Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ҳар йили пахта мавсумида ишчи- хизматчилар мажбурий тарзда далага ҳайдалади. Пахтага чиқишдан бош тортган талаба ўқишдан четлатилиши, ишчи эса ишидан айрилиши ҳолатлари кузатилади. Хўш, пахтага чиқишни истамаган шахсга нисбатан жазо кўрилиши қанчалик тўғри? OzodJavobнинг навбатдаги сонида шу саволга жавоб излаймиз.

Пахта мавсуми бошланиши билан муштарийлардан келаётган пахта билан боғлиқ мурожаатларнинг кети узилмаяпти.

Жумладан, ўтган ҳафта Озодликка мурожаат қилган Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра, пахтага чиқмаган ўқитувчиларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда:

- Агар бизнинг мактабда 40 та ўқитувчи бўладиган бўлса, шунинг 70 фоизи пахтага ҳайдалган. Мутахассислиги бошқа фан бўлган ўқитувчилар адабиётдан ҳам дарс бераяпти, математикадан ҳам. Дам олиш кунлари эса ҳамма пахтага чиқишга мажбур. Эътироз билдирганларга "Аризангни ёз!" дейишаяпти, деди шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган ўқитувчи.

Хоразмдиги олийгоҳлардан бирининг талабаси эса пахтага бормаганлар ўқишдан ҳайдаш билан қўрқитилгани ҳақида гапиради:

- Бир ойга дейишяпти. Ҳамма босқич талабаларини олиб кетишяпти. Ўқиш бўлмайди. Ҳаммадан ўз ихтиёри билан пахтага бораётгани ҳақида тилхатлар ҳам олишди. Ёзишга қаршилик қилганлар ўқишдан ҳайдалишлари ҳақида огоҳлантирилди, - деди хоразмлик талаба.

Пахта кампаниясига "старт" берилиши билан нафақат Хоразмда балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида айни вазият кузатилмаяпти.

Озодликка 17 сентябрь куни етиб келган хабарга кўра, Тошкент вилоятида пенсионерларга пенсия пулини бермаслик билан таҳдид қилиниб, улар далага ҳайдалган.

Самарқанддан олинган хабарда эса ёш болали оналар нафақа пулини қирқиш билан қўрқитилиб, пахта теримига жалб қилинган.

Ўтган йилги пахта мавсумида ҳам пахтага боришни истамаганларга таҳдид қилиниб, ҳатто пахтага чиқамаган талабаларни турли баҳоналар билан ўқишдан четлатиш, ишчиларни эса ишдан бўшатиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Хўш, пахта теримига чиқишни истамаган фуқаро далага бормасликка ҳаққи борми? Агар бормаса, унга жазо тайинланиши қонунийми? Ушбу саволларга жавоб излаб, қуйидаги маълумотларни аниқладик:

Меҳнат кодексининг 7-моддасида бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади. Акс ҳолда бу МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ сифатида малакаланади.

Шу ўринда пахта теримига мажбуран чиқиш МАЖБУРИЙ МЕҲНАТга кирадими, деган савол туғилади.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшуносларга кўра, Меҳнат кодексига таянилса, ўз ихтиёрига қарши равишда "жазо қўллаш таҳдиди" билан пахта даласига чиқариш, бу мажбурий меҳнат ҳисобланади. Юқорида тилга олинган ўқишдан ҳайдаш ёки ишдан четлатиш, нафақа пулини қирқиш каби таҳдидлар билан кишини пахта теримига жалб қилиш қонунда "жазо қўллаш таҳдид"и ҳисобланади.

Мажбурий тарзда далага ҳайдашнинг қанчалик қонунга тўғри келишини ўрганган Ташаббус ҳуқуқий сайтининг юристлари Ўзбекистон қонунчилигида пахта теримига чиқмаганлик учун маъмурий ёки жиноий жазо белгилайдиган бирор ҳуқуқий ҳужжатнинг йўқлигини аниқлашган.

Бундан маълум бўладики, пахтага бормасликнинг жазоланиши қонунга мутлақо зид ҳисобланади.

Ташаббус юристлари пахта теримига мажбурланган ёки чиқмагани учун жазо қўлланган ҳолатлар учун бир қанча ҳуқуқий маслаҳат беришади:

- Пахта теримига чиқишга ўз ихтиёрига қарши мажбур қилинган киши мансабдор шахсдан қандай қонун ҳужжатларига асосланиб иш тутаётгани ҳақида сўраши керак;

- Туман, шаҳар прокуратурасига пахтага чиқишга мажбур қилишаётгани ҳақида шикоят қилиш керак. Шикоятда сизни қонуний асоссиз меҳнат қилишга мажбурлаш амалдаги қонунчиликка қарши эканлигини баён этишингиз керак. Бунда сизни пахтага чиқишга ким мажбур қилаётганини, агар чиқишдан бош тортсангиз, нима билан таҳдид солаётгани, қайси куни таҳдид қилгани, қандай таҳдид қилгани, агар гувоҳлар бўлса, кимлар гувоҳ бўлганини ёзиб, сизни мажбурий меҳнатга мажбур қилаётганларга қарши қонуний чора кўришларини сўрашингиз керак;

- Агар прокуратурага қилган шикоятингиз натижа бермаса, шикоят аризасини судга топшириш керак бўлади;

- Агар ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни қонун доирасида самарали ҳимоя қила олишингизга кўзингиз етмаса, албатта, малакали адвокат ёллашингиз керак;

***

Шу ўринда пахтага чиқмагани учун жазоланган фуқароларнинг ўз ҳуқуқи учун курашиб ғолиб чиққанига бир неча мисол келтирсак:

Ўтган йили Андижон Давлат тиббиёт институтининг пахтага чиқмагани учун ҳайдалган 12 нафар талабаси ҳуқуқи учун курашиб ўқишга қайта тикланди, бунга сабаб бўлган мансабдорларга ҳайфсан берилди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “Ҳуқуқ” газетасида берилган хабарда Андижон тиббиёт институти ректори буйруғи билан талабалар сафидан четлатилган А.Исаков, Д.Мирзаев, А.Ҳакимов, А.Ҳошимов, Ғ.Ҳайдаров, И.Ледяева, Д.Баротов, З.Султонов, Л.Исаев, У.Қўчқоров, Ж.Камолов ва Б.Исомиддиновлар ўқишга тиклангани маълум қилинди.

Бухородаги Гуманитар ҳуқуқий марказ раҳбари Шуҳрат Ғаниев пахтага мажбуран боришдан бўйин товлаган кишиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уч марта маҳкамада ғолиб чиққан.

Шуҳрат Ғаниев сўнгги ўн йил ичида пахта боис жазоланган битта мактаб ўқитувчиси, битта коллеж ва битта институт талабаси учун курашиб, уларнинг ноўрин жазоланганини исботлашга муваффақ бўлган.

******

Азиз муштарий, сиз ўзингиз бирор марта пахтага чиқишдан бош тортганмисиз? Бунинг учун сизни жазолашганми? Қандай жазо берилган?

Пахтага бормагани учун жазо берилган бирор кишини биласизми?

Ёки пахтага чиқмагани учун жазо берилган киши ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ғолиб чиққанини эшитганмисиз?

Ушбу саволларга жавобларингиз бўлса ёки ўз тажрибангизда синалган бошқа ҳолатлар бўлса, марҳамат ўз фикр-мулоҳазаларингизни шу ерда шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG