Линклар

Россия Европадан Қирғизистонга келаётган товуқ гўштини ўтказмаётгани айтилди


Латвиядан Қирғизистонга жўнатилган товуқ гўшти Россия томонидан тўхтатиб қолингани сабабли қирғиз бозорларида парранда гўшти нархи икки ҳафтадан бери қимматлаб бормоқда. Таҳлилчилар Россия Европа Иттифоқининг санкцияларига жавобан мана шундай йўл тутаётганини айтмоқдалар.

Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев Европа ва АҚШ томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар Қирғизистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкинлигидан аҳолини огоҳлантирган эди.

-Россиянинг иқтисодий аҳволи ночорласа, бизга ҳам анчагина таъсир қилади. Бироқ ҳозирча Россия чуқур инқирозга киргани йўқ. Шунинг учун ҳам қисқа муддатда иқтисодий вазият яхшиланади, деб умид қиламиз, -деган эди Жўўмарт Ўтўрбаев.

Россия Ғарб санкцияларига жавобан Европа мамлакатларидан озиқ-овқат ва мева сотиб олишга тақиқ жорий этган эди. Қирғизистон бозорига мана шу тақиқ ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.

Хабарларга қараганда Россия Латвиядан Қирғизистонга жўнатилган товуқ гўштини чегарада “ветеринар талабларга жавоб бермайди” деган баҳонада ушлаб қолган. Бунинг оқибатида Қирғизистон бозорларида товуқ гўшти нархи икки ҳафтадан бери кўтарилиб бормоқда.

-Россия бу ҳатти-ҳаракати билан, “қирғизистонликлар, бизга жорий қилинган санкциянинг азоби сизларга ҳам тегади”, қабилида иш тутмоқда. Россия мана шу йўл билан санкцияларга ўз жавобини билдираяпти, -дейди мустақил кузатувчи Манас Саматов.

“Лента ру” нашрининг маҳаллий ҳокимиятларга таянган ҳолда билдиришича, Латвиядан Қирғизистонга жўнатилган 375 тонна товуқ гўшти Брянск ва Смоленск вилоятларида ушланиб турибди.

“Лента ру” Германиядан Ўзбекистонга жўнатилган 420 тонна парранда гўшти ҳам Россия ҳудудидан ўтказилмаётганини хабар берган.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Қирғизистон ҳукумати ҳам Россия матбуотида тарқатилган бу каби хабарларни расман тасдиқловчи маълумотни ҳозирча оммага ошкор қилгани йўқ.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса Россияда Европадан Қирғизистонга жўнатилган озиқ-овқат маҳсулотлари ушланиб турилганидан мутлақо бехабар эканини билдирмоқда.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Москвани Украинадаги вазиятни мураккаблаштирганликда ва россияпараст айримачиларни қўллаганликда айблаб, бир қатор иқтисодий санкцияларни жорий этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG