Линклар

logo-print

Франция учқичлари “Исломий Давлат” жанггариларига ҳужум қилди


Франциянинг иккита Rafale русумидаги учқичи Ироқдаги миссияни бажариш учун парвоз қилаётган пайт, 2014 йил 19 сентябрь.

Франциянинг иккита Rafale русумидаги учқичи Ироқдаги миссияни бажариш учун парвоз қилаётган пайт, 2014 йил 19 сентябрь.

Франция учқичлари Ироқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи жанггариларига қарши биринчи марта ҳаводан ҳужум қилди. Расмий баёнотда 19 сентябрь куни мамлакат учқичлари Ироқ шимолидаги “Исломий Давлат” гуруҳига тегишли омборни “яксон қилгани” маълум қилинган. Ҳужжатда ҳаво ҳужумлари яқин кунларда яна “амалга оширилиши” билдирилган.

Ироқ ҳарбийлари матбуот котиби Қосим ал-Мусавийга таяниб Ассосиэйтед Пресс агентлигининг билдиришича, 19 сентябрь куни Франциянинг тўртта учқичи Зумар шаҳрида ҳаводан уюштирган ҳужум натижасида ўнлаб жанггари ўлган.

Франция Ироқдаги “Исломий Давлат” жанггариларига ҳаводан ҳужум уюштирган иккинчи давлат бўлди.

Август ойидан бери АҚШ Ироқдаги жанггариларга ҳаводан 170дан ортиқ зарба берган.

18 сентябрь куни Франция Президенти Франсуа Олланд Ироқ ва Сурия ҳудудининг катта қисмини босиб олган “Исломий Давлат” жанггариларига қарши курашаётган Ироқ ҳукумати қўшинларига ёрдам бериш учун Франция учқичлари ҳаводан ҳужумлар уюштиришини эълон қилди.

- Мен Ироқ ҳукуматининг ҳаводан зарбалар беришни сўраб қилган мурожаатига жавоб беришга қарор қилдим. Мақсадимиз террорчиларни кучсизлантириш орқали Ироқдаги тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат,- дея баён қилди Франсуа Олланд.

Франция ҳукумати 19 сентябрь куни эълон қилган баёнотда мамлакат учқичлари фақат Ироқ ҳудудидаги жанггариларга қарши ҳужумларни амалга ошириши билдирилган.

Франция "Исломий Давлат" гуруҳи жанггариларига қарши курашаётган курд кучларига аллақачон қуроллар етказиб берган.

АҚШ учқичлари ҳаводан ҳужум уюштиришида уларга ёрдам бериш учун Британия ҳарбий самолётлари разведка мақсадида парвозларни амалга оширмоқда.

Британия ҳарбийлари мамлакат учқичлари Ироқ ёки Сурия ҳудудидаги нишонларга ҳаводан зарбалар бериши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

18 сентябрь куни АҚШ Сенати аъзолари Сурия Президенти Башар Ал-Ассадга содиқ кучлар ҳамда “Исломий Давлат” жанггариларига қарши урушаётган Суриядаги мўътадил қарашдаги кучларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва уларга қуроллар етказиб бериш ҳақидаги президент Барак Обаманинг режасини маъқуллади.

Президент Обама пайшанба кунги чиқишида Сенат қабул қилган қарорни олқишлади:

- Конгрессдаги иккала партия аъзолари томонидан ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш режасининг маъқуллангани жуда кўп гуноҳсиз одамларни қатл қилган “Исломий Давлат” жанггарилари таҳдидига қарши туришда америкаликлар якдил эканини дунёга намойиш қилади,- дея баёнот берди Барак Обама.

АҚШ Сенати маъқуллаган режада Суриядаги маълум гуруҳ вакилларини декабрь ойи ўртасига қадар Саудия Арабистонида ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш назарда тутилган.

XS
SM
MD
LG