Линклар

logo-print

Бошқирдистонда ўзбекистонлик муҳожир ўз фарзандини ўғирлашда айбланмоқда. У россиялик аёлдан бўлган фарзандини Ўзбекистонга олиб чиқишга уринаётганида чегарачилар томонидан ҳибсга олинди.

Жорий йилнинг 21 сентябри кечки пайт Бошқирдистондаги Стерлитамак шаҳри полиция бўлимларидан бирига 5 яшар қизчаси ўғирлангани хабар қилган аёл мурожаат қилди.

Бошқирдистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмийси бола ўғрилигида айбланиб, Стерлитамак фуқароси бўлган бу аёлнинг собиқ эри – ўзбекистонлик муҳожир дарҳол қидирувга берилганини айтди.

- У Ўзбекистондан махсус келган экан. Собиқ рафиқаси яшайдиган уйнинг ҳовлисида қизалоқ бувиси билан сайр қилиб юрган. У қизчани олиб, машинага ўтқизади ва олиб кетади. Биз полицияда уни қидирувга бердик ва у ҳақда маълумотларни қўшни вилоятларга тарқатдик. Эртаси куни, ўғирлашдан 8 соатлар ўтиб, ота-бола Ўзбекистонга чиқиб кетишда Оренбург вилояти чегарасида ушлаб қолинди, - дейди полиция бошқармаси вакили.

Чегарачилар ўғирланган беш яшар болани ўзининг ўзбекистонлик бувиси ва отаси билан машинадан топгани айтилди.

Терговчилардан маълум бўлишича, исми сир сақланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири 2008 йилда Стерлитамакда рус аёли билан оила қурган. Тинимсиз оилавий жанжаллар туфайли улар бир неча йилдан кейин ажрашишга қарор қилган.

Бироқ, оиласи бузилиб кетган эр-хотин бола ким билан қолиши масаласида келиша олмаган. 2013 йилда эр фарзандини хотинининг рухсатисиз аллақачон Ўзбекистонга олиб чиққани, онанинг босими остида эса ҳуқуқ-тартибот органлари болани Россияга қайтариб олиб келганини билдиришди Бошқирдистон полиция бошқармасида.

- Билишимча, улар ҳозир никоҳини бекор қилиш арафасида. Болани эса онасига соғ-омон топширдик. Ҳозирда тергов Бошқирдистон бўйича Тергов қўмитасига топширилди, чунки Жиноят Кодекснинг 126 моддаси, яъни одам ўғирлаш билан айнан улар шуғулланади, деди Евгений.

Бошқирдистон Республикаси бўйича Тергов қўмитасида Озодлик сўровига бола ўғирлашда айбланаётган ўзбекистонлик вақтинчалик ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Ҳозирда терговчилар ҳодиса тафсилотларини ўрганиб, жиноий иш қўзғатиш-қўзғатмаслик масаласини кўриб чиқаётгани маълум қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG