Линклар

logo-print

Жиззахнинг Ғаллаорол тумани Сўғимбой қишлоғи аҳолисининг OzodMikrofonга айтишича, одамлар пахтага чиқмагани учун қишлоққа тўрт кундан буён чироқ берилмаяпти.

Қишлоқ аҳли номидан Озодликка гапирган йигитга кўра, маҳаллий мутасаддилар Сўғимбой қишлоғидан бир кунда 100 киши пахтага чиқишини таъкидлаган ва одамлар пахтага бормагани учун 15 сентябрдан бошлаб электр бериш тўхтатилган:

- Бизларда бир ҳафтадан бери свет йўқда. Газ ҳам, свет ҳам йўқ. Сабабики, бизларда аҳолининг 100-200 атрофидаги одам чиқиши керак деган пахта теримига мажбурий. Халқни электр энергияси ва газдан танқис қилиш орқали халқни пахтага чиқаришмоқчи. Ҳар бир оила чиқармаса столбасидан узамиз дейишиб, қўшни қишлоқда 25та уйникини узишди. Электр энергиядан маҳрум қилишаркан агар чиқмаса қишлоқ аҳли. Мен электросетга қўнғироқ қилдим. Туман ҳокимининг буйруғи дейишди. Бизнинг қишлоқда 400дан ортиқ хўжалик яшайди. Душанбадан бери ўчирилган свет. Йўқ умуман. Беш километр нариëқдаги қишлоқда свет бор, бизнинг қишлоқда йўқ. Нодир ака деган қишлоғимиз электр тармоғи бошлиғи ҳам айтди, кейин у ëқда электросет ўринбосари ҳам айтишди. Ҳоким муовини буйруғига асосланиб, бизлар ўчираяпмиз, бизлар ëқа олмаймиз уларнинг буйруғисиз дейишди. Аҳолини пахтага жалб қила олмагани учун маҳалла оқсоқоллари. Чиқ дейилган. Бир марта айтилган. Лекин ҳеч ким хоҳламади чиқишни. Тазйиқ ўтказишдан кўра электрдан маҳрум қилган маъқулроқ деган йўсинда шунақа қилиб улар светни ўчириб қўйишди. 100та одам чиқмаса иложи йўқ. Ëқмаймиз дейишди телефон қилиб билсам ҳокимиятга,- деди сўғимбойлик йигит.

Ғаллаорол тумани электр тармоқлари идорасининг Сўғимбой қишлоғи бўйича масъули Нодир ака қишлоққа электр берилмаётганини қишга тайёргарлик ишлари билан боғлаб, бунинг пахта сиёсатига алоқаси йўқлигини айтди:

- Ундай эмас. Қарздорлик бўйича ўчирувди. Бугун берилади.

Озодлик: Пахтага чиқмагани учун ўчирилган эдими бу?

- Йўқ. Қарзлар бўйича, ҳам қишки мавсумга тайëргарлик бўйича. Пахтага алоқаси йўқ. Одамлар жуда ваҳима қилиб юборди. Оқсоқол билан ҳам гаплашдим. Ҳозир йигитлар келсин. Депони ўчиртирамизда, улаб берамиз. Трансформатори ремонтга борувди, ремонтдан ҳам соз бўлиб келди. Улаб берамиз.

Озодлик: Демак, бугун Сўғимбой қишлоғида чироқ бўлади.

- Худо хоҳласа бўлади!

******************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ҳам ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!


OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG