Линклар

Ўзбекистон ўзини танқид қилган фуқароларидан ўч олмоқда


Журналист Муҳаммад Бекжон.

Журналист Муҳаммад Бекжон.

Ўзбекистондаги сиëсий режимни танқид қилган ҳуқуқ ҳимоячилари, журналист ва ўзгача фикрли бошқа маҳкумларнинг ўзбек қамоқларида қийноққа солиниб, таҳқирланаëтгани HRWнинг навбатдаги ҳисоботига мавзу бўлди. Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида таъкидланишича¸ Ўзбекистон қамоқларида минглаб маҳкум режимни танқид қилгани учун, ҳукумат қуюшқонидан ўзга тарзда эътиқод қилгани боис қийноққа солинмоқда.

121 вараққа жо бўлган ҳисботда ўзбек қамоқхоналарида йиллаб жазо ўтган ва ўтаëтган 34 нафар таниқли сиëсий маҳбус ҳақида батафсил маълумот бор.

Сиëсий айблар билан қамоқда қолаëтган икки таниқли журналист ва ўнлаб фаол ҳақидаги бу маълумотлар 150 та интервью ва Ўзбекистон қамоқхоналаридан озод қилинган 10 нафар собиқ маҳкум билан қилинган суҳбатларга асосланган.

- Ўзбекистон ҳукумати ўз танқидчиларини қамоқда шафқатсиз қийноққа солмоқда. Айни пайтда расмий Тошкент бу қийноқ мавжудлигини дунë жамоатчилигидан яширишга тиришмоқда. Расмий Тошкент сиëсий маҳбуслар борлигини ҳам инкор қилаётир, - дейди Ҳюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиë бўйича вакили Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда.

"Ўзбекистон зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз сиëсий маҳбусларни қамоқдан озод қилиши ва қийноқларга барҳам бериш лозим", дейди суҳбатдош.

Ҳюман Райтс Уотч чиқарган янги ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи аввалда бўлгани каби абгорлигича қолмоқда, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш йўлида бирор мазмунли иш қилмаган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг пайшанба куни эълон қилган ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон жиноий адлия тизимида қийноқлар мунтазам қўлланилади, мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар кенг ва систематик тус олган.

Ҳукумат фуқаролик жамияти фаоллари, мухолифат аъзолари ва журналистларни, мустақил диндорларни таъқиб этишда давом этмоқда.

"Расмийлар фуқаровий жамият фаоллари, мухолифат аъзолари ва журналистларни нишонга олишда ва давлатнинг кучли назоратидан ташқарида ибодат қилувчи диндорларни таъқиб этишда давом этмоқда", дейилади Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида.

Ташкилот ҳисоботида ҳозир қамоқда қолаётган ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар, жумладан, Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг номлари келтирилади.

Ҳисоботда узоқ йиллардан буён қамоқда қолаётган сиёсий маҳбусларга нисбатан амнистия қўлланилмай келгани айтилади.

Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқиши керак бўлган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати 4 йил 8 ойга узайтирилган эди.

Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида Ўзбекистондаги 34 сиëсий маҳбусдан 29 нафари қийноққа солингани борасида тафсилот ва далиллар келтирилади.

Уларнинг резина тўқмоқ, сув тўлдирилган баклашкалар билан калтакланганига оид тафсилотлар ҳисоботдан ўрин олган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг пайшанба куни эълон қилган ҳисоботида қайд этилишича, электрошок билан қийнаш, жинсий таҳқирлаш, номусига тегиб зўрлаш¸ пластик қоп кийгизиб бўғиш¸ противогаз кийгизиб, нафас олдирмаслик каби қийноқ турлари Ўзбекистонда кенг кўлам касб қилган.

Ҳисобот тақдимотида қатнашган журналист Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатни мана бу ерда тинглаш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG