Линклар

logo-print

Бадиий гимнастика бўйича олимпия чемпиони, “Единая Россия” партиясидан Давлат думасига депутат бўлиб сайланган Алина Кабаева “Миллий Медиа Гуруҳ” (Национальная Медиа Группа) холдинги директорлар кенгашига етакчилик қилишга рози бўлди. Бу ҳақда душанба куни холдинг матбуот хизмати хабар тарқатди.

Қайд этилишича, яқин орада директорлари кенгаши мажлиси ўтказилиб, унда зарур қарорлар қабул қилинади.

Кабаева сўнгги олти йил мобайнида “Миллий Медиа Гуруҳ” жамоатчилик кенгашини бошқариб келган.

“Миллий Медиа Гуруҳ” Россиядаги йирик хусусий медиа-холдинг бўлиб, унинг таркибига 5-канал ва Рен-ТВ каби телеканаллар киради. Холдинг Биринчи каналнинг 25 фоиз акцияларига эгалик қилади. Бундан ташқари, холдинг “Известия” газетаси, Life News телеканали, “Жизнь” ва “Твой день” газеталари, “Русская служба новостей” радиостанцияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига эгалик қилувчи News Media ширкатининг ҳам эгаларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Душанба куни Россия Давлат думасининг регламент бўйича қўмитаси палатага 15 сентябрдан бошлаб Алина Кабаеванинг депутатлик ваколатларини муддатидан аввал тўхтатиш ҳақидаги илтимосини қондиришни тавсия қилганди.

Тошкентда туғилиб ўсган Алина Кабаева атрофида кўплаб мишмишлар юради. Жумладан, унинг Россия президенти Владимир Путин билан ишқий алоқалари борлиги иддао қилинади. Путиннинг ўзи бу гапларни расман рад этган.

XS
SM
MD
LG