Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:09

“Хуросон” ҳаракати ИШИДдан ҳам хавфлими?


"Исломий давлат" байроғини кўтарган жанггарилардан бири.
"Исломий давлат" байроғини кўтарган жанггарилардан бири.

Усома бин Ладиннинг ўнг қўли бўлган Муҳсин ал-Фазлий бошчилигидаги “Хуросон” деб аталувчи ҳаракат дунёга “Исломий давлат” гуруҳидан ҳам кўра кўпроқ таҳдид солиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ разведкасидаги манбаси сўзларига таянган ҳолда ёзган Қозоғистоннинг kursiv.kz нашрига кўра, мазкур ҳаракат аъзоларининг ўз олдларига қўйган мақсадларидан бири Марказий Осиё мамлакатлари дохил Хуросон давлатини тузишдир.

Ал-Фазлий Сурия, Ироқ ва Афғонистонда жанг қилаётган исломий жанггариларга янги кучлар етказиб бериши билан маълум. Бу кишилар орасида Марказий Осиё республикалари ва Қозоғистондан бўлган жанггарилар ҳам кам эмас. Ал-Фазлий Ал-Қоидага бевосита ҳомийлик қилиб туришда ҳам гумонланади. АҚШ разведкаси бу одам ҳақидаги маълумот учун 12 миллион доллар ваъда қилган.

АҚШ махсус хизматлари маълумотларига кўра, “Хуросон” гуруҳи “Жабҳатун-Нусра” жанггарилари билан бирикиши ва жаҳон ҳамжамиятининг “Исломий давлат” гуруҳини йўқ қилиш билан оворалигидан фойдаланиб қолиши мумкин.

Шунингдек, ИШИД билан боғлиқ воқеалар Афғонистон, ундан кейин эса Марказий Осиёнинг бошқа республикаларига ёриб кириш учун куч йиғиш учун ўйлаб топилган, деган тахминлар ҳам бор.

Қизиғи шундаки, “Исломий давлат” гуруҳи ҳам ўз олдига Хуросон номли исломий халифалик барпо қилишни мақсад қилиб қўйган. Ғарб мамлакатлари махсус хизматлари маълумотига кўра, АҚШ қуролли кучлари Ироқда муваффақиятга эришиши қабатида “Исломий давлат” жанггариларининг “Хуросон” гуруҳига ўтиб кетиш эҳтимоли мавжуд.

- “Хуросон” гуруҳига келсак, биз уни Арабистон ярим оролида жойлашган Ал-Қоиданинг бир қисми, деб ҳисоблаймиз. Бу гуруҳи, энг аввало, учоқларга ҳужумлар уюштиришдан манфаатдор. Бу жуда хавфли, чунки бу гуруҳда пул, ҳужумларга тайёр бўлган техник воситалари ва жанггарилар бор. Буни ҳечам эсдан чиқариб бўлмайди. Бу хавф ҳамон жуда жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда, - дейди АҚШ Конгресси Намояндалар палатасининг разведка ишлари бўйича қўмитаси раиси Майк Рожерс.

Тарихда катта Хуросон нафақат Эрон, балки Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларини қамраган ўлка бўлган. Юксак маданият ва маърифат ўчоғи бўлган бу ерда жаҳонга машҳур Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа мунавварлар яшаб ўтган. Аммо “Хуросон” гуруҳи учун бу ҳудуд аксар мусулмонлар истиқомат қилувчи жўғрофий аҳамиятга эга жойгина бўлиб ҳисобланади.

Исломийларнинг ҳозирдаги талқини бўйича Хуросон деб номланган азим давлатга Андалус, Болқон ярим ороли ҳамда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари кириши керак. Уларнинг харитасида аксар аҳолиси шиалардан иборат бўлган Эрон деган мамлакатнинг ўзи йўқ.

kursiv.kz нашрига интервью берган қозоғистонлик сиёсатшунос Султанбек Султангалиев Қозоғистоннинг ўзи учун исломий гуруҳлар ҳозирча ҳеч қанақа реал хавф-хатар туғдирмаётганини, бироқ диний экстремизм хавфи Ўзбекистон учун асосий муаммо бўлиб ҳисобланишини қайд этади.

- Ёши бир жойга етган президент Ислом Каримовнинг ҳокимиятдан кетишига кўп қолгани йўқ. Авторитар режим ҳукмрон бўлган ва ҳокимиятнинг бир кишидан иккинчи кишига топширилиши бўйича демократик анъаналар йўқ бўлган, бир-бири билан рақобатлашаётган аймоқлар мавжуд бўлган бир шароитда қўшни давлатда беқарорлик даври бошланиши эҳтимоли катта. Бу беқарорлик фуқаролар урушига айланиб кетиши ҳамда Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Исломий жиҳод иттифоқи каби диний-экстремистик гуруҳларнинг кескин кучайиб кетишига олиб келиши мумкин. Мен Ўзбекистонда экстремистик гуруҳларнинг ҳокимият тепасига келиш истиқболи анча юқори, деб баҳолаган бўлардим, - дейди Султанбек Султангалиев.

XS
SM
MD
LG