Линклар

Шотландияликлар мустақиллик референдумида овоз бермоқда


Шотландияда Британия Бирлашган қироллиги таркибида қолиш ёки мустақиллик олиш юзасидан референдумда овоз бериш бошланди.

Референдумда шотландлар “Шотландия мустақил давлат бўлиши керакми?” деган саволга “Ҳа” ёки “Йўқ” жавоб бериши керак.

Референдумда 4 миллиондан ортиқ одам қатнашиши кутиляпти. Бу 16 ёшдан катта бўлган шотландияликларнинг 97 фоизи деганидир.

Шотландияда 2608 сайлов участкаси 18 сентябрь куни эрталаб 7дан кечқурунги 10гача очиқ бўлади.

Бирлашган Қироллик таркибидаги Шотландиянинг кейинги тақдирини белгиловчи референдум натижалари жума куни эрталаб эълон қилинади.

Референдум олдидан ўтказилган сўнгги сўров шотландларнинг 52 фоизи Шотландияни Британия қироллиги таркибида сақлаб қолиш, 48 фоизи эса мустақиллик тарафдори эканини кўрсатган.

Эдинбурглик Дэвид Грант Шотландиянинг Бирлашган Қироллик таркибида қолиши тарафдори эканини айтади.

- Мен инглизман, 14 ёшимдан Шотландияда яшайман. Англияда оилам бор, Шотландияда оилам бор, мен улар орасида чегара тортилиб, ажрашишларини хоҳламайман. Қолаверса, бу Шотландия манфаатларига ҳам зиддир, - дейди Грант.

Эдинбурглик Силвия МакКи мустақиллик тарафдори.

- Бу шотландияликларга, яъни бизга мустақил бўлиш учун юз йилликлар ичида берилаётган ноёб имкониятдир. Мен Шотландия мустақил бўлиши, шотландияликлар ўз тақдирини ўзлари белгилаши, ўз муаммоларини ўзлари ҳам қилиши тарафдориман, - дейди Силвия.

Шотландиянинг Биринчи министри ва Шотландия миллий айримачилик партияси раиси Алекс Салмонд ҳам референдумни “шотландлар ўз келажагини қўлга киритиши учун берилган ҳаётдаги ягона имконият” қаторида баҳолади.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон эса Шотландия 307 йиллик иттифоқдан воз кечса, қайта Британия таркибига кира олмаслигидан огоҳлантирди.

Агар референдумда айирмачилар ғолиб чиқса Шотландия 2016 йил 24 март куни суверен давлат деб эълон қилинади.

Бу Шотландиянинг нафақат Бирлашган Қироллик, балки Европа Иттифоқи сархадларидан четда қолишини англатади.

Мустақилликка қаршилар эса суверен Шотландия иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муаммолар гирдобига тушиб қолишидан хавфсирашмоқда.

XS
SM
MD
LG