Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:38

Тошкентда гуручнинг сараси бир ҳафтада 50 фоизга қимматлади


Тошкент бозорларида сара гуруч нархи 50 фоизга қимматлаб кетди. Бир ҳафта муқаддам 3 минг сўмга сотилган юқори навли "Аланга" гуручининг бир килоси 4 ярим минг сўмдан сотилмоқда. Савдогарлар нарх ошишини уч жиҳат - маҳсулот таъминотидаги узилиш, пахта терими ва шу кунларда авж олган тўй мавсуми билан оқламоқда.

Тошкентнинг Паркент бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари олди-соттиси билан шуғулланувчи Азамат Содиқов Озодлик билан суҳбатда шу кунларда Қўйлиқ кўтара бозорида гуруч нархи ошгани сабабли Паркент бозорида гуручлар нархи ошганини айтди.

- Гуручлар кўтарилган. Қўйлиқ бозорида 2000 сўмлик гуруч 2500 бўлган. Сифатли гуручлар кўпроқ ошган, деди савдогар.

Қўйлиқ бозорида кўтара савдо билан шуғулланадиган Толиб ака ҳам шу кунларда гуруч нархининг ошганини айтмоқда:

- Яхши “Аланга”лар 3000 сўм эди. Ҳозир 4000-4500 сўм. Энг арзон гуруч 2500 сўм. Бойваччалар оладиган лазер гуручлар 7000, 8000, 10000. Ҳар хили бор, дейди Толиб ака.

"Чорсу бозори"даги дўконлардан бирининг соҳиби Тимур Азизов гуруч нархи ошганини ўтган йилги гуруч захираси тугаб бораётгани ва янги ҳосил ҳали йиғиб олинмагани билан изоҳлади.

- Ҳозир узилиш пайти. Гуруч ҳосили энди йиғиляпти. Одатда август ва сентябрь ойларида бир ойча узилиш пайти бўлади. Октябрь ойидан янги гуруч бозорга олиб келинса, гуручнинг нархи тушиб кетади, дейди Тимур Азизов.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим фуқаролар узилиш пайтида гуруч нархининг ошиши пахта терими бошлангани билан ҳам боғлиқ эканини айтмоқда.

Тошкентлик пенсионер Ботир ака эса гуруч нархи қимматлаганини тўйлар кўпайгани билан изоҳлади.

- Ҳўл мевалар нархи яхши. Гуруч нархи кўтарилди. Ҳозир ош кўп. Тўйгарчилик жуда кўп. Октябрь ойигача ҳамма тўйхоналар банд. Битта жойда кечқурунга бир кунга жой йўқ. Қўшним тўй қилмоқчи эди, қидириб тўйхона топа олмади.

Ҳозир битта тўйхонада камида 80 кило гуруч дамланяпти. Унга яна қанча гўшт, сабзи ва бошқа масаллиқлар керак. Тағин ҳам юртимиз баракали, дейди Ботир ака.

Унга кўра, ҳозир Тошкент бозорларида ҳўл-мевалар арзон. 10 килограммлик тарвузни 3 минг сўмга олганини айтган Ботир ака “Битта бутилка Кока-Коладан битта тарвузни афзал кўраман”, дея қўшимча ҳам қилиб ўтди.

Тошкентлик пенсионер 23 сентябрь куни Фарҳод бозорида бир яшик, 30 килограмм помидорни 28 минг сўмга, бир кило олмани уч минг сўмдан сотиб олгани айтди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда бир буханка ноннинг нархи 600 сўмдан 650 сўмга қимматлаган эди.

XS
SM
MD
LG