Линклар

logo-print

Косовода ёшларни жангариликка ёллашда гумонланган имомлар ушланди


Косовалик радикал уламо Фуад Рамиқийни қўлга олиш учун унинг Приштина шаҳридаги уйига борган полиция ходимлари, 2014 йил 17 сентябрь.

Косовалик радикал уламо Фуад Рамиқийни қўлга олиш учун унинг Приштина шаҳридаги уйига борган полиция ходимлари, 2014 йил 17 сентябрь.

Косовода Ал-Қоиданинг Суриядаги бўлими “Ал-Нусра Фронти” ҳамда “Исломий Давлат” радикал гуруҳига одам ёллаш билан шуғулланганликда гумонланган 15 нафар нуфузли имом қўлга олинди. Улар орасида пойтахт Приштинадаги энг катта масжиднинг имоми ҳам бор. Исломий гуруҳлар уламоларнинг ҳибсга олиниши “сиёсий асосга эга экани”ни таъкидламоқда.

Косово расмийлари Озодликка 17 сентябрь куни ҳибсга олинганлар орасида пойтахт Приштинадаги энг катта масжиднинг имом хатиби Шавқат Красниқи, шунингдек, мамлакат ғарбидаги Печ шаҳри масжиди имоми Энес Гога, мамлакат шимолидаги Митровица шаҳри масжиди имоми Энис Рама ҳам борлигини айтди.

Рама Косово телевидениесида “Тинчлик ТВ” дастурининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган ва ашаддий исломий қарашдаги Интернет сайтини юритган.

АҚШ Давлат департаментига кўра, мазкур сайтда бир қанча антисемит баёнотлар тарқатилган.

Косово расмийлари ҳибсга олган диндорлар орасида сиёсий партияга айлантирилган, Бирлик Исломий Ҳаракати раҳбари Фуад Рамиқий ҳам бор.

Уларга нисбатан эктремизм, диний тоқатсизлик ва ирқий адоватни тарғиб қилиш орқали Косоводаги “конституциявий тузум ва хавфсизликка таҳдид солганлик” каби айбловлар илгари сурилмоқда.

Косово расмийлари Озодликка уламоларни ҳибсга олишдан мақсад ёшларни Сурия ва Ироқдаги жанггарилар сафига ёлланишдан сақлаб қолишдан иборат эканини таъкидлади.

Ўтказилган амалиётлар давомида “Исломий Давлат” жанггарилари ва “Ал-Қоида”ни молиялаштиришда ёрдам кўрсатганликда гумонланган шахслар ҳам ушлангани айтилмоқда.

АҚШнинг Косоводаги элчиси Трейси Энн Жейкобсон Твиттер орқали тарқатган баёнотида Косово ҳукуматининг “хорижий жангари ва экстремистларга қарши ёндошуви”ни олқишлаган.

Рамиқийнинг партияси 17 сентябрь куни чиқарган баёнотда уламоларнинг қўлга олинишини “сиёсий асосга эга” дея атади.

Мазкур гуруҳ норозилик акциялари уюштирилиши ва ҳибсга олинган уламоларни озод қилиш учун қонуний чоралар кўрилишини таъкидлади.

17 сентябрь куни Косово полицияси эълон қилган баёнотда аҳолини Сурия ва Ироқдаги урушга ёшларни ёллаш билан шуғулланувчи эктремист гуруҳлардан огоҳ бўлишга чақирилган.

Август ойида Косовода ёшларни экстремист гуруҳларга ёллаш билан шуғулланганликда гумон қилинган 40 шахс қўлга олинган эди.

11 август куни Косово бўйлаб 60та жойда ўтказилган рейдлар давомида қуроллар, ўқ-дори ва портловчи моддалар қўлга туширилган.

Расмийлар тахминича, Сурия ва Ироқдаги экстремист жанггарилар сафига 100тадан 200 нафаргача косоволик албанлар қўшилган.

Полиция маълумотига кўра, Ироқ ва Суриядаги жангларда камида 16 нафар косоволик албан “Ал-Нусра Фронти” ҳамда “Исломий Давлат” радикал гуруҳи жанггарилари сафида ўлган.

Косовода яшайдиган 1 миллион 850 минг аҳолининг 95 фоизини мусулмон албанлар ташкил этади. Аҳолининг 70 фоиздан кўпини 35 ёшга тўлмаганлар ташкил қилади.

Таҳлилчилар фикрича, Косово ёшлари орасида ишсизлар сони расман 30 фоиздан ортиқ бўлгани камбағал ёшларни хориждаги жанггари гуруҳлар сафига ёллаш учун қулай имконият яратади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG