Линклар

Бугун Украина президенти Петро Порошенко АҚШ президенти Барак Обама билан Вашингтонда учрашади.

Украина президентининг Вашингтонгга сафари Киев Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик шартномасини имзолаб, Олий Рада мамлакат шарқидаги россияпараст исёнчилар эгаллаб турган ҳудудларга ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилган куннинг эртасига, яъни 17 сентябрда бошланди.

Олий Рада қабул қилган қонунга асосан Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим туманларига уч йиллик муддатга ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқи берилган.

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва россияпарастлар ўртасида борган жангларда шу кунгача уч мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Вашингтонга келишдан олдин 17 сентябрь куни Порошенко Канада Бош вазири Стивен Харпер билан учрашди ва Канада парламентида чиқиш қилди.

Порошенко Канада парламентида сўзлаган нутқида канадаликларга Украинани оғир кунларда қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирди.

Стивен Харпер Порошенко билан учрашуви пайтида Канада Россия томонидан Украина ҳудудининг босиб олинишини қонуний деб тан олмаслигини таъкидлади.

Канадада келиб чиқиши украиналик бўлган фуқаролар сони 1 миллион 200 минг кишини ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG