Линклар

19 сентябрь куни тушдан кейин Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Ганга” магазини ва Ўзбекистон миллий банки ёнида сапёрлар кислород баллонига ёпиштирилган номаълум жисмни зарасизлантиргани ҳақида Озодликнинг бир-биридан мустақил икки тингловчиси хабар берди. Хабарларга кўра, Себзор кўчаси бир соат давомида ёпиб қўйилган.

Шайхонтоҳур туманидаги “Ганга” савдо мажмуаси ёнидан ўтадиган Себзор кўчаси 19 сентябрь куни соат 16 дан 17 гача ёпиб қўйилган.

Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, кўча ёпилганидан сўнг, Ганга ёнидаги майдон милиция ходимлари томонидан ўраб олинган. Манбанинг айтишича, майдонга сапёрлар келган ва ўша ердаги номаълум нарсани зарарсизлантирган.

“Биз ўзимиз томоша қилдик. Катта кислород баллони атрофида ўралашиб унга боғланган ниманидир зарарсизлантиришди шекилли, кейин ортиб олиб кетишди”, деди манба.

Бу воқеага гувоҳ бўлган бошқа тингловчининг айтишича, кислород баллони билан бирга аллақандай қора матоҳни ҳам олиб кетишган:

“Ўзимиз кўрдик аллақандай қора матоҳни ёйиб қўйишган экан. Кейин уни ҳам халтага солиб олиб кетишди. Бир соат давомида кўчани ёпиб қўйдилар. Бу воқеани тумонат одам кўрди”, деди иккинчи манба.

Озодлик манбаси бу қора матоҳни 28 август куни Юнусободдаги кўприкка осиб кетилган исломий байроқ эканлигини тахмин қилади.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидан бу ҳақда расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Жорий йилнинг 28 августига ўтар кечаси Юнусобод туманидаги кўприкка исломий деб тушунилаётган қора байроқ осиб кетилган эди.

Тошкент марказига осиб кетилган байроқ, мутахассислар фикрича, Яқин Шарқда "Исломий халифалик" эълон қилган гуруҳ - ИШИД (Ироқ ва Шом Исломий Давлати) байроғи билан бир хил бўлган.

Озодликнинг Тошкент шаҳар прокуратурасидаги манбасига кўра¸ бу воқеа шаҳардаги ҳуқуқ-тартибот органларини оëққа турғазган ва байроқ осилган ҳудуддаги фаррош¸ таксичи¸ дўкондор ва гул сотувчилар, ҳаммаси бўлиб 50 дан ортиқ киши сўроқ қилинган эди.

PS. Агар сиз ҳам "Ганга" даги воқеа гувоҳи бўлган бўлсангиз, воқеа тафсилотлари ҳақида ёзинг ва суратларини Озодлик радиосининг +420 724 971 539 WhatsApp рақамига юборинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG