Линклар

Британиядан ажралиш борасида Шотландияда ўтган референдумда шотландларнинг 55 фоиздан ортиқроғи мустақилликка қарши овоз берди. Мустақиллик ғоясини илгари сурган Шотландия Биринчи вазири Алекс Салмонд референдумда енгилганини тан олди.

Шотландиядаги 32 ҳудудда 18 сентябрь куни ўтказилган референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, Британиядан мустақил бўлишга қарши шотланд сайловчиларининг 55,42 фоизи овоз берган. Мустақиллик тарафдорлари эса 44, 58 фоизни ташкил қилди.

Референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 4 миллиондан ортиқ одамнинг 85 фоизи иштирок этди. Шотландияда 2608 сайлов участкаси 18 сентябрь куни эрталаб 7дан кечқурунги 10гача очиқ бўлди.

Шотландия мустақиллиги ғоясини илгари сурган Миллий айримачилик партияси раиси, Шотландия Биринчи вазири Алекс Салмонд 19 сентябрь куни овоз бериш натижалари эълон қилингач, ўз тарафдорлари мағлубиятга учраганини тан олди:

"Шотландия кўпчилик овоз билан айни босқичда мустақил давлат бўлиш фикридан воз кечди. Мен халқнинг бу иродасини қабул қиламан ва барчани Шотландия халқи кўпчилик овоз билан қабул қилган демократик қарорга бўйсунишга чақираман”.

Алекс Салмонд 1 миллион 600 минг тарафдорига референдумда мустақиллик учун овоз берганига миннатдорчилик изҳор қилди. Мустақиллик учун Шотландиянинг 32 ҳудудидан фақат тўрттасида кўпчилик овоз берилди. Мустақиллик учун энг кўп овоз берилган (57,35%) ҳудуд Данди Сити бўлди. Шотландия маркази Эдинбургда мустақиллик тарафдорлари деярли 39 фоизни, қаршилар 61 фоиздан кўпроқни ташкил қилди.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Шотландиянинг мустақилликка қарши ҳаракати раҳбари Алистер Дарлингни референдумдаги ғалаба билан қутлади.

Дэвид Кэмерон референдум арафасида қилган чиқишида, агар Шотландия 307 йиллик иттифоқдан воз кечса, қайта Британия таркибига кира олмаслигидан огоҳлантирган эди.

Овоз бериш натижалари эълон қилинганидан сўнг чиқиш қилган Кэмерон Шотландия халқи танловидан мамнун эканини яширмади:

"Овоз бериш арафасида мен Британия тугаб бораётганини кўргунимча юрагим ёрилгани яхши деб айтган эдим ва нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда ҳам бу фикрга қўшиладиган одамлар борлигини биламан. Чунки ўтмишда биз биргаликда нималарга эришган бўлсак, келажакда ҳам биргаликда ютуқларга эришамиз".

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Шотландия парламентига кўпроқ ҳуқуқ беришни ваъда қилди.

Кэмерон 16 сентябрь кунги чиқишида агар шотландияликлар мустақилликка қарши овоз берса, солиқлар, бюджет маблағини сарфлаш, ижтимоий ҳимоя каби муҳим масалаларда Шотландия парламенти ҳуқуқини оширишга ваъда берган эди.

Британия Бош вазири шу ҳақидаги қонун лойиҳаси январь ойида эълон қилинишини билдирди.

XS
SM
MD
LG