Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Лицензиядан мосуво этилган “Миллион” гуруҳи эътирозларини билдирди


Тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлаган ва биноларни ноқонуний буздирган ҳокимлар жазоланди. Фарғонада хўрозбозлик қилган собиқ милиция ходими ҳибсга олинди. Ўзбекистонда илк бор зайтун дарахти ўстирилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлаган ва биноларни ноқонуний буздирган ҳокимлар жазоланди”

Мамлакат бўйича қонун талабларини бузган бир қатор ҳоким ва ҳоким ўринбосарларига турли даражада жазо тайинланди (“Ҳуқуқ”, 25 сентябрь).

Қарши шаҳар ҳокими А.Ачилов шаҳардаги 100 та хўжалик юритувчи субъектни футбол учун ҳомийлик маблағи ўтказишга мажбурлаган. Пахтаобод ҳокими Ж.Ҳожиев эса якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли ерни бошқа фуқарога ўтказиш ҳақида ноқонуний қарор чиқарган.

Ғиждувон ҳокимининг биринчи ўринбосари В.Исмоилов фуқароларнинг ер ажратиш ҳақидаги аризаларини ўз вақтида кўриб чиқмаган. Ушбу ҳолатлар юзасидан расмийлар маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга жарима жазоси тайинланган.

Наманган шаҳар ҳокими ўринбосари А.Ҳайдаров 5 та тадбиркорга тегишли савдо дўконларини бузиш ҳақида ноқонуний қарор қабул қилган. Унга нисбатан ҳам маъмурий жазо тайинланган.

“Наманганда катта миқдорда маблағ талон-тарож қилган оқсоқоллар ҳибсга олинди”

Намангандаги бир нечта маҳалла оқсоқоли давлат мулкини талон-тарож қилиш ва таъмагирликда айбланиб ҳибсга олинди (“Диёнат”, 25 сентябрь).

Янгиқўрғон тумани “Қораполвон” маҳалласи раиси Баҳодир Бозоров маҳалла котиби А.Мамадалиев билан бирга катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилган.

Янгиқўрғон тумани “Зарбдор” маҳалласи раиси Қурбонбек Айдаровга ҳам айни шу айб билан жиноий иш очилган. Маҳалла оқсоқоли ва унинг котибасига очилган ишга кўра, вояга етмаган болаларга нафақа тайинлаш учун пора ҳам олинган.

“Ўзбекистон қонунчилигига сайлов тартибини бузганлик учун маъмурий жазо киритилди”

Ўзбекистон қонунчилигига сайлов тартибларини бузган мансабдорлар учун маъмурий жавобгарлик киритилди. Ҳозирга қадар бу борада фақат жиноий жавобгарлик мавжуд эди (“Адолат кўзгуси”, 25 сентябрь).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, сайлов ва референдумни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги 8 турдаги ҳуқуқбузарлик учун жазо берилади. Масалан, Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашган мансабдор энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

Номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон ахборот тарқатган мансабдор эса энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараварига жаримага тортилади.

“Миллион”: саҳнага мажлис ўтказайлик деб эмас, томоша кўрсатайлик деб чиқамиз”

Қалтис ҳазиллари учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан лицензияси олиб қўйилган “Миллион” гуруҳи бу борада ўз эътирозларини билдирди (“Даракчи”, 25 сентябрь).

Жамоа етакчиларидан бири Даврон Кабуловга кўра, лицензия олиб қўйилишига сабаб бўлган сўнгги томошани кўрсатишдан аввал сценарийнинг хомаки ва якуний кўриниши “Ўзбекнаво” мутасаддилари назаридан ўтказиб олинган. Лекин негадир орадан 5 ой ўтиб бу борада чора кўриш ёдга тушиб қолган.

“Ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказади”, дейишибди. Йиллар мобайнида шаклланадиган тарбия қандай қилиб уч соатлик дастур давомида бузилиши мумкин?” деган Даврон Кабулов.

Айни пайтда, у “Миллион” жамоаси саҳнага мажлис ўтказиш учун эмас, томоша кўрсатиш учун чиқишини таъкидлаган.

“Ўзбекистонда илк бор зайтун дарахти ўстирилди”

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова Сурхондарё вилоятида зайтун кўчатини парваришлаб илк бор ундан мева олди. Бу ҳақда бир неча матбуот нашри хабар беради.

Олима узунлиги 15 метр, 500 йилдан 3000 йилгача яшаши мумкин бўлган ушбу ўсимликка Мисрга сафари чоғи қизиқиб қолган. Айни пайтда Ўзбекистонда 1 гектарга экилган зайтундан 35 центнер ҳосил олиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ўсимликни бошқа минтақалар, масалан, Фарғона водийсида ҳам етиштириш мумкинлиги айтилмоқда. Ўзбекистон бозорларида зайтун ёғининг бир литри 40 минг сўмдан қимматга сотилади. Ўсимликнинг Ўзбекистонда ўстириш орқали зайтун мойи баҳоси тушириш ҳам кўзда тутилган.

“Фарғонада хўрозбозлик қилган собиқ милиция ходими ҳибсга олинди”

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси тизимида ишлаб келган шахс хўроз ўйинлари ташкил этгани учун қўлга олинди (“Инсон ва қонун”, 23 сентябрь).

Исми ошкор этилмаган шахс ички ишлар тизимидан ишдан бўшагач Фарғона шаҳрида хўроз ўйини ўтказиш учун 500 киши сиғадиган жой ташкил қилган.

Қимор ўйини – хўроз уриштириш сешанба ва шанба кунлари ўтказилган. Ўртага тикилган пулнинг ўндан бири собиқ милиция ходимига чўтал сифатида берилган.

Бундан ташқари, томошага келган кишилардан ҳам пул йиғиб олинган. Хўроз уриштирувчилар ички ишлар идораси ва Миллий хавфсизлик хизмати ҳамкорликда ўтказган амалиётда қўлга олинган.

“Миллий кутубхона йигит-қизларнинг учрашув жойига айланиб қолмоқда”

Тошкентдаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси йигит-қизларнинг учрашув жойига айланиб қолмоқда, “учрашув”га келганларнинг шовқин-сурони эса кутубхонага илм олиш мақсадига келганларга халақит бермоқда (“Оила даврасида”, 25 сентябрь).

“Кутубхона билим маскани бўлгани билан ҳамма ҳам бу ерга илм олиш, ўқиб-ўрганиш учун келавермайди... Айрим талаба йигит-қизлар эса бу ерни учрашув маскани деб ўйлаб келади шекилли. Зални хўжакўрсинга тўлдириб ўтириб, тайинли машғулот билан шуғулланмайдиган, фақат гап сотишдан нарига ўтмайдиган йигит-қизлар ҳам, афсуски, йўқ эмас”, деган кутубхона ходими.

XS
SM
MD
LG