Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:21

Хоразмлик талабалар пахтада ҳожатхона тозалашга мажбурланди


Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали талабаларининг ота-оналари пахтада нормани бажаролмаган фарзандлари тунги соат 1 гача қўшимча ишга солинаётган, аксар ҳолларда ҳожатхона тозалаш билан жазоланаётганини иддао қилди. Филиалнинг пахта штаби раҳбари эса иддаоларни рад этди.

Хоразм вилоятининг Хонқа туманида пахта тераётган Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг нормани бажармаган талабаларига нисбатан ҳарбий хизматда қўлланиладиган жазо турлари қўлланилаётгани иддао қилинди.

Озодликка сўзлаган оталардан бири пахта теримидан сўнг ўғлининг тунда қўшимча ишларга жалб қилинаётганини унинг ўзидан эшитганини даъво қилди:

“Ўғлим билан телефонда гаплашдим. Унинг айтишича, домлалар пахта териш нормасини бажармаган талабаларга яна “наряд” юклаб қўймоқда экан. Норма 80 килограмм экан, 60 килодан кам терганларни тунги соат 1-2 гача турли хил ишларни қилишга мажбурлашаркан”, деди талабалардан бирининг отаси.

Озодлик бу ота ёрдамида талабалардан бир неча нафари билан боғланишга муваффақ бўлди. Исми сир қолиш шарти билан Озодликка микрофонсиз гапирган талаба уларнинг тунги ишларга мажбуран жалб қилинаётганини тасдиқлади:

“Ҳар куни эрталаб соат 5 да подъём. Эрталаб соат 6 дан кечқурунги 6 гача 12 соат пахтадамиз. Абжағимиз чиқиб, чарчаб келганимизга қарамай домлалар нормани бажармаган талабаларни нарядга қўйишади. Нарядга тушганни тунги соат 12-1 гача ухлатишмайди. Нарядда ҳожатхона, ювиниш хоналарини тозалаттиришади, эртанги овқат масаллиқлари тозалаб арчилади. Кейин соат тунги соат 1да ухлаймиз ва тўрт соатдан кейин подъём бўлади. Тўрт соат ухлаган талаба қандай қилиб эртанги нормани бажара олади?” деди талаба.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир талабанинг айтишича, домлалар кам пахта терган талабаларни имтиҳонларда баҳо қўймаcлик билан қўрқитмоқда:

“Баъзи домлаларимиз ўғил-қизларини пахтадан олиб қолган. Уларнинг фарзандлари қийналмайдида, шунга бизга зуғум ўтказади. Яна домлалар кам терганлар билан имтиҳонларда ҳисоб-китоб қиламиз, деб бизни қўрқитишмоқда. Ахир 80 кило пахта теролмасам, нима қилай? Менинг дадам собиқ иттифоқ даврида армияда хизмат қилган ва у нарядлар ҳақида гапириб берарди. Ҳозир ҳам бизнинг ҳарбийлардан фарқимиз қолмади. Подъём, отбой, наряд... фарқимиз нима ўша даврдан”, деди талаба.

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг пахта штаби бошлиғи Баҳром Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда талабаларнинг тунги ишларга мажбурий жалб этилаётганини инкор қилди:

“Талабалар кам пахта тергани учун эмас, балки ошпазларга ёрдам бериш учун чиқарилади. Бизда эксплуатация деган нарса йўқ, ҳамма талабалар пахта теримига ўз хоҳиши билан чиққан”, деди пахта штаби бошлиғи Баҳром Йўлдошев.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро босимлар остида мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG