатганини билдирди.

15 сентябрь куни Франция Ироқ бўйича халқаро анжуманга мезбонлик қилиши режаланган.

Айни пайтда АҚШ Давлат котиби Жон Керри халқаро коалиция сафини кенгайтириш мақсадида Парижга сафар қилмоқда.

Ассошиэйтед пресс агентлиги хабарига кўра, Туркия НАТОдаги иттифоқчиларига турк аскарлари жанговар ҳаракатларда иштирок этмаслигини, террорчиларга ҳаводан зарбалар беришда НАТО учқичлари Туркия ҳаво ҳудудидан фойдаланишига рухсат бермаслигини билдирган.

Бу Туркиянинг Сурия президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши экани ва ўнлаб Туркия фуқароси, жумладан, дипломатлари “Исломий Давлат” жанггарилари томонидан гаровга олгани борасида Анқаранинг хавотири кучаяётгани билан изоҳланмоқда.

Туркия Форс Кўрфазида жойлашган араб давлатлари билан “Исломий Давлат” гуруҳи қораланган ва унга қарши чоралар кўрилиши қайд этилган қўшма баёнотни имзолашдан бош тортганидан сўнг АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Мудофаа вазири Чак Ҳейгел ўтган ҳафта Анқарага ташриф буюрди.

АҚШ президенти Барак Обама эълон қилган баёнотда Дэвид Ҳэйнснинг қотилларини жазога тортиш учун Вашингтон расмийлари Лондон ва коалицияга аъзо давлатлар билан бирга ишлаши билдирилган.

Ҳэйнсни ўлдиришдан олдин “Исломий Давлат” жанггарилари америкалик икки журналист - Жеймс Фолей ва Стевен Сотлоффни ҳам бошини танасидан жудо қилганди.

Шотландиянинг Перт шаҳрида туғилиб ўсган Дэвид Хэйнс икки фарзанднинг отаси бўлган.

У ўтган йили Сурияда Франциянинг ACTED номли гуманитар ташкилотида ишлаётган пайтда ўғирлаб кетилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG