Линклар

logo-print

Ашраф Ғани: Миллий бирлик ҳукумати Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мақсадида


Ашраф Ғани ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзламоқда, Кобул, 2014 йилнинг 22 сентябри.

Ашраф Ғани ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзламоқда, Кобул, 2014 йилнинг 22 сентябри.

Афғонистоннинг янги сайланган президенти Ашраф Ғани миллий бирлик ҳукуматининг мақсади мамлакатда тинчликни барқарор қилиш бўлиб ҳисобланишини билдирди. Душанба куни Кобулда ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Ғани Афғонистон ҳокимиятнинг илк бор демократик йўл билан топширилишини қутлаши лозимлигини қайд этди.

“Бу Афғонистон халқи учун катта ғалабадир. Ёрқин тарихимизда илк бор ҳокимият овоз бериш йўли билан бир сайланган президентдан иккинчисига топширилди”, - деди Ашраф Ғани.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси якшанба куни собиқ молия вазири Ашраф Ғанини президентлик сайловининг 14 июнь куни бўлиб ўтган иккинчи босқичи ғолиби, деб эълон қилди. Айни пайтда бу босқичда номзодларнинг ҳар бири қанча фоиздан овоз олгани очиқ айтилмади.

Ўтган ҳафта президентлик лавозимига номзодлар Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла ҳокимият ваколатларини тақсимлаб олиш ҳақида битимга қўл қўйгандилар. Мазкур келишувга мувофиқ, Ашраф Ғани президент бўлади, унинг рақиби бўлган Абдулла Абдулла эса ижроия ҳокимиятида юқори лавозимни эгаллайди.

Бу қарорга келингунича президентликка даъвогар икки сиёсатчи ўртасида овоз бериш натижалари юзасидан кўп баҳс бўлди. Хусусан, Абдулла Абдулла аввал эълон қилинган сайлов натижалари ўз рақиби фойдасига сохталаштирилганини иддао қилган. Пировардида БМТ вакиллари кузатуви остида берилган овозлар қайта санаб чиқилган.

XS
SM
MD
LG