Линклар

logo-print

Токио ҳукумати ўз иттифоқдошларига бирдамликни намойиш қилиш мақсадида Россияга қарши янги жазо чоралари қўллашга қарор қилди.

Япония Вазирлар кабинети раҳбари Йошиҳиде Суганинг билдиришича¸ қўшимча санкциялар йирик Россия банкларининг Японияда қимматбаҳо қоғозлар билан олди-берди қилишини чеклашни кўзда тутади.

Бу чекловлар Россиядаги Сбербанк¸ Внешэкономбанк, Внешторгбанк, Газпромбанк ва Россельхозбанкка тегишлидир.

Шунингдек¸ Япония Россияга қурол-яроғ ва юқори технологиялар сотишни ҳам чеклашга қарор қилди.

Россия Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролини аннексия қилганидан сўнг Япония Россияга нисбатан санкция жорий қилган¸ лекин бу чоралар АҚШ ва ЕИ санкцияларидан анча енгил бўлган эди.

Япония жорий қилган янги санкцияларга муносабат билдирган Россия Ташқи ишлар вазирлиги буни нодўстона ҳаракат ва Токио ҳукуматининг мустақил ташқи сиëсат юргиза олмаслиги ифодаси сифатида танқид қилди.

Айни пайтда¸ Токио расмийси юқори даражали Россия амалдорларининг 24 сентябрь куни Япония шимолидаги Курилл оролларидан бирига борганига норозилик тариқасида Москвага махсус дипломатик нота юборилишини ҳам маълум қилди.

Япония ва Россия ўртасида кўпдан тортишувга сабаб бўлиб келаëтган тўрт Курил оролидан бирига борганлар ичида президент Путин маъмурияти раҳбари Сергей Иванов ҳам бор. Токио бу оролларнинг ўзига қарашли эканини таъкидлаб келмоқда.

Украина можаросидаги Россия ролига норозилик¸ қолаверса¸ Курилл ороллари юзасидан давом этаëтган тортишув фонида Токио Путиннинг Японияга белгиланган расмий сафари қолдирилганини эълон қилди.

Сафар¸ матбуот хабарига кўра¸ Токио ташаббуси билан кечиктирилган.

XS
SM
MD
LG