Линклар

logo-print

Ўзбекистонда бу йил 18 ёшгача бўлганлар пахтага чиқарилмаслиги ҳақидаги ҳукумат кўрсатмасига қарамай, айрим вилоятларда 18га тўлмаган коллеж талабалари ва ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб этилаётгани айтилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани Қизил-узақ қишлоқ хўжалик коллежининг биринчи курс талабалари ҳам 14 сентябрдан пахтага чиқарилган.

Бу ҳақда коллеж талабаларидан бири Озодликка маълум қилди.

– Коллеж қишлоқда жойлашган, унга яқин жойда пахта далалари бор, ўқувчиларни ўша ерларга чиқаришмоқда. Ўзи иккинчи ва учинчи курсларни олиб чиқамиз деганди, лекин биринчи курслар ҳам пахтага олиб чиқилди,- деди исми сир қолишини истаган чимбойлик коллеж талабаси.

Хоразмнинг Гурлан туманида эса коллеж талабалари қатори айрим мактаб ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб этилган.

– Бизда мактаб ўқувчилари ҳам далада ҳозир жавлон урмоқда. Эрталаб пахта кийимида мактабга келишади. Бир соат, икки соат мактабда ўқигандай бўлишади, кейин юқори синф ўқувчиларини мактаб ёнидаги пахтазорга олиб чиқишади,- дейди гурланлик Бахтиёр ака.

Ҳокимият расмийлари эса, ўқувчиларнинг пахтага чиқарилганини қатъиян рад этишади.

– Мактаблар чиқмади. Юқоридан топшириқ бўлса, чиқади. Ўтган йил бош вазир мактаблар чиқмасин деди, чиқармадик. Бу йил ҳам 18 ёшдан пасти чиқарилмасин деган, чиқармаяпмиз. Лекин, коллежлар чиқарилади,- деди Гурлан тумани ҳокимиятининг Озодлик боғланган расмийларидан бири.

Самарқандда эса коллежларнинг иккинчи ва учинчи курс талабаларини пахтага чиқариш аллақачон эълон қилинган.

Бу ҳақда самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев шуларни айтди.

- Коллежнинг иккинчи курс талабалари ҳали 17 ёшга тўлмаган болалардир. Мени набирам коллежнинг иккинчи курси ўқувчиси. 5 сентябрь куни коллеж талабаларини ота-оналарини мажлисга чақиртиришди. Мен ҳам бордим. Ҳар бир ота-онага қоғоз ва қалам тутқазилиб, фарзандлари пахтага ўз ихтиёрлари билан боришлари ва бунга қарши эмасликлари ҳақида тилхат ёзишларимизни сўрашди. Мен эса ўз набирамни пахтага чиқишига қарши эканим ҳақида ёзиб бердим. Чунки у сентябрь ойида энди 16 ёшга тўлди. Ўзбекистон ҳукумати қарорига мувофиқ 18 ёшгача бўлганлар пахтага чиқарилишлари мумкин эмас. Шундан сўнг коллеж раҳбари мени четга олиб, “нима қилайлик, 2-3 курс талабаларини пахтага чиқаришни талаб қилишяпти, ахир теримчиларни сонини беришимиз керак, уларнинг ёши ҳақида сўрашмайди” деган. Хуллас шунақа гаплар, - дейди Раҳматуллаев.

Бир кун ўтиб Тошпўлат Раҳматуллаев бу ҳақда ўз блогида ёзганидан сўнг унга Самарқанд виляоти ҳокимиятидан қўнғироқ қилишган.

– 18дан пастини юбормаймиз, улар нотўғри айтишибди, дейди. Бошида коллежнинг иккинчи ва учинчи курс талабаларини чиқарамиз, дейишган эди. Иккинчи курслар 17 ёшда, уларни чиқариш мумкин эмас, дедим. Коллеж раҳбарияти чиқармай бошқа иложимиз йўқ, деди. Ҳокимият энди менга телефон қилиб, коллеж рабарлари нотўғри тушунган, 18гача бўлганларни юбормаймиз, деяпти. Ҳайронман, у бунақа дейди, бу бунақа,- дейди самарқандлик блоггер.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова фикрича, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тўла ислоҳ қилинмас экан ва фермерларга мустақил равишда ишчи кучини ёллаш каби эркинлик берилмас экан, давлат томонидан болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этаверади.

- Ўзбекистон 18 ёшгача бўлганлар пахтага чиқарилмайди деяпти. Афтидан, Тошкентдаги марказий ҳукумат болаларни пахтага чиқармасликка ҳаракат қилаётгандир. Чунки болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ 18 ёшгача бўлганлар бола ҳисобланади. Лекин маҳаллий ҳокимлар планни бажариши керак. Ҳокимлар кўпроқ одам, жумладан 18 ёшга тўлмаганларни чиқариб бўлса ҳам шу планни бажаришга ҳаракат қилади. Бу ҳар йили бўладиган холат. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ислоҳ этилмаса ва квота тизими бекор қилиниб, фермерларга эркинлик берилмаса бу давом этаверади, - дейди Умида Ниёзова.

Ўтган ҳафта бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирган Вашингтондаги Cotton Campaign ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлаш ва бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG