Линклар

logo-print

Россиядаги миллий озчилик вакилларининг айримлари БМТга етиб келмади


БМТ анжуманига етиб боролмаган қрим -татарлар ҳимоячиси Нодир Бекиров.

БМТ анжуманига етиб боролмаган қрим -татарлар ҳимоячиси Нодир Бекиров.

Россиядаги миллий озчилик вакиллари БМТнинг Нью-Йоркда ўтаётган миллатлар анжуманига бора олмаганлари учун Кремлни айбламоқда. БМТ йиғинига бораётганларга мамлакатни тарк этмасликлари учун турли тўсиқлар қўйилган.

БМТ мажлисига чақирилганларнинг айримлари аэропортга кетаётганларида турли таҳдидларга учраганини, айримлари эса Россия чегарачилари уларнинг паспортларини йиртиб, яроқсиз ҳолга келтирганини иддао қилмоқда. БМТнинг туб миллатлар масаласига бағишланган Бутунжаҳон анжумани Нью Йоркда 22 сентябрда бошланган.

Мазкур йиғинга отланган қрим-татар фаоли Нодир Бекиров уни 18 сентябрь куни номаълум шахслар Симферополдан Жонқўйгача таъқиб қилганини айтди. Бакировга кўра, ниқобли одамлар у кетаётган таксини тўхтатиб, паспортини куч билан тортиб олишган.

Қрим туб аҳолисини ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари Нодир Бекиров Жонқўйда поездга ўтириб, Киевга боришни ва у ердан Нью Йоркка учишни кўзлаган экан. Лекин паспорти тортиб олингач, у Қримдан чиқиб кета олмаган.

Қрим-татар делегациясининг яна бир вакили Гаяна Юксел Жонқўйдан Киевга кетаётганида унинг паспорти полиция томонидан мусодара қилинган. Бу ҳақда Россия матбуоти хабар тарқатди.

Москванинг Шереметьево аэропортида эса Шимолдаги туб майда халқларга кўмак кўрсатиш Россия маркази раҳбари Родион Суляндзининг паспорти Россия чегарачиси томонидан яроқсиз аҳволга келтирилгани айтилди. Суляндзининг айтишича, унинг паспортини чегарачи олиб, бошқа бир хонага кириб кетган. Орадан бир оз ўтгач эса, чегарачи Родион Суляндзига унинг паспортида бир неча саҳифа етишмаслигини, паспорт яроқсизлигини билдирган.

Орадан бир кун ўтиб, яъни 19 сентябрда Шереметьево аэропортида анжуманга кетаётган Анна Накайчинанинг паспортидан ҳам бир неча саҳифа сирли тарзда йўқолиб қолган.

“Агора” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Павел Чиковнинг фикрича, Россия ҳукумати мамлакатда яшаётган ва туб аҳоли ҳисобланган миллий озчиликлар ўз муаммоларини халқаро даражада муҳокама қилишини истамагани учун ҳам мана шундай тўсиқларни қўймоқда.

- Родион бу воқедан беш кун олдин хизмат сафари билан Испанияга бориб келган. Паспортида ҳеч қандай муаммо йўқ эди. БМТнинг анжуманига жўнаб кетаётганда эса паспортидан муаммо топишди, деди Павел Чиков.

Нью Йорк анжуманига боришга муваффақ бўлган саамлар парламенти раиси Валентина Совкина эса Мурманскдаги уйидан чиқаётганда машинасининг балонлари тешиб ташланганини кўрган. У балонларни алмаштиришга улгурган. Аммо аэропортга кетаётганида уни бир неча марта полиция ходимлари тўхтатиб, самолётдан кеч қолдиришга ҳаракат қилган. Совкина аэропортга самолёт учиб кетгачгина етиб келган ва билетини алмаштириб, Норвегия орқали Нью Йоркка учган.

Россия ҳукумати бу можароларга ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

- Мамлакат ҳозир Украина ва унинг атрофидаги воқеалар туфайли жазавада турибди. Шунинг учун Россияда миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш принципи, федерализация масаласини кўтарадиган одамларнинг барчаси махсус хизматлар назоратига олинган, деди ҳуқуқ фаоли Павел Чиков.

Россия анжуманда қрим татарлари лидерлари Мустафо Жамилев ва Рефат Чубаров иштирок этаётгани учун БМТга расмий норозилик мактубини топширди.

Россия ҳукумати томонидан қўйилган тўсиқларга қарамай, 28 делегатдан 23 нафари Нью Йорк анжуманида қатнашишга муваффақ бўлди.

Нью Йоркда икки кун давом этган конференцияда дунёнинг турли давлатларидан мингдан ортиқ делегат иштирок этди.

XS
SM
MD
LG