Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:17

Парижга тўпланган давлатлар "Исломий давлат"га қарши жипслашишга келишиб олди


Iroq Prezidenti Fuad Masum va Fransiya Prezidenti Fransua Olland konferentsiya ishtirokchilariga murojaat qildi.
Iroq Prezidenti Fuad Masum va Fransiya Prezidenti Fransua Olland konferentsiya ishtirokchilariga murojaat qildi.

Бугун Парижда Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қарши кураш стратегиясига доир халқаро анжуманда 30га яқин давлат вакиллари иштирок этди. Конференция иштирокчилари Ироқ ҳукуматига “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда “тегишли” ёрдам кўрсатишга келишиб олди.

15 сенятбрь кунги йиғинда қатнашган давлатлар қабул қилган қўшма баёнотда “Исломий давлат” гуруҳига қарши тезкор чора кўриш “ҳаёт-мамот масаласидир” дея таъкидланган.

Лекин ҳужжатда Ироқ ҳукуматига кўрсатиладиган ҳарбий ёрдам кўлами аниқлаштирилмаган.

Конференция иштирокчилари олдида чиқиш қилган Ироқ Президенти Фуад Масум ўз мамлакати ҳудудида “Исломий давлат” гуруҳига қарши “тезкор” ва муттасил ҳаво ҳужумларини бошлашга чақирди. Агар тезкор чора кўрилмаса, жангари гуруҳ сафи кенгайиши ва у янада каттароқ таҳдидга айланиши мумкин, дея огоҳлантирди Ироқ раҳбари.

- Биз террорчилар позицияларига қарши мунтазам ҳаво ҳужумларининг давом эттирилишини сўраяпмиз. Уларнинг янги истеҳкомларни яратишига йўл қўмаслигимиз лозим, улар қаерда бўлишидан қатъий назар таъқиб қилишимиз лозим. Уларни молиявий манбалардан узишимиз керак. Уларнинг сафига одамлар ёлланишига тўсиқ қўювчи қонунларни жорий қилишимиз керак, уларни жавобгарликка тортишимиз керак ва қўшни мамлакатлардаги жангариларнинг уларнинг сафига қўшилишини тўхтатишимиз керак,- деди Ироқ президенти.

Йиғин иштирокчиларига мурожаат қилган Ироқ президенти “Исломий давлат” жангариларини “бандитлар”, дея атаб, улар “миллат ва динни тозалаш” баҳонасида геноцид ва инсониятга қарши жноят содир этомқда, дея таъкидлади.

Франция Президенти Франсуа Олланд “Исломий давлат” жангарилари бутун дунёга таҳдид солаётгани боис унга қарши глобал жавоб қайтариш эҳтиёжи бор, дея баён қилди.

- Бу террорчи ҳаракат Ироқ ва Сурия ҳудудларига тарқалди. Бу террорчи ҳаракат чегараларни писанд қилмасдан, ўз давлатини қуриш иддаоси билан чиқмоқда. Бу глобал таҳдиддир. Демак, унга жавоб ҳам глобал бўлиши керак,- деди Франция раҳбари.

Франция ҳарбий учқичлари аксилтеррор ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 сентябрьдан Ироқ узра разведка парвозларини амалга ошира бошлади.

Франция учқичлари Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари розилиги билан АБАнинг Ал-Дафра шаҳридаги ҳаво базасидан учирилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Париж анжуманидан аввал Яқин Шарқ давлатлари бўйлаб сафар қилди ва Форс Кўрфазидаги 10та давлатнинг жангари гуруҳга қарши халқаро курашда ҳисса қўшиш тўғрисидаги ваъдаларини олишга муваффақ бўлди.

Қўшма Штатлар август ойидан бери “Исломий давлат” истеҳкомларини ҳаводан ўққа тутиб, Ироқ ҳукуматига ёрдам кўрсатмоқда.

Британия ҳам Қибрисдаги ҳарбий базасидан самолёт учириб, Ироқ узра кузатув парвозларини амалга оширмоқда, лекин ҳозирча жангариларга қарши бевосита зарба беришдан тийилиб турибди.

Шу пайтгача фақат Франция Қўшма Штатлар амалга ошираётган ҳаво ҳужумларига қўшилишни таклиф қилган. Лекин французлар фақатгина Ироқ ҳудудидаги “Исломий давлат” гуруҳи позицияларини нишонга олишга розилик берган.

АҚШ Президенти Барак Обама 10 сентябрь куни қилган чиқишида Вашингтон Ироқдан ташқари Сурия ҳудудидаги “Исломий давлат” гуруҳи истеҳкомларини ҳам ҳаводан нишонга олишни режалаштираётганини билдирди.

14 сентябрь куни АҚШ Давлат департаменти расмийлари араб давлатларининг бир нечтаси Ироқ ва Суриядаги “Исломий давлат” гуруҳига қарши ҳаво ҳужумларини амалга оширишда ёрдам таклиф этганини билдирди.

Шунингдек, 14 сентябрь куни Австралия экстремист гуруҳига қарши халқаро кампанияда иштирок этиш учун 600 нафар аскар ва 10та ҳарбий учқич билан ҳисса қўшишни таклиф этди.

Париж конференцияси арафасида “Исломий давлат” гуруҳи Британия фуқароси Дэвид Ҳейнс бошини танасидан жуда этган тасвирланган видеони тарқатди.

Июнь ойидан бери Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни эгаллаб олган жангари гуруҳ ундан аввал икки америкалик журналист Жэймс Фоли ва Стивен Сотлоффнинг қатл этгани тасвирланган виедони эълон қилган эди.

“Исломий давлат” Британия Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлашни тўхтатмаса, яна бир британияликни қатл қилиш билан таҳдид қилмоқда.

Бу видеолар шу пайтгача халқаро ҳамжамиятнинг “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда ҳисса қўшиш ваъдаларини кучайтирди холос.

XS
SM
MD
LG