Линклар

Подмосковьенинг Солнечногорск шаҳрида 6 яшар қизчани зўрлаганликда гумонланиб, полиция бўлимига олиб келинган 39 ёшли Тожикистон фуқароси ўлиб қолди. Уни уриб ўлдирганликда айбланиб, уч нафар полиция ходими қўлга олинди.

Солнечногорск шаҳар полициясининг уч ходими тожикистонлик меҳнат муҳожирини полиция бўлимида уриб ўлдирганликда айбланмоқда.

Россия тергов қўмитаси тарқатган расмий хабарномада айтилишича, 2014 йил 18 сентябрь куни эрталаб Солнечногорск тумани Ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлимига тергов учун олиб келинган хориж фуқароси ўлик ҳолатда топилган.

Маълум бўлишича, бир кун аввал солнечногорсклик аёл ариза билан полиция бўлимига мурожаат қилган. Аёл шу ерда ишлаётган мигрантнлардан бирини ўзининг 6 яшар қизчасига нисбатан жинсий тажовуз содир этганликда айблаган. Қизалоқ сўзларига таяниб берилган аризага кўра, номаълум кимса уни алдов йўли билан уйига олиб кириб, бузуқ ишларни амалга оширган. Жиноятчи қўлидан қочишга муваффақ бўлган қизча бу ҳақда ота-онасига сўзлаб берган.

Ўша куни кечки кечки соат 11лар атрофида 1975 йилда туғилган Тожикистон фуқароси қўлга олинган ва тафтиш учун полиция бўлимига олиб келинган. Эрталаб соат 7ларда, полиция бўлими коридоридаги стулда ҳибсга олинган 39 ёшли йигитнинг ўлиги топилган.

“Бу жиноятни содир этганликда гумонланиб, Солнечногорск тумани ИИБси жиноят-қидирув бўлимининг уч нафар ходими ҳибсга олинди. Комплексли суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига мувофиқ жабрланувчига етказилган жароҳатларнинг унинг ўлимига боғлиқлиги даражаси аниқланади”, дейилади Солнечногорск шаҳри бўйича Тергов қўмитаси Бош бошқармаси расмий хабарномасида.

Терговчилар тожик меҳнат муҳожири ўлими юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 286-моддаси 3-қисми, “зўравонлик ишлатган ҳолда ўз ваколат доирасидан чиқиш” бўйича жиноий иш қўзғатилганини билдирди.

Озодликка маълум бўлишича, марҳум 39 яшар тожикистонлик Фаррух Ўрозовдир. Ҳодиса жойига етиб келган шифокорлар унинг бир нечта қовурғаси уриб синдирилгани, бутун бадани калтаклардан кўкариб кетганини қайд этган. Уни ўлдирганликда гумонланиб, Солнечногорск тумани бўйича жиноят-қидирув бўлими бошлиғи муовини полиция майори ва унинг икки нафар ёрдамчиси – полиция капитани ва лейтенант қўлга олингани ҳам маълум бўлди.

Тергов қўмитаси вакиллари Озодлик мухбирига, ёш қизчага нисбатан жинсий тажовуз содир этилгани ҳамда полиция бўлимида мурда топилгани ҳолатлари юзасидан тафтиш ишлари давом этаётганини билдиришди.

Полиция ходимлари меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонлик ишлатиб, ўлдирилиши бундан аввал ҳам учраган.

2011 йилнинг 5 декабрида Хабаровск шаҳар суди пост-патрул хизматининг собиқ ходимлари 33 ёшли Александр Телешин ва 27 ёшли Владимир Масловни Ўзбекистон фуқароси Акбар Сапаевни полиция бўлимида қийноққа солиб, уни табел қуролидан отиб ташлаганликда айбдор деб топган эди. Суд ҳукмига кўра, Телешинга 11 йил, Масловга 3 йил қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG