Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:59

Тожикистонлик миршаблар соқолтарошлик билан шуғулланмоқда


Тожикистонда соқоллиларга қарши ов бошланиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари уларнинг соқолини мажбуран олдиришгача бораяпти. “Соқоллилар ови”дан жабрланган тожикистонликлар тартиб посбонларининг бу хатти-ҳаракатларини инсон ҳуқуқлари бузилиши ўлароқ баҳоламоқдалар. Ўз навбатида, тожик расмийлари бу борада ҳеч кимга ҳеч қанақа топшириқ берилмаганини айтаяптилар.


Тожикистонлик Озод яқинда соқол қўйиш-қўймаслик бўйича шахсан ўзи қарор бера олмаслигини билиб олди. Хўжанд бозорида унга дуч келган маҳаллий миршаблар уни милиция бўлимига олиб бориб, мажбуран соқолини олдиришди. Ваҳоланки, у ўн йилдан бери соқол қўйиб юрар, доим уни парваришлар ва соқоли узунлигини 3 сантиметрдан оширмасди.

Озод ўз соқолига нисбатан расмийларнинг бунақа муносабатини тушуна олмаётганини айтади. Унга кўра, бозордаги мажбурий соқолтарошлик туфайли оиласи бузилиб кетишига сал қолган.

- Бозорда юрувдим, олдимга бир машина тўхтаб, ундан милиция кийимидаги бир неча киши тушиб, “бугун тунда қанақадир соқолли киши одам ўлдириб кетди, сен биз билан боришинг керак”, дейишди. Мен: “бўпти” деб, улар билан бўлимга бордим. У ерда бармоқ изларимдан нусха олишди, суратга туширишди. Кейин бир неча киши мени бошқа хонага олиб чиқишди. У ерда соқол олиш учун барча асбоблар тайёрлаб қўйилган экан. Улар қўлларимдан маҳкам ушлаб олишди. Мен улардан бундай қилмасликни илтимос қилдим, аммо улар: “Кўп гапирма” деб, соқолимни ола бошлашди. Уйга қайтганимда хотиним “имижим ўзгаргани”ни бошқача тушунди ва биз бир неча кунгача гаплашмай юрдик, - дейди Озод.

Яна соқол ўстиришни режалаётган Озод ўзини соқолсиз тасаввур қилолмаслигини айтади.

- Мен кўп йиллардан бери соқол қўйиб юраман. Бир марта соқолимни қириб ташлагандим, ҳамма менга: “Соқолсизлик сенга ярашмабди”, дейишди. Бундан ташқари, соқол қўйиш мусулмонлар учун суннат бўлиб ҳисобланади, - дейди Озод.

Маҳаллий расмийлар шубҳаси туфайли соқолидан ажралган Озод ва унга ўхшаганлар Россияда ишлаган пайтларида узоқ йиллар соқол қўйиб юрганларини, бироқ у ерда уларнинг соқоли билан ҳеч кимнинг иши бўлмаганини айтмоқдалар.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, бу сафар икки ой давом этган “соқолтарошлик амалиёти” асосан пойтахт Душанбенинг “Корвон”, “Султони Кабир” каби йирик бозорларида ўтказилган. Соқолли одамларни асосан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тутиб ёки уларни тегишли идораларга чақиртириб, ўша ерда уларни соқолдан мосуво қилганлар.

Озодлик радиоси тожик хизматининг манбаларига кўра, ШҲТнинг Душанбедаги саммити арафасида ўтказилган ва эл орасида “Маъракаи риштарошон” деб ном олган тадбирлар натижасида 200 чоғли соқолли киши ушланган ва улардан ўнлаганининг соқоли олинган.

- Улар соқол қўйган ёш йигитларни ўзлари билан олиб кетади ёки идорага бориш ҳақида қўлига повестка тутқазади. Бир савдогар дўстимни Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасига чақиришиб, соқолини қисқартиришга мажбур қилишибди. У: “Соқолимга тегманг, суннатга хилоф иш қилмайлик” деса, “ёшинг 40 дан ўтганидан кейин бемалол ўстириб юраверасан соқолингни” дейишибди, - дейди Душанбенинг “Корвон” бозорида савдо қилувчи исмини айтишни истамаган тадбиркор.

Тожикистонда бу каби воқеалар аввал ҳам кузатилган. Озодлик суҳбатдошларига кўра, бундай тадбирлар мамлакатда муҳим тадбирлар ўтказилаётган пайтларда айниқса авж олади. Бу сафар милиция ходимларининг фаоллашиб қолишига ШҲТ саммити баҳона бўлган.

Абдулло исмли бошқа бир суҳбатдош соқол билан истаган жойига муаммосиз бора олиш учун унга барча ҳужжатларидаги суратларни соқолли ҳолда тушилган суратга алмаштиришни тавсия қилганларини айтади.

- Албатта биз пайғамбаримиз суннатига амал қилишни хоҳлаймиз, аммо жамият шунақа бўлганидан кейин нима ҳам қилиб бўлади. Аммо ҳужжатингиздаги суратга соқол билан тушган бўлсангиз, ҳеч қанақа муаммо бўлмаслигини айтишяпти. Ҳамма ҳужжатларим тайёр бўлганидан кейин соқолимни қўйиб юбораман, - дейди Абдулло.

Ижтимоий тармоқларда Душанбе, Хўжанд, Истаравшан ва Панжакентда ўнлаб одам милиция кийимидаги “соқолтарошлар”дан жабрланганидан шикоят қилмоқда.

Мухолифатдаги Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Панжакент бўлими раҳбари Сино Ҳасанзода ҳатто Фейсбукда сартарошхона олдидаги турнақатор навбат акс этмиш видеони ҳам қўйди. Унда соқол олдириш учун навбатда турган одамлар соқолини қириб ташлашга уларни милиция ходимлари мажбурлаётганини эътироф этганлар. Бироқ соқол қириш тадбирини танқид қилганларга жавобан Панжакент милицияси раҳбари Раҳмонқул Давлатов “Озодагон” ахборот агентлигига бу соқолли одамларнинг хотинлари ниҳоят эрининг юзини кўришга муваффақ бўлганлари учун расмийларга ташаккур билдираётганини айтган.

Ўз навбатида, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Жалолиддин Садриддинов мажбуран соқол олдириш юзасидан уларга ҳеч ким шикоят аризаси билан мурожаат қилмаганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG