Линклар

Навоий вилоятининг Хатирчи Агросервис касб-ҳунар коллежининг пахта теримига чиқарилган учинчи курс ўқувчилари 18 сентябрь куни кечки овқатсиз қолди. Ўқувчилар, шунингдек, ётоқдаги шароитнинг ёмонлигидан, ичимлик сувнинг танқислигидан шикоят қилмоқда.

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Аҳмад Ёрлақабов номли фермерлар уюшмасида пахта тераётган Агросервис касб-ҳунар коллежининг учинчи курс ўқувчилари 18 сентябрь куни кечки овқатсиз қолди.

Бу ҳақда қишлоқ дўконида ўқувчилар билан суҳбатлашган хатирчилик тингловчи Озодликка хабар берди:

“Кеча кечқурун қишлоғимиздаги дўконга кирган эдим. Ҳашарга келган ўқувчиларни савдо қилаётганини кўрдим. Уларга “бунча кўп нарса оляпсизлар, сизларга овқат бермайдими”, деб ҳазиллашдим. Уларнинг айтишларича, "продукта"лари қолмагани учун овқат қилинмаган ва ўқитувчилари “ўзларинг бирор нарса топиб енглар”, деб айтган экан”, деди тингловчи.

Озодлик Хатирчи Агросервиз коллежи ўқувчиларидан бири билан боғланишга муваффақ бўлди. Исмини очиқламаётганимиз ўқувчининг айтишича, улар овқатсиз қолгач, пул йиғиб, дўкондан озиқ-овқат олишга мажбур бўлишган:

"Кеча пахтадан чарчаб келсак, ужин йўқ. Соат тўққиз яримгача кутиб ўтирдик. Ҳеч нарса бўлмади. Кейин пул йиғиб қишлоқ дўконидан у бу нарса олиб келиб, сув билан ичиб ётдик", дейди ўқувчи микрофонсиз суҳбатда.

Хатирчидаги 17- умумтаълим мактабига жойлаштирилган ўқувчилар яшаш ва ишлаш шароитлари ҳам ёмон эканлигидан шикоят қилди:

“Синфхонага жойлашганмиз. Поллари тешилиб, синиб ётибди. Сув масаласи проблема. Ювинишга шароит йўқ. Ўқитувчимиз ўн кундан сўнг битта-битта уйларингга жавоб бераман, чўмилиб келасизлар деяпти. Далага ҳам сувни қайнатмасдан олиб бориб қўйишади. Болалар эрталаб 7 дан кечқурун соат 6-7 ларгача пахта теряпти, шундай шароитга чидаб келяпмиз, лекин", деди ўқувчи.

Хатирчи тумани ҳокимлигининг мулозими Исом Тошев Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларнинг овқатсиз қолиб кетганидан бехабар эканлигини айтди:

- Коллеж ўқувчилари яқинда келган. Лекин уларнинг оч қолганидан рости гап хабарим йўқ. Мен ҳозир бу воқеани суриштираман ва камчиликларни тезда бартараф қиламиз,- деди ҳокимлик мулозими.

Хатирчилик коллеж ўқувчиларининг пахта теримида оч қолгани ва уларга яратилган шароитнинг ачинарли аҳволда эканлиги Ўзбекистонда ҳашарчиларга аслида қандай шароит яратилиши керак деган саволга жавоб топишга ундади.

Ўзбекистондаги 11та вазирлик, қўмита, инспекция раҳбарлари 2011 йилнинг 28 февралида имзо чеккан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш ҚОИДАЛАРИ”га кўра 16дан 18 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг иш вақти ҳафтасига 36 соатдан ошмаслиги керак.

Бу қоидага кўра, ўқувчи ва талабалар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши, ҳафта давомида 2 марта ҳаммом қабул қилишлари, улар ишлайдиган ҳудудда бир киши ҳисобига 2-5 литр қайнатилган кунлик ичимлик суви билан таъминланган бўлиши лозим.

Бундан ташқари, ўқувчи ва талабаларнинг овқатланиш жойлари бино ичи ёки бостирмада ташкил қилиниши, стол ва стуллар билан тўлиқ таъминланган бўлиши ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус хоналар ажратилган бўлиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG