Линклар

Озодлик Қашқадарёнинг Нишон туманида мактаб ўқувчилари пахта тераётгани фактини аниқлади ва бу борада маҳаллий ҳокимият вакиллари билан мулоқоти ортидан болалар мактабга қайтарилди. Нишондаги ҳолат Ўзбекистонда ҳукуматнинг қатъий кўрсатмасига қарамай, мактаб ўқувчиларини пахта теримига чиқаришга оид Озодликка маълум илк ҳолатдир.

Қашқадарёнинг Нишон тумани пахта далаларида тўққизинчи синф ўқувчилари ҳам пахта термоқда. Бу ҳақда қашқадарёлик Мансур Озодликка маълум қилди.

–Ҳозир бу ерда мактабнинг тўққизинчи синф ўқувчилари ҳам, коллежнинг талабалари ҳам пахта теряпти. Нишон ва Деҳқонобод туманини болалари, - деди Мансур.


"Мактаб ўқувчилари пахтани ўқиш пайти тераяптими ёки ўқишдан кейинми?" деб сўраймиз Мансурдан.

-Пахтага келгандан кейин ўқиш пайти бўлади-да, кунузоқ теришяпти, - деди Мансур.

Қашқадарё далаларида болалар пахта тераётганини деҳқонободлик Розия опа ҳам тасдиқлади.

–Ўзи болаларни пахтага бу йил чиқармаяпти. Айрим ота-оналар ўзини ўрнига болаларини чиқараяпти, - деди Розия опа.

Нишон тумани ҳокимиятидагилар эса бу йил 18 ёшдан кичик бўлган болалар пахтага чиқарилаётгани ҳақида аҳолидан олинган маълумотларни рад этди:

-Болалар ўқишини ўқиаяпти. Ҳеч қанақа пахта йўқ, - деди Нишон тумани ҳокимиятининг исмини айтмаган расмийси.

Тушдан кейин Нишон туманидан яна хабар олдик. Ҳокимият ва прокуратура ходимлари келиб далада пахта тераётган болаларни мактабига олиб кетган.

-Далага келиб ҳаммасини олиб кетишди, мактабига. Уларни ўрнига қари бўлса ҳам ота-онаси келишди. Мазаси бўлмаганидан кейин ўрнига болаларини жўнатган экан. Прокуратурадан келишди, болаларни қайтариб олиб кетишди, - деди Мансур.

Бу йил Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари ва коллежларнинг биринчи курс талабалари пахтага чиқарилмаслиги айтилган. Улар ўрнига давлат ходимлари ва бюджет корхоналари ходимлари пахтага чиқарилмоқда.

Нишон туманида пахта тераётган Деҳқонобод касалхонаси ходимлари мажбуран далага ҳайдалганликларини айтишади.

-Главрачимиз пахтага чиқмасанг ишдан ҳайдайман, деяпти, мажбурмиз. Мен ўзи фельдшерман, беморларга ёрдам беришим керак. Ҳозир мен ишлайдиган касахонани саксон фоиз ходими шу ерда пахта теряпти. Шароит оғир. Етмиш одамни битта палаткага тиқиб ташлаган. Сув йўқ. Шакар бўлса чой етмайди. Овқат беради, сувда иккита макаронни қувлаймиз. Уйга ўлгимиз борса керак, - дейди исмини айтамган деҳқонододлик фельдшер.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирувчи Cotton Campaign ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлашга ва бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG