Линклар

Москвада Путин сиёсатига қарши йирик намойиш ўтказилди


Москвадаги тинчлик юришидан лавҳа, 2014 йилнинг 21 сентябри.

Москвадаги тинчлик юришидан лавҳа, 2014 йилнинг 21 сентябри.

21 сентябрь куни Россия ва Ғарб мамлакатларидаги қатор йирик шаҳарларда Кремлнинг Украинага қарши олиб бораётган гизли урушига қарши кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг асосий талаби Россия расмийларининг Украина ишларига аралашувини тўхтатиш бўлди.

Якшанба куни Москвада ўтказилган тинчлик марши Владимир Путиннинг учинчи президентлик инаугурациясидан буён кузатилмаган йирик норозилик намойиши экани айтилмоқда.

СОНАР мустақил мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, Москвадаги маршга 26 мингдан зиёд одам йиғилган. Айни пайтда Москва полицияси норозилик тадбирида 3 минг одам қатнашганини билдирди.

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда маршга қатнашиш истагини билдирган 8 мингга яқин рўйхатларга ёзилган.

Пушкин майдонидан бошланиб Сахаров шоҳкўчасида якунланган тинчлик юришининг асосий шиори “Путин, ёлғон сўзлашни ва урушни бас қил!” бўлди.

Москвадаги юриш иштирокчилари кўтариб олган плакатлардан бирида "Путин, Украинадан даф бўл!" деб ёзилган.

Москвадаги юриш иштирокчилари кўтариб олган плакатлардан бирида "Путин, Украинадан даф бўл!" деб ёзилган.

Президент Путин ва унинг ҳукумати Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларни дастаклаш учун Россия қурол-аслаҳа ва ҳарбийлар юборилганини бир неча бор рад этган. Бироқ бу иддаолар Россияда ҳам, хорижда ҳам ишонқирамай қабул қилинган.

Москвадаги намойиш иштирокчиси Елена Волкова Россия расмийлари “одамларни ғазаблантираётган ва ўзлари тан олмаётган яширин урушни тўхтатиши лозим”лигини таъкидлади.

Москвадаги юришда мухолифатдаги “Солидарность” ҳаракати, Яблоко, РПР-Парнас партиялари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари алоҳида-алоҳида колонна бўлиб ўтдилар.

Марш мўлжалланганидан 20 дақиқа кеч бошланди, чунки тадбирнинг ўз вақтида бошланишига “Луганск халқ республикаси” ва “Донецк халқ республикаси” тарафдорлари бўлган провокаторлар халақит беришга уринди.

Тинчлик юришига йиғилганлар қардош халқ билан урушишни истамасликларини, ўзларини Россиянинг тажовузкор расмийлари билан бир деб кўришларини хоҳламасликларини билдирдилар.

Юриш бўлиб ўтаётган пайтда “Тинчлик марши – фашистлар ҳамтовоқларининг марши” деб ёзилган плакат кўтариб олган бир қанча ёш йигит намойишчилар қаршисига чиқишга уринди. Бироқ бу демарш полиция томонидан тўхтатилди.

Намойишчилар олдидан ўтиши лозим бўлган уйларнинг бирига осилган “Хоинлар марши” транспаранти ҳам кўп ўтмай полиция томонидан олдириб ташланди.

Провокаторлар маршга йиғилган одамларга тухум ва зелёнка улоқтиришди.

Юриш иштирокчилар Трубная майдонига етганларида тинчлик рамзи бўлган оқ кабутарларни осмонга учиришди.

Бу каби намойишлар Россиянинг Петербург, Саратов, Новосибирск, Ростов, Томск, Красноярск, Барнаул, Екатеринбург ва бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек, ўтган уч кун ичида Германиянинг Берлин ва Кёлн шаҳарларида, Исроилнинг Хайфа шаҳрида, Болгариянинг Бургас шаҳрида, Чехия пойтахти Прага, Франция пойтахти Париж, Италия пойтахти Рим ва АҚШ пойтахти Вашингтонда ҳам Россиядаги “Тинчлик марши”ни қўллаб, акциялар ўтказилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG