Линклар

Россиянинг Магадан шаҳрида қурилиш ишларини олиб бораётган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини тупроқ босиб қолди. Терговчилар меҳнат хавфсизлигини таъминламаган ҳолда ишчиларни ишлатган қурилиш ширкати раҳбариятини жавобгарликка тортганини гапирмоқда.

Жорий йилнинг 18 сентябрида Магадан вилояти пойтахтидаги Пролетарская кўчасида олиб борилаётган канализация қувурларини қазиш пайтида иккита ўзбекистонлик меҳнат муҳожири кўчки тагида қолди.

Магадан вилояти бўйича тергов қўмитаси ҳодиса жойига зудлик билан етиб келган тиббиёт ходимлари ва қутқарувчиларнинг ишчиларга ёрдами тегмади демоқда: муҳожирлар жасадлари чуқурлиги 5 метрча ўпирилган траншеядан олиб чиқилди.

“Бахтсиз ҳодиса кундузи соат 14:20ларда қурилаётган болалар боғчаси канализация тизими учун техник хавфсизлик чоралари кўрилмасдан қазилаётган хандақ деворларининг ўпирилиши натижасида содир бўлди”, дейди Озодликка ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Магадан вилояти бўйича тергов қўмитаси расмийси Вадим Лунёв.

- Бино қурилиши пайтида икки нафар эркак кишининг ўлими юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 216 моддаси, 3-қисми асосида жиноий иш қўзғатилди. Ҳодиса жойида тафтиш ишлари олиб борилмоқда, гувоҳлар суроқ қилинмоқда, деди Вадим Лунёв.

Тергов вакили ўлган йигитлардан биттасининг исми-шарифи ҳозирча аниқлангани, аммо ўлганларнинг иккалови ҳақиқатан Ўзбекистон фуқаролари эканини тасдиқлади.

Ўликлар тиббий-экспертиза учун маҳаллий моргга жўнатилгани маълум.

Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимлари қурилишда ишлаган қолган муҳожирлар ҳодиса жойидан ғойиб бўлгани сабабларини улар зарурий рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланганини тахмин қилди.

Терговчилар қурилиш ишларини олиб борган “КувагДар” ширкати айби ўз исботини топса, хафвсизликни таъминламаган иш берувчи 7 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини маълум қилмоқда.

XS
SM
MD
LG