Линклар

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Исфара туманида истиқомат қилувчи аёл уч нафар боласи билан Сурияда жанг қилаётган эрининг олдига кетаётганда Қирғизистон билан чегарада ушланиб, уйига қайтарилди. Аёлнинг айтишича, у эрининг чақириғига биноан йўлга отланган.

Сўғд вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Исфара тумани милиция ходимлари Қирғизистоннинг Боткент вилоятига ўтадиган чегара пунктида, Сурияда жанг қилаётган эри Абдуфаттоҳ Фаттоевнинг олдига уч нафар боласи билан кетаётган Насиба Фаттоевани тўхтатиб қолган.

Исфара туманининг Чорқишлоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Насиба Фаттоева тўртинчи фарзандига ҳомиладор бўлган.

Шаҳрак қишлоқ жамоати вакили айни пайтда Насиба Фаттоева болалари билан яшаб турган уйига қайтарилганини Озодлик мухбирига билдирди.

Суҳбатдошнинг айтишича, хотини ушлаб қолинганини эшитган Абдуфаттоҳ Фаттоев телефон орқали Исфара тумани ҳокимиятига боғланиб, ўзининг ҳеч қачон ортга қайтмаслигини таъкидлаган ва оиласини унинг олдига қўйиб юборишларини талаб қилган.

Чорқишлоқ қишлоғининг имом-хатиби Садриддин Содиқовнинг айтишича, Абдуфаттоҳ Фаттоев оддий қишлоқ йигити бўлиб, унинг диний маълумоти йўқ:

“Унинг яхшигина касби ва иши бор эди. Кейин Россияга ишлагани кетди. Ҳар йили уйига келиб оиласи ва қариндошларини кўриб кетарди. У сўнгги бор қишлоққа икки йил бурун келган эди. Уни бошқа кўрмадик ва кейинчалик Сурияга урушга кетганини эшитдик”, дейди имом-хатиб.

Шаҳрак қишлоқ жамоатининг диний ишлар бўйича хизмати раҳбари Мубашшира Мирзохўжаева, Озодлик билан суҳбатда, Насиба Фаттоеванинг Сурия сафаридан қайтарилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳозир Сурияда чорқишлоқлик 20 нафар йигит бор ва уларнинг уч нафари бола-чақаси билан кетган.

Мирзахўжаеванинг айтишича, расмийлар Суриядаги тожик йигитларининг ота-оналари ва хотинлари билан мунтазам алоқададир:

“Биз ёшларимизнинг Сурияга ва бошқа мамлакатларга жангга кетиб қолмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз. Лекин Россия улар учун “перевалочний” пункт бўлиб қолмоқда”, дейди Мубашшира Мирзохўжаева.

Айни пайтда Сурияда юзлаб тожикистонликлар жанг қилаётгани айтилади. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг апрель ойида исфаралик Масрур Иброҳимовнинг Суриядаги жангларда ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Июнь ойида эса Истаравшан туманидан бўлган Абдураҳмон исмли йигитнинг ҳалок бўлгани хабар қилинди. Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси Сурияга жангга кетган уч нафар йигитнинг қайтарилганини билдирган.

Сурияда тожикистонликлардан ташқари уч ярим минг ўзбекистонликлар ҳам жанг қилаётгани иддао қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG