Линклар

logo-print

Украина ғарбида халқаро ҳарбий машқлар бошланди


Украинадаги ҳарбий машқларнинг очилиш маросимидан

Украинадаги ҳарбий машқларнинг очилиш маросимидан

15 сентябрь куни Украина ғарбидаги Львов вилояти Яворив шаҳрида 15 та давлатнинг қарийб 1300 қўшини иштирокида ҳарбий машқлар бошланди. Пентагон маълумотига кўра, ҳарбий машқларда АҚШнинг 200 нафар аскари ҳам қатнашмоқда. Айни пайтда Украина ҳарбийлари билан айирмачилар ўртасидаги оташкесимга қарамай, тўқнашувлар давом этмоқда.

26 сентябргача давом этадиган ҳарбий машқларда АҚШдан ташқари Германия, Буюк Британия ва Канада ҳарбийлари ҳам иштирок этаяпти.

Машқларда 140дан зиёд ҳарбий техника иштирок этади, лекин жанговар ўқлардан фойдаланилмайди.

Тадбирда иштирок этаётган Украина ҳарбийларининг командири полковник Александр Сивакнинг айтишича, июль ойида ўтказилиши режаланган ҳарбий машқлар мамлакат шарқидаги вазият боис сентябрь ойига ўтказилган.

Россия март ойида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ортидан бўҳрон бошланганидан бери АҚШ ҳарбийлари Украина ҳудудига илк бор қадам босмоқда.

Пентагон мазкур машқлар Қўшма Штатлар, Украина ҳамда уларда иштирок этаётган бошқа давлатлар ҳарбийлари ўртасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ҳаракат қилиш иқтидорини оширади, дея билдирди.

Айни пайтда россияпараст айирмачилар билан Украина ҳарбийлари ўртасида келишилган оташкесимга қарамай мамлакат шарқида отишмалар тўхтамаяпти.

Маълумотларга кўра, 14 сентябрь куни Донецкда олти одам ҳалок бўлган, яна 15 киши жароҳатланган. Бир қанча турар- жойлар бутунлай вайрон қилинган.

Бу ҳақда хабар қилган Донецк шаҳар кенгаши маълумотига кўра, айирмачилар билан Украина ҳарбийлари ўртасида эълон қилинган ўт очишни тўхтатиб туриш келишувидан буён 14 сентябрь энг қонли кун сифатида баҳоланмоқда.

Айни шу куни ЕХҲТнинг Украинадаги мониторинг гуруҳи икки марта ўққа тутилган, лекин гуруҳ аъзоларига шикаст етмаган. Бу ҳақда миссия раҳбари Александр Хаг маълум қилди.

- Бизни Кировский шаҳри шимолида ўққа тутишди. Биз машинада уч ярим соат юрдик. Биз машинамиз яқинига камида 40та портловчи модда келиб тушганини санадик. Машиналаримиздан бири жиддий шикастлангач, ҳаммамиз битта машинага тиқилиб олдик. Кейин Кировскийга қайтиб бошқа йўл орқали юрдик. Бир неча дақиқа аввал эсон-омон етиб келдик, деди ЕХҲТнинг Украинадаги миссияси раҳбари Александр Хаг.

Сўнгги маълумотларга кўра, Донецк аэропорти ҳудудидаги тўқнашув натижасида Украинанинг уч ҳарбийси ҳалок бўлган. Бу ҳақда хабар қилган Украина Ички ишлар вазирлиги вакилига кўра, тўқнашувлар Донецкнинг Карловка шаҳри ва Пески посеёлкаси ҳудудида ҳам давом этаяпти.

Украина Мудофаа вазири Валерий Гелетей маълумотига кўра, тўқнашувлар оқибатида 26 сентябрдан буён камида 100 ҳарбий ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG