Линклар

"Қора рўйхат"га тушган журналист чегарада сарсон бўлди


Чегара-ўтказиш пунктидаги навбат.

Чегара-ўтказиш пунктидаги навбат.

Пахтага мажбурий сафарбарлик жараëнини кузатаëтган журналист ва ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов Қозоғистонга боришда уч соат, қайтишда ҳам уч соат ушлаб турилди. Ўзбекистонда журналист ва сиëсий фаолларнинг “қора рўйхати” борлигини айтган суҳбатдошлар “тамғаланган” тарзда юришга кўникиб қолганини айтмоқдалар.

Пахтага мажбурий сафарбарлик жараëнини кузатаëтган журналист ва ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов Қозоғистонга боришда уч соат, қайтишда ҳам уч соат ушлаб турилган.

Журналистнинг Озодликка айтишича, унинг исми Ўзбекистон чегарачиларинг компютерида махсус ишорат билан белгиланибди:

- 20 сентябр куни Қозоғистоннинг Сариоғоч шаҳрига бориб келиш учун чегарадан ўтаëтганимда мени текшираëтган чегарачилар саросимага тушиб қолишди. Бир менга, бир компютер ойнасига қарашди. Паспортимни текширган чегарачи компютердаги қандайдир маълумотларни жиддий хавотир билан узоқ вақт ўқиди. Кейин у бошлиқни чақирди. Бошлиқ мени ўзи билан олиб кетиб, вақтинча тўхтатилганимни билдирди, - дейди суҳбатдош.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновнинг айтишича, чегарачилар Тошкентга телефон қилиб, бир соат гаплашганидан кейин журналистнинг Ўзбекистондан чиқарилишига изн берилган.

У Қозоғистондан қайтиб, айни чегара назорат постидан ўтганида яна ўша манзара такрорланган - Тихонов Қозоғистонга чиқишда ҳам уч соат ушлаб турилган.

Суҳбатдошга кўра, уч соат мобайнида унинг қўл телефони олиб қўйилган.

Чегара постидаги мулозимларидан бирининг Тихоновга айтишича¸ чегарачилар компютеридаги “қора рўйхат”га тушганлар МХХнинг алоҳида рухсати билангина четга чиқарилади.

- Бу рухсат телефон воситасида ҳар сафар олинади. Биометрик паспорт олганингиз ва чиқиш визаси урилганидан қатъий назар, сиз доимо тўхтатиб туриласиз¸ - дейди ангенлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов.

Интернетдаги uznews.net нашрининг ëзишича¸ Қозоғистон чегарасида анренлик Дмитрий Тихоновга , унинг биометрик паспортида, чегарачилар томонидан астойдил кўрикдан ўтказиш ва Тошкентга сим қоқиш мажбуриятини юкловчи ахборот борлигини айтишган.

Тамғаланган журналистлар

Ўзбекистонда журналист ва сиëсий фаолларнинг “қора рўйхати” борлигини таъкидлаган мустақил журналист Алексей Волосович доимо “тамғаланган” тарзда юришга кўникиб қолганини ҳам айтади:

- Қора рўйхат борлиги юз фоиз рост. Ҳар доим чегарадан ўтаëтганимда камида бир соат тафтиш қилинаман. Чегарачилар доим кимгадир қўнғироқ қилиб, чегарадан ўтиш-ўтмаслигим масаласини муҳокама қилишади. Бу ҳолат шу кунларда кучайди. Биринчидан, пахта сафарбарлиги, иккинчидан, сайловолди ваҳимаси боис журналист ва ҳуқуқ фаоллари устидан назорат кучайди, - дейди суҳбатдош.

Ўтган ҳафта Чикаго-Истанбул-Тошкент рейси билан Ўзбекистон пойтахтига учиб келган мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракати лидери Баҳодир Чориевнинг хотини ва ўғли аэропорт ташқарисига чиқарилмай, Ўзбекистондан депортация қилинган эди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулованинг Озодликка айтишича, Феруза Хуррамова ва унинг 9 яшар ўғли Дадахон Чориев мамлакатга кириши тақиқланган шахслар рўйхатида бўлганлари учун Ўзбекистон ичкарисига қўйилмаган.

Кўп ҳолларда Ўзбекистон чегарасидаги журналистлар устидан қаттиқ назорат уларнинг тақдирини тубдан ўзгартириб юборадиган омил сифатида кўрилади.

Бундан 4 йил олдин “Америка овози” мухбири Абдумалик Бобоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244, 140, 139, 223-моддаларига биноан туҳмат ва ҳақорат, Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатишда айбланганидан кейин мамлакатни тарк қилишга мажбур бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG