Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:11

Россия-Украина можароси Ўзбекистон иқтисодига ҳам зарба беради


Европа қайта қуриш ва тараққиëт банки эълон қилган янги ҳисоботда постсовет ҳудудидаги икки энг йирик давлат ўртасидаги сиëсий таназзул оқибатларини бу ҳудуддаги ҳар бир давлат ўзида ҳис қилиши айтилади. Таҳлилчиларга кўра¸ бу можаро ортидан Россия иқтисодининг чўкиши¸ Россиядаги меҳнат муҳожирлари юбораëтган пулга қарам давлатларда биринчилардан бўлиб сезилади.

Европа қайта қуриш ва тараққиëт банкига аъзо давлатлар иқтисодидаги ўсиш¸ Россия-Украина инқирози таъсирида 2014 йилда кескин пастлайди ва бу шўнғиш 2015 йил давомида сал мувозанатга келиши мумкин.

Банк эълон қилган янги ҳисобот хулосаси шу мазмунда.

Маркази Лондонда жойлашган мазкур банк таҳлилчиларига кўра¸ Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг сўнгги кўринмаëтгани¸ Украинадаги хавфсизлик вазиятининг ўта қалтис бўлиб қолаëтгани постсовет ҳудудидаги давлатлар иқтисодий ўсишига оид башоратларни ҳам мавҳумлаштирди.

Бу башоратларни чиппакка чиқараëтган бирламчи омил¸ банк таҳлилчиларига кўра¸ “янги бош кўтарган геополитик таҳликаларга жавобан ҳарбий харажатларнинг муттасил ошиб бориши¸ совет иттифоқи тарқаганидан олинган тинчлик дивидентини чиппакка чиқариши мумкин”¸ дейилади Европа қайта қуриш ва тараққиëт банки ҳисоботида.

Ҳарбий харажатларнинг оширилиши эса¸ бюджетга юк бўлиб тушади ва иқтисодий тикланиш ва ислоҳотлар йўлига тўғаноқ бўлади¸ деган фикрда халқаро иқтисодчилар.

“Тинчлик дивидентининг орадан кўтарилиши яхшироқ ҳаëт орзусида яшаëтган авлод учун яна бир оғир зарбадир”¸ дейди банк бош иқтисодчиси Erik Berglof.

Постсовет ҳудудидаги ўз оиласи ва болаларига яхшироқ ҳаëт тақдим этиш учун меҳнат муҳожиратига кетган ва кетаëтган авлод учун яна бир зарба¸ иш топиш мушкулотининг кучайишидир.

Бир томондан¸ Ғарб санкциялари¸ иккинчи тарафдан¸ бу санкцияларга нисбатан қўллаган ўз чоралари таъсирида¸ таҳлилчилар фикрича¸ Россия иқтисоди жиддий турғунликка киради.

Россия ширкатларининг Ғарб банклари ва халқаро сармоя бозоридан четлатилиши ички капиталнинг чиқиб кетишини яна ҳам тезлатади.

Оқибатда¸ Россиядаги ишлаб чиқариш ва қурилиш кўлами қисқаради¸ иш ўринлари ëпилади. Бунинг оқибатини¸ айниқса¸ иқтисоди Россиядаги меҳнат муҳожирлари юбораëтган пулга қарам давлатлар жиддий ҳис қиладилар¸ дейилади ҳисоботда.

Мустақил иқтисодчи Саодат Нишонова¸ Ғарб санкцияларидан сўнг Россияда юзага келган иқтисодий воқелик ўзбекистонлик миллионлаб меҳнат муҳожири учун иш имконларини кескин қисқартиришини айтади:

- Санкциялар муносабати билан Россия иқтисоди фаоллиги сусаяди¸ рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиши кучаяди. Бу икки кучли омил¸ Россиядаги ишлаб чиқариш ва хизматлар секторини кескин қисқартириб юборади¸ меҳнат бозоридаги кучлар нисбати ўзгариб¸ россиялик иш берувчи энди асосан ўз маҳаллий фуқаросига иш беришга ўта бошлайди. Ўзбекистонлик ишчи кучига талаб ҳам кескин камаяди ва бизникилар Россияда қолиш ўзини оқламагани боис¸ ватанга қайтиш ëки бошқа меҳнат бозори топишга мажбур бўлади¸ дейди мустақил иқтисодчи.

XS
SM
MD
LG