Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:35

Самарқандда терговчилар пора билан қўлга тушди


Сиёсий партиялар имзо йиғишни бошлади. Наманганда мансабдорлар ер ажратиш эвазига 90 миллион сўм пора олган. Хонанда Муниса Ризаеванинг маъмури қочиб кетгани пиар акция бўлиши мумкин. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Сиёсий партиялар имзо йиғишни бошлади”

Ўзбекистондаги тўрт сиёсий партия жорий йил 21 декабрда ўтадиган парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловда қатнашиш учун сайловчиларнинг имзосини йиғишга киришди (“Ўзбекистон овози”, 18 сентябрь).

Сиёсий партия сайловда ўз номзодлари билан қатнашиш учун сайловчиларнинг камида 40 мингта овозини тўплаши керак. Партиялар жорий йил 12 октябргача имзо йиғиб Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши лозим. “Сайловчилар имзоси сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси ушбу сиёсий партиянинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этади” дейди Марказий сайлов комиссияси котиби Комилжон Одилов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 сентябрдан парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайлов кампаниясига старт берилди.

“Наманганда мансабдорлар ер учун 90 миллион сўмдан ошиқ пора олган”

Наманган вилояти Косонсой туманида ноқонуний ер олди-сотдиси билан шуғулланиб келган мансабдорлардан иборат жиноий гуруҳ фош этилди (“Диёнат”, 18 сентябрь).

Жиноий гуруҳга Косонсой тумани ҳокимлиги архитектура ва қурилиш бўлими ҳамда туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими раҳбарлари бошчилик қилган. Исми ошкор этилмаган мансабдорлар 6-7 йил давомида якка тартибда уй қуриш учун ер ажратиб бериш эвазига пора олган, ҳужжатларни сохталаштириб ёлғон маълумотлар тақдим этиб келган.

Жиноий гуруҳ аъзолари фуқаролардан 90 миллион сўмдан ошиқ миқдорда пора олган. Туман ҳокимлиги мансабдорларига ўн йил ва ўндан ошиқ муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Самарқандда ички ишлар идораси терговчилари катта миқдорда пора билан қўлга тушди”

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ички ишлар бўлимининг икки нафар тегровчи катта миқдорда пора олгани сабабли қамоққа олинди (“Инсон ва қонун”, 16 сентябрь).

Каттакўрғон шаҳар прокурори Эркин Шариповга кўра, исми ошкор этилмаган икки терговчига қўшнисига тан жароҳати етказган йигитнинг жиноий иши топширилган.

Терговчилар айбланувчини қотилликка оид модда қўйиш билан қўрқитиб дастлаб 24 миллион сўм пора олган. Бунга қаноат қилмаган терговчилар қўшнилар ўртасидаги жанжалга гувоҳ бўлган икки нафар йигитни ҳам “жиноий иш очамиз” дея қўрқитиб 13 миллион сўм пул ундирган.

Қолаверса, терговчилар айбланувчи йигитнинг отасига тегишли 30 миллион сўмлик “Нексия” автомобилини ҳам қўрқитиш йўли билан тортиб олган.

Тамагирларнинг тамаларидан тўйиб кетган ота ҳуқуқ идораларига мурожаат қилган. Ушбу ариза асосида икки терговчига жиноий иш очилган.

“Департамент “Малика” бозорида рейд ўтказди”

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Тошкентдаги электроника маҳсулотлари савдо маркази саналган “Малика” мажмуасида рейд ўтказди (“Бозор ва истеъмолчи”, 15 сентябрь).

Текширувда ҳужжатсиз телефонлар мусодара қилинган. Масалан, сифати сертификати ва кирим ҳужжатларисиз савдо қилаётгани учун Р.Иноғомов ва Қ.Қурбоновлардан 47 дона телефон аппарати ва 2 дона планшет, жами 41,9 миллион сўмлик маҳсулот мусодара қилинган.

Ноқонуний савдо фаолиятида айбланган фуқароларга катта миқдорда жарима тайинланган.

“Муниса Ризаеванинг маъмури қочиб кетгани пиар акция бўлиши мумкин”

Хонанда Муниса Ризаеванинг маъмури Жаҳонгир Холиқовнинг қочиб кетгани ҳақидаги хабар пиар акция бўлиши мумкин (“Даракчи”, 18 сентябрь).

Шоу бизнес оламида бу ҳодиса Муниса Ризаеванинг октябр ойида ўтадиган концерти олдидан кўтарилган шов-шув ва хонанда фаолиятига қизиқишни оширишга йўналтирилган режа деб баҳоланган.

Аввалроқ Муниса Ризаева ўз маъмури Жаҳонгир Холиқов тўй маросимлари учун одамлардан катта миқдорда пулларни олиб ғойиб бўлгани ҳақида хабар берганди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бўлим бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров бу масалага муносабат билдириб, агар бу ростдан ҳам концерт олдидан шов-шув кўтариш учун қилинган акция бўлса бирлашма хонандага қаъий чора кўришини айтган.

“Қашқадарёда фарзандини тунда интернет клубга юборган ота­-оналар жазоланди”

Қашқадарё вилоятида фарзандлари тунги вақтда интернет клуб, ресторан ва тунги клубларда юрган ота‑оналар жаримага тортилмоқда (“Ҳуқуқ”, 18 сентябрь).

Қайд этилишича, вилоят бўйича дам олиш масканлари ва интернет клубларда 250 дан ошиқ рейд ўтказилган. Рейдларда тунги вақтда ота-онасиз кузатувисиз дам олиш масканида бўлган 7 нафар мактаб ва 10 нафар коллеж ўқувчиси аниқланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан фақат ота-оналарга эмас, интернет клуб ва дам олиш масканлари мансабдорларига ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-2-моддасига кўра иш очилган.

XS
SM
MD
LG