Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:06

Ашраф Ғани Афғонистоннинг янги президенти деб эълон қилинди


Абдулла Абдулла (ч) ва Ашраф Ғани Аҳмадзай.
Абдулла Абдулла (ч) ва Ашраф Ғани Аҳмадзай.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси собиқ молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзайни Афғонистоннинг янги президенти деб эълон қилди. Комиссия июнь ойида ўтказилган сайловнинг якуний босқичида Ашраф Ғани ва унинг сиёсий рақиби Абдулла Абдулла қанча овоз олганини маълум қилмади. Комиссия сайловнинг якуний натижасини эълон қилишидан олдин Ғани ва Абдулла бирлик ҳукумати тузиш орқали ҳокимиятни бўлишиш ҳақида шартнома имзолади.

Афғонистон телевидениеси орқали 21 сентябрь куни жонли кўрсатилган маросимда Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла шартномага имзо чекканидан сўнг бир-бирини қучоқлади.

Афғонистонда президентликка даъвогарлар ҳокимиятни тақсимлаб олади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:25 0:00

Шундан сўнг чиқиш қилган президент Ҳамид Карзай Ғани ва Абдуллани табриклаб, Афғонистонда “тинчлик ва фаровонлик” ҳукм суришига умид билдирди.

- Мен, Афғонистон халқининг бўлажак ҳукуматини тузиш ҳақида шартнома имзоланганидан жуда мамнунман, дея баёнот берди Ҳамид Карзай.

Афғонистон президенти лавозимини тарк этаётган Карзайнинг матбуот котиби Аймал Файзига кўра, янги президент бир ҳафтада қасамёдга келтирилади.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси матбуот котиби Нур Муҳаммад Нур президентлик сайловининг якуний натижаси якшанба оқшомида эълон қилиниши режаланганини билдирди.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг маъмурияти Афғонистонда бирлик ҳукумати тузиш ҳақида шартнома имзоланганини олқишлади.

Оқ Уй эълон қилган баёнотда бу келишув Афғонистонда юзага келган сиёсий бўҳронга чек қўйишда ёрдам бериши ва келажакка ишончни қайта тиклашини билдирилган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри имзоланган шартнома “давлат ишларини моҳирона бошқариш натижаси” эканини билдирган.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар 2014 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқилиши режаланган.

АҚШ қўшинларининг бир қисми Афғонистонда қолиши борасида аллақачон келишилган шартномани имзолаш учун Афғонистонга янги президент сайланиши кутилаётган эди. Боиси президент Ҳамид Карзай “АҚШ-Афғонистон хавфсизлик шартномаси”га имзо чекишдан бош тортган.

Афғонистонда президентлик сайловининг биринчи босқичи апрель ойида, якуний босқичи эса июнь ойида ўтказилган.

Икки даъвогар бир-бирини сайлов натижаларини сохталаштирганликда айблаганидан кейин сайловнинг якуний натижаси эълон қилинмаган.

Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла сайловда ғолиб чиққанини иддао қилганидан сўнг, зўравонлик ва миллий бўлиниш юзага келишининг олдини олиш мақсадида БМТ ва АҚШ бирлик ҳукумати тузиш ташаббусини илгари сурди.

Апрель ойидаги сайловда Афғонистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулла Абдулла қарийб 45 фоиз овоз олган.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, собиқ молия вазири Ашраф Ғани иккинчи ўринни эгаллаган.

Абдулла якуний босқичда сайлов натижалари сиёсий рақиби фойдасига сохталаштирилганини иддао қилиб, бюллетенлар қайта саналишини талаб қилган.

Шу боис БМТ ҳомийлигида сайлов бюллетенлари қайта санаб чиқилди.

XS
SM
MD
LG