Линклар

logo-print

“Миллион” қизиқчилар жамоаси секс мавзусида чиқиш қилгани учун жазоланди


“Million” qiziqchilar jamoasi.

“Million” qiziqchilar jamoasi.

“Миллион” қизиқчилар жамоасининг лицензияси ўтган ҳафта охирида тўхтатилди. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига яқин Озодлик манбасининг айтишича¸ жамоа “лицензия шартларида кўзда тутилган ахлоқ-одоб меъëрларидан чиққани ва шаҳвоний мавзуларда юмористик лавҳаларни жамоатчилик олдида ижро қилгани учун” лицензиядан маҳрум қилинган.

Озодлик манбасига кўра¸ жамоа кейинги бир йил мобайнида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси лицензия бўлимидан бир неча марта огоҳлантириш олган.

Шунингдек бу жамоа Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Миржалол Қосимовдан ҳам “Ўзбекнаво” тавсиясига кўра¸ ноўрин хазили учун кечирим сўраган.

“Миллион” жамоасининг жорий йилги концерти ижтимоий тармоқлар ва марказий нашрларда жиддий танқид остига олинган эди.

Кутилган жазо

“Миллион” қизиқчилар жамоаси жорий йил баҳорида берган концерт дастурининг дисклари тарқалаши ортидан жамоага эътирозлар кўпайгани билдирилди.

Бу эътирозлар маҳаллий матбуотда муҳокама қилинди. “Ҳуррият” газетаси “Миллион” қизиқчилар жамоасининг лицензияси тўхтатилишидан сал олдин “Миллион”нинг миллион-миллион зарари” номли мақола чоп этди.

Мақолада жамоанинг ўзбек менталитетига мос келмайдиган ҳазиллари танқид остига олинди.

Ўзбекистоннинг бош саҳнаси бўлган “Истиқлол” саройини кетма-кет тўрт кун томошабинлар билан лиқ тўлдирган “Миллион” жамоаси сўнгги концертидаги бепарда ҳазиллари боис лицензиясидан айрилиши кутилган бир ҳолат сифатида кўрилади.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига яқин Озодлик манбасининг айтишича¸ Ўзбекнаво” қошидаги бадиий кенгаш “Миллион” жамоаси концертининг дискларини тафтиш қилиб, ўзининг салбий хулосасини ўтган ойдаëқ берган эди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси масъул ходими Одил Абдуқаҳҳоровнинг ўтган ой “Ориат доно” радиосига берган интервьюсида “Миллион” жамоаси концертининг дисклари чиққанидан кейин бирлашмага кўплаб эътирозлар келгани таъкидланган эди.

Одил Абдуқаҳҳоровнинг махаллий матбуотга айтишича¸ “Миллион” қизиқчилар жамоасига нисбатан билдирилган эътирозлар инобатга олинган ҳолда, “Ўзбекнаво” қошидаги Бадиий кенгашга жамоанинг лицензияси тўхтатилиши бўйича таклиф тайёрлаб берилган.

"Миллион" жамоаси концерти "Истиқлол" саройи залини тўлдирди.

"Миллион" жамоаси концерти "Истиқлол" саройи залини тўлдирди.

Қарши ва тарафдорлар

“Миллион” қизиқчилар жамоасининг тақиқлаб қўйилишига Ўзбекистон шоу-дунëсида турли муносабатлар билдирилмоқда.

“Миллион” қизиқчилар жамоаси Ўзбекистондаги ҚВЗ (Россиядаги КВН жамоасининг ўзбекча тақлиди. Қувноқлар ва зукколар клуби -таҳр.) клубидан етишиб чиққани айтилади.

Бухоролик КВЗ фаоли Беҳрузбек Усмоновнинг Озодликка айтишича¸ “Миллион” қизиқчилар жамоаси ëшлар ўрнак оладиган гуруҳ бўлган:

- Биринчидан, бу жамоанинг барча иштирокчиларида актерлик маҳорати юксак. Иккинчидан, улар кийиниш услуби билан ëшларни ўзларига ром қилишди. Кўпгина ëшлар айнан “Миллион” қизиқчилар жамоасига тақлидан кийинишганини биламан¸- дейди суҳбатдош.

Мамлакат шоу-дунëсини ëритувчи нашрлардан биридаги Озодлик манбасига кўра, “Миллион” қизиқчилар жамоаси “ўзбекона қадриятларни менсимагани” учун “ҳақли жазоланган”.

- Аллақачон шундай қилиш керак эди. “Миллион” жамоасининг концертлари асосан "киндикдан паст" қалтис ҳазиллардан ташкил топган. Жамоа раҳбари Даврон Қобулов уйланмагани учунми нуқул секс мавзуида ҳазил қилади. Қолаверса, ана шу ҳазилларнинг ҳам ҳаммаси оригинал эмас, “КВН”, “Comedy Club”га ўхшаган дастурлардан олиб ўзбекчалаштирилган. Дастур масхарабозлик, бачканабозликдан таркиб топган. Уятсизлик, беандишаликка йўғрилган кулги асло кулги ҳисобланмайди. Қизиқчиларни рамкага солиб туриш керак дейди¸-Озодлик манбаси.

Ўзбекистон шоу дунëси икир-чикирларини яхши билган яна бир Озодлик манбаси эса, “Миллион” қизиқчилар жамоаси цензура қурбони бўлди деб ҳисоблайди:

- “Миллион” қизиқчилар жамоаси ҳақсизлик қурбони бўлди. Улар концерт олдидан дастур мазмунини “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан тасдиқлаб олишган. Улар “Ўзбекнаво” тасдиқлаган текстдан чиқишмаган. Нега “Ўзбекнаво” ўзи изн берган матнни ижро қилган жамоани жазолайди? Ўзлари рухсат бердику. Секс темасида юмор қилди, дейишди. Бу ҳам абсурд. Ўзбек аскияси ҳам доим сексга шаъма қилади. Нега аскиячиларга мумкину¸ уларга мумкин эмас. "Миллиончилар" чегарадан чиққан жойлари бор¸ тўғри лекин аскиячилардан ўтган жой йўқ уларнинг. Бу гуруҳ қизиқчиликка янги нафас олиб келди. Услуб ва мазмун жиҳатдан янгилик киритишди. Залларни тўлдиришди. Тўлдирганда ҳам разнарядка қилиб¸ билет тарқатиб эмас¸ ўз санъатининг жозибаси боис томошабинни ўзига жалб қилишди.

Суҳбатдош иддаосига кўра¸ “Миллион” қизиқчилар жамоасининг “Тошкентни тўлдирган келгиндилар” ҳақидаги ҳазиллари таги вилоятдан бўлган баъзи мулозимларнинг жаҳлини чиқарган.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига яқин Озодлик манбасининг айтишича жамоа “лицензия шартларида кўзда тутилган ахлоқ-одоб меъëрларидан чиққани ва шаҳвоний мавзуларда юмористик лавҳаларни жамоатчилик олдида ижро қилгани учун” лицензиядан маҳрум қилинган.

Суҳбатдош “Миллион” қизиқчилар жамоасини лицензиядан маҳрум қилишга сабаб бўлган баъзи юмористик композицияларни мисол сифатида келтирди.

- “Миллион” қизиқчилар жамоаси дастуридан ўрин олган 22-аср археологлари йигирма биринчи аср одамига дуч келган саҳна кўриниши:

- Бу бўйдоқ экан.

- Қайдан билдинг?

- Қара, кафти шилиниб кетган...”

Суҳбатдошга кўра¸ концерт дастурида бундай мисоллар кўп:

- Томошабин куляпти деб шунақа гапларни айтиш зарурми. Залда онахонлар¸ опа- сингиллар. Ëш болалар ўтирган бўлса. Кундузги сеанс бўлса,- дейди Озодлик манбаси.

Қизиқчиларга рамка керак эмас

Ўзбекистонда кулги усталарининг “запрет” қилиниши янгилик эмас. Ўзбекистон халқ артисти Обид Асомов ҳам Ўзбекистонда баъзан қора рўйхатларга киритиб турилади.

Обид Асомов

Обид Асомов

Озодлик билан ўтган йилги суҳбатларимиздан бирида Обид Асомов ўзининг нега тақиқлангани боисини тушунмаганини айтган эди:

- Алпомиш деган ажойиб фильм олинган. Фильмнинг бошида, охирида умумий ҳисобда 7-8 минутлик роль ўйнаганман. Шу фильмни кўрсатиб туришади байрамларда, лекин менинг жойимни қирқиб ташлашади. Болаларим “Ада, сизни яна кўрсатмади” деб қўяди. Бизда раҳбар жойларга нотўғри инсонлар келиб қолган. Масалан, бир йили Ғалаба байрамига қизиқчилар ҳам чиқсин дейишди. Саҳнага чиқиб “немис фашист газандалари” десам, битта раҳбар келиб, “Эсингиз жойидами? Нимага немис фашист деяпсиз” дейди. “Ҳа, қозоқ фашист дейми” дедим. “Немис деган сўзни тилга олманг” дейди. “Ўша пайтда немислар ҳужум қилгану” десам, “Ие, ........

Обид Асомов бу тақиқ ва чекловларга жавоб сифатида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Йўлдош Охунбобоев билан боғлиқ ҳикояни келтирган эди:

- Республика пахтакорлари қурултойи қатнашчиларига катта концерт берилиб (Навоий театрида), унда республика ҳукуматининг ўша даврдаги раҳбарлари ҳам қатнашаётган эди. Юсуфжон қизиқ билан Охунжон қизиқ ҳар хил кинояли гаплар билан халқни кулдиряпти.

Номер тугагач, саҳна ортига ўтишса¸ режиссëр қовоғидан қор ёғиб, "...нима, бу сизларга чойхонами? Саҳна бу муқаддас! Неча марта айтиш керак, саҳнада рамкадан чиқманглар, деб?..."

Қизиқчиларнинг кайфияти тушиб кетди. Концерт дастурида уларни яна бир чиқишлари бор эди. Навбатлари келганда режиссëр яна бир қайтарди: “Бола-чақамиз бор, илтимос рамкадан чиқманглар!”

Парда очилганда Юсуфжон қизиқ ва Охунжон қизиқлар бўйинларига биттадан расм рамкасидан осиб олиб, каллаларини хам қилиб ўтирар эдилар. Сукунат анча давом этди. Халқнинг сабри тугаб, шовқин бошланди. Режиссëр саҳнага чиқиб, “Бу нима қилганларинг? 10 дақиқа бўлди. Нега жимсизлар?” деди. “Ахир ўртоқ режиссëр, рамкадаги одамдан қандай кулги чиқади?” дея жавоб беришди қизиқчилар.

Залда Ўтирган Йўлдош Охунбобоев ўрнидан туриб шундай деди: “Қизиқчиларнинг бўйнидаги рамкаларни олиб ташланг, улар берамка гапирмаса¸ халқ кулмайди!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG