Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:20

Қамашида пахтага кам ўқитувчи чиқарган мудир ишдан олинди


Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани халқ таълими бўлими мудири пахта теримига кам ўқитувчи чиқаргани учун ишдан олинди. Гувоҳларнинг айтишича, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев пахта теримига оид йиғилишда мудирни ҳақоратлаб, ишдан ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олган.

Қамаши тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Абдуғаффор Эшмуродовнинг пахта теримига оид йиғилишда ҳоким томонидан ишдан бўшатилгани ҳақида туман мактабларидан бирида ишлайдиган ўқитувчи хабар берди:

“Кеча Қамаши тумани РайОНО мудири (яъни ўқитувчилар туман бошқармаси бошлиғи) пахта теримига етарлича одам чиқармагани учун ишдан олинди. Мажлисда қатнашган директоримизнинг айтишича, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев районо мудири Эшмуродовни ҳақоратли сўзлар билан сўкиб, мажлис залида ишдан бўшаши ҳақидаги аризасини олган”, деб ёзади қамашилик ўқитувчилардан бири.

Ушбу мажлисда иштирок этган Қамашидаги мактаблардан бирининг директори ҳам Эшмуродовни ишдан олинганини тасдиқлади:

“Ҳоким бизга ўқитувчиларнинг камида 50 фоизини пахта теримига чиқариш ҳақида фармойиш берган. Ярим тунгача давом этадиган ҳар бир мажлисда қанча ўқитувчи пахтага чиқди деб, ҳисобот сўрайди. Бу мажлисдаги ҳисоботда ўқитувчилар сони оз кўрсатилганми, ҳоким мудирни қаттиқ олди, сўкиб ҳам юборди. Кейин ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини ёздириб олди”, деди мактаб директорларидан бири.

Туман халқ таълими бўлимлари юридик жиҳатдан фақат вилоят халқ таълими бошқармасига ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига бўйсунса-да, вилоят ҳокимлари уларни ўзбошимчалик билан ишдан бўшатиб юбормоқда.

Озодлик ана шу масалага муносабат олиш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан боғланганида, ҳоким ёрдамчиси бу воқеадан хабари йўқлигини айтиб, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Озодлик Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси мудири Тўра Саидов билан ҳам боғланди. "Эшмуродовнинг ҳоким томонидан ишдан бўшатилиши тўғрими?" деган саволига Тўра Саидов: “Бунинг нимаси сизга қизиқ?!” деди-да, гўшакни илиб қўйди. Озодлик қайта боғланганда эса: “Бошқа жойга тушдингиз” деб алоқани узиб қўяверди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими Баҳриддин Шералиев бундан икки ҳафта аввал Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб қилинишига вазирликнинг алоқаси йўқлигини билдирган эди:

- Вазирлик томонидан ўқитувчиларни пахтага чиқариш бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган, - деган эди Баҳриддин Шералиев.

Қамашидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, вазирликнинг ўқитувчиларни дала ишларига жалб қилмаслик ҳақидаги қарорларини маҳаллий ҳокимият писанд қилмайди:

- Ҳозир ҳар бир мактабдаги ўқитувчиларнинг ярми ётоғи билан Миришкор туманига жўнатилган. Улар қайтганидан сўнг биз кетамиз. Ўқитувчидан сўраб ўтирмайди, хоҳлайсанми пахтага чиқишни ёки йўқ, деб. Бормасанг, ўрнингга одам ёллаб жўнатишинг шарт, бўлмаса ишдан ҳайдаласан. Ўқитувчилар, директорлар бевосита ўз раҳбарларига эмас, балки маҳаллий ҳокимларга бўйсунадиган, уларнинг мардикорига айланиб қолган. Болаларнинг саводи ҳақида ўйлаш учинчи, тўртинчи планга тушиб қолган, - деди мактаб ўқитувчиси.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро босимлар остида мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG