Линклар

Трансвестит “Дилшод” Тошкентда калтакланди


Dilshod deb tanilgan yigit transvestit bo‘lgani uchun kaltaklandi.

Dilshod deb tanilgan yigit transvestit bo‘lgani uchun kaltaklandi.

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан “Дилшод” исми билан танилган 20 яшар трансвестит-гей 17 сентябр куни кўчада калтаклаб кетилди. Бу ҳодиса тасвирга туширилган видео ва фотосуратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Роликлари ижтимоий тармоқларда таниқли қўшиқчилардан ҳам кўпроқ томоша қилинадиган ва аëллар кийимини кийиб кўчада юришни ўз ҳаëт тарзи деб биладиган “Дилшод”нинг калтаклангани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. (Озодликка бу йигитнинг асл исми "Дилшод" эмаслиги маълум.)

Видеода акс этган воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка мактуб воситасида маълум қилишича, аëл кийимини кийиб юрган “Дилшод” Чилонзор туманида калтакланган:

“17 сентябрь куни соат кечки 8ларда Чилонозор тумани¸ Шухрат чоррахасидаги номаълум йигитлар аëл кийимини кийиб нозланиб юрган “Дилшод”ни калтаклашди. У кийиб олган қиз болача кийимларни ечиб ташлашди. Калтаклаган йигитлар воқеа жойидан ғойиб бўлишди.”

Тошкент шаҳар ички ишлар идораларидаги Озодлик манбаси воқеа чоршанба куни соат 20 дан 8 дақиқа ўтганда безорилик шикояти билан чақирув бўлганини билдирди.

- Чақирув жойида безорилар ҳужумига дуч келган йигит қутқарилди. Аммо бу йигит шикоят аризаси ëзмагани боис ҳеч қандай иш қўзғатилмади¸- дейди ички ишлар ходими.

Озодлик манбасига кўра¸ оғзи бурни қон бўлган “Дилшод”ни одамлар ўраб олиб телефонларига расмга туширишган.

Ана шундай видеолардан бир нечтаси Озодликка етказилди.

“Дилшод” акс этган дея ишониладиган видеолардан бирида аëл киши кийимидаги йигитнинг оғзи-бурни қон бўлиб тургани акс этган. Тасвирда кўринмаган тажовузкорлар дағдағаси ҳам эшитилиб туради. Тасвирдаги йигитни калтаклаëтганлардан бири сўкиш аралаш¸ "Амир Саидга салом демасанг, абжағингни чиқазамиз" деб тахдид қилади.

Тажовузкорлардан яна бири эса “Кўкрагинг ўзингникими дея” йигитдан сўрайди. Видеода эшитилган аëл овози эса “Яна битта тепинг буни” дея илтимос қилади.

Озодлик тасарруфидаги бошқа видеоларда аëл киши бўлиб кийинган “Дилшод” билан ади-бади айтишиб тургани акс этган.

Озодликка келган маълумотларда айтилишича¸ “Дилшод” калтакланганидан 25 минут вақт ўтгач¸ милиция машиналари етиб келган.

“Иккита болани тутиб келиб машинага ўтказиб олиб кетишди. Агар мен янглишмасам калтакланган “Дилшод”ни ҳимоя қилиш учун 12 та милиция машинаси келди. 45 нафар милиция ходими овора бўлиб етиб келди. Томошабинларни саноғи йўқ”, дейилади Озодликка келган маълумотда.

Ички ишлар ходими воқеа жойига фақат битта патруль машинаси юборилганини билдирди.

Жинсий озчиликлар икки тарафлама босим остида

Ижтимоий тармоқлардаги видеолар туфайли Тошкентда танилган трансвестит “Дилшод”нинг айни вақтда гей ва фоҳишалик қилишига доир иддаолар бор, дейди Озодликнинг Ўзбекистон шоу дунëсидаги манбаларидан бири.

- У тўйларда рақс тушади. Яна битта ўзбек шу йўл билан бойиб кетди. Ҳозир Дубайга қатнайди. Тошкент гламур доираларда роса гап кўп. Ўзбек гламур доираларида гомосексуалистлар анча кўп¸- деб таъкидлайди исми сир қолишини истаган суҳбатдош.

Айни пайтда, ўзбек жамиятида жинсий озчиликни ташкил этувчи шахслар муттасил равишда ижтимоий қаршиликка дуч келадилар.

Ўзбекистон бесоқолбозлик жиноят ҳисобланадиган 70дан ортиқ мамлакатнинг биридир.

Ўзбекистон жиноят кодексининг 120-моддасига кўра бесоқолбозлик билан шуғулланганлар 3 йилгача озодликдан махрум қилиниши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG