Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:13

ФМС ўз мутахассислиги бўйича ишламаётган мигрантларни "овламоқда"


Москванинг Медведково мавзесидаги қурилишда ишлаётган бир гуруҳ ўзбек муҳожири ФМС ходимлари томонидан “меҳнат тартибини бузганлик”да айбланиб, ноҳақ депортация бўлаётганидан арз қилиб Озодликка мурожаат қилди. Озодлик илтимосига биноан жаримага тортилган мигрантлар иши билан шуғулланган ҳуқуқ ҳимоячиси уларга кўмак беришнинг бирор иложи қолмаганини аниқлади.

Россия пойтахти шимолидаги савдо дўконини қайта таъмирлаш ишларида ишлаётган 8 нафар меҳнат муҳожири ишга рухсатномада белгиланган касби бўйича меҳнат қилмаётгани боис, депортация қилинаётгани шикояти билан Озодликка мурожаат қилди.

Фаррух исмли шу бригада вакилларидан бири қурилишда бу “менинг ишим, бу эса сенинг ишинг” деган тушунча йўқлигини Миграция хизмати ходимларига бенатижа тушунтиришга уринганини айтади.

- Биз Медведковода метродан чиққанингизда магазинда қурилишда ишлаяпмиз, “Гастроном” деган катта магазинни бузиб, бошқаттан тиклаяпмиз. Бу ерда 20тача ўзбек бола ишлаяпмиз. 8 болани разрешениеси, ҳужжатлари жойида, аммо унга лавозими “плиткачи”, деб ёзган – штукатурка билан шуғулланган, “каменшчик” деб ёзган, бошқа иш билан шуғулланган. “Сен шу ерда ёзилган ишни қилишинг керак”, деб 8 кишини депорт қилворди ҳозир. Улар тожикистонлик, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ўзбек боллар, дейди бригада бошлиғи Фаррух.

Озодликка мурожаат қилган қурувчи муҳожир илгари бундай текширувлар бўлиб тургани, аммо ФМСчилар бу нарсага мутлақо эътибор бериб келмаганини айтади.

Маълум бўлишича, ФМС аллачақон меҳнат қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортиб, 8 кишини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида суд қарорини ҳам топширган.

- Болалар ҳозир қўрқиб ишлаб турибди объектда. Қўлида “выдворениеси” бор. Ўн кун ичида арз қилишинг мумкин деб берган қоғозини. Айтсак тушунмаяпти, документларимиз оригинал, олдин ҳам текширган. Ҳозир эса келиб, ким нима иш қилаётганини расмга олиб, депорт қиляпти. Қолганларга тегмади, улар Россия фуқаролари, дейди бригадасидаги йигитларни қандай қилиб олиб қолиш мумкинлиги устида бош қотираётганини гапирган ўзбекистонлик Фаррух.

Озодлик Медведковода депортация қилинаётган 8 нафар меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш илтимоси билан Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот раҳбари Валентина Чупикка мурожаат қилди.

Вазиятни ўрганиб чиққан “Тонг Жаҳони” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари, бу муҳожирлар ўз депортацияси ўз қўллари билан имзо қўйиб қўйганини аниқлаганини айтди.

- Афсуски, бу беасос айблов эмас ва биз бундай вазиятда ҳеч қанақасига ёрдам бера олмаймиз, чунки, биринчидан, улар ўзлари ишга рухсатномада кўрсатилган лавозимлар бўйича ҳеч қачон ишламаганини тасдиқлаб, имзо қўйган. Улар ўзлари яратган иккинчи муаммо – улар иш вақти қайд қилинадиган табелни талаб қилиб, унда сентябрнинг ўтган 25 куни давомида ўз касблари бўйича ишламагани белгилаб берган. Боз устига, улар бошқа ишлар билан шуғулланаётгани ФМС ходимлари томонидан фотосуратга олинган. Шу учун, бундай вазиятда бизнинг ҳар қандай арз-шикоятларимиз қонун асосида қондирилмайди, деди Валентина Чупик.

Мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси сўнгги вақтларда айниқса Москва шаҳри ва вилоятидаги иш объектларида меҳнат муҳожирларнинг ишга рухсатномасида кўрсатилган касблар бўйича ишлаш талаби ошганини маълум қилди.

Мутахассислар шу тариқа миграция идораси давлатнинг марказий минтақаларида беҳисоб кўпайиб кетган муҳожирлар сонини камайтириб, уларни ишчи кучи зарур бўлган Россиянинг бошқа ҳудудларига чиқиб кетишга ундаётганини гапирмоқда.

Миграция хизмати очиқлаган рақамларга кўра, сўнгги бир йилда қарийб 1 миллион хориж фуқароси Россияга кириш таъқиқланди. Улардан 400 мингтаси Ўзбекистон фуқароларидир.

XS
SM
MD
LG