Линклар

"Исломий давлат" худкуш ва каллакесарларга ҳуру ғилмон ваъда қилмоқда"


Суриядаги "Исломий давлат" жанггарилари

Суриядаги "Исломий давлат" жанггарилари

"Исломий давлат" собиқ жанггариси дунё давлатларидан Суриядаги жиҳодга ёлланаётган одамларга ўлимидан сўнг 72 ҳур оғушида жаннатга тушиш ваъда қилинаётгани, “жиҳодчи”лар лагерида эса ўлжа олинган аёл билан “секс” қилиш мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг айтишича, жанггарилар лагерида одам сўйиш ва худкушликка тайёрланади.

Сурияда “Исломий давлат” жанггарилари сафида жанг қилган, шартли исм билан атаётганимиз Шерко Умар yourmiddleeast.com сайти журналисти билан қилган суҳбатида жанггарилар лагерида кўрганларидан сўнг "Исломий давлатдан" ихлоси қайтгани ва уларга қарши курашаётган курдларга таслим бўлганини айтди.

Шерко Умар Ироқ Курдистонидаги ўзи туғилган Ҳалабжо шаҳридан 2013 йилнинг октябрь ойида “Сурия озодлик армияси”га даъват қилинганидан сўнг Туркия орқали Суриядаги лагерга юборилган ва “Исломий давлат” жанггарилари сафига қўшилган.

Умар жанггарилар лагерида ўзи кутган нарсаларни кўрмагани, аксинча диний қўмондонларнинг ўткир ваъзлари воситасида кўпчилик ашаддий "жиҳодчи"га айланиб қолаётгани, одам сўйиш, худкушлик қилиш каби ишларга ўргатилаётганига гувоҳ бўлганидан сўнг, лагердан қочиш ва курд жангчиларига таслим бўлишга қарор қилганини айтди.

Умарнинг айтишича, лагерда унга ҳам ҳар бир жангчи ўрганиши керак бўлган нарсалар ўргатилган. Исломий халифат аскарларига товуқ ва қушлар мисолида бошни танадан қандай жудо қилиш, Умарга эса¸ қобилиятига қараб мобил алоқа ва техника билан ишлаш ўргатилган. Масалан, у “душман”ларнинг сўзлашувларини эшитиш, тўппончадан отишни ўрганган.

Умарга кўра, қуролли гуруҳлардаги жанггарилар “яхши овқат, кийим-бош ва қурол билан таъминланган”. Жанггарилар лагер ҳудудини тарк қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган.

“Улар бизнинг жаннатга тушишимизни доим таъкидларди ва бу ерда биз учун барча шароитлар муҳайё этилган эди. Лагерга келган ҳар бир киши "бу одамлар бизга пул, машина каби барча шароитларни яратиб бермоқда ва бу яхшиликларни¸ албатта¸ қайтариш керак деган андишада уларнинг ҳукмига бўйсуниб қоларди”, дейди Умар.

Собиқ жанггарининг айтишича, устозлар жанггарилар ўлганидан сўнг жаннатда фақат лаззат оғушида бўлишларини доимо таъкидлаб келган:

“Масалан, улар кимки жиҳод учун ўз жонидан кечса жаннатда 72 ҳур қизлар оғушида бўлишини, унинг яқинлари эса гуноҳлардан фориғ бўлишини айтардилар. Бу сўзлар Қуръон оятлари ва ҳадислар билан асослаб бориларди. Бошқа диндаги аёллар бизларнинг хотинларимиз бўлишлари мумикинлиги айтиларди. Жиҳодда аёллар ва болаларни ўлдириш мумкин эмас, уларни фақат қул ва чўри қилиб ишлатиш мумкин. Чўрилар билан сиз бемалол секс қилишингиз, уни сотиб олишингиз, сотишингиз, болаларни эса хизматкор ёки бўлғуси жиҳодчи сифатида тарбиялашингиз мумкин”, деди Умар.

Шерко Умарнинг айтишича, лагерда жанггарилар билан ихтиёрий жинсий алоқа қилишни хоҳлаган аёллар ҳам бўлган.

“Бу “жиҳод учун секс” дейиларди. Бу аёлларга ҳам ўлимидан сўнг жаннатга тушиш ваъда қилинарди. Лекин бу аёллар оддий жанггариларга секс хизмати қилганини мен кўрмадим. Улар фақат мартабали қўмондонларга “хизмат” қилганларига гувоҳ бўлдим”, дейди Шерко Умар.

Журналистнинг, ҳамма жанггарилар ҳам бу ваъдаларга ишонармиди, деган саволига Шерко Умар бундай деб жавоб беради:

“Одамларнинг бошлари танасидан жуда қилинаётган бир шароитда бу гапларга ишонмасликнинг ўзи қийин эди. Лекин кўплаб хорижий жанггарилар бу амалларнинг Қуръонда шарҳланишини яхши тушунмас эди. Ҳеч нарсани тушунмайдиган, кўзлари сўқир бўлиб қолган бу хорижий жанггариларни¸ асосан¸ худкушлик учун тайёрлашар эди. Жаннатдаги ҳурлар билан уларнинг мияларини тўлдиришар эди”, деди Умар.

2014 йилинг бошидан Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудини босиб олган жанггарилар ўзини “Исломий давлат” гуруҳи деб тақдим этмоқда ва ўзи босиб олган ҳудудларда исломий халифат қурилганини иддао қилмоқда.

Асосан сунний мазҳабидаги кўп миллатли жанггарилардан ташкил топган "Исломий давлат" жанггарилари¸ асосан¸ Сурия ва Ироқда уларнинг қўлига тушган шиа мазҳабидаги аскарларни қатл қилиб келмоқдалар.

Ироқ ва Сурияда халифалик эълон қилган "Исломий давлат" жанггарилари америкалик журналист Стивен Сотлоффнинг боши танасидан жудо қилингани акс этган видеони 2 сентябрь куни тарқатган эди.

Британия фуқароси Дэвид Ҳэйнснинг боши танасидан жудо қилингани акс этган видеолавҳа 13 сентябрь куни Интернетга қўйилган эди.

Бу гуруҳ, шунингдек, бошқа диний озчилик вакилларини ҳам қатл қилиш билан шуғулланмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, бу гуруҳ таркибида камида 15 мингта жанггари жанг қилмоқда.

Жумладан 100 киши АҚШдан, 2000 киши Европадан, Марказий Осиё давлатларидан эса мингдан ортиқ жанггари жанг қилаётгани айтилади.

Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари ўз давлатидан қанча одам "Исломий давлат” сафида жанг қилаётгани ҳақида хабар бериб турган бир пайтда, Ўзбекистон ҳукумати бу ҳақда лом-мим демаётир.

Норасмий маълумотларга кўра, Суриядаги жанггарилар сафида юзлаб ўзбекистонликлар бор.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон яқинда Сурияда тожикистонлик 200 нафар жанггари борлигини айтар экан экан, улардан 30 нафари жангларда ўлдирилганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG