Линклар

Ўзбекистондаги футбол мухлислари орасида машҳур бўлган Stadion.uz веб-сайти 27 сентябрдан бошлаб ўзбек футболига нисбатан бойкот эълон қилди. Сайт ижодкорларининг ёзишича, ўзбек футболидаги “театрлаштирилган” келишув ўйинлари ўзбек футболининг ривожига тўсиқ бўлмоқда. Бойкот муаллифлари Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарларини зудлик билан матбуот анжумани ўтказишга чақирган.

Ўзбекистонда ва дунёда миллионлаб муштарийга эга бўлган Stadion.uz веб-сайти 27 сентябрь куни ўзбек футболига нисбатан бойкот эълон қилди.

Бу ҳақда сайтда чоп қилинган мақолада айтилишича, сўнгги йилларда ўзбек футболининг тамоман оқсаб қолаётгани, халқаро ўйинлардаги рейтингининг тушиб бораётгани журналистларнинг ана шундай кескин чиқишига сабаб бўлган:

Келишилган ўйинлар, тотализаторга ўйинларни тикиш кундан-кунга авж олиб бормоқда. Ҳаммаёқ "театр". Айниқса, мавсумнинг сўнгида бу ҳолат жуда ҳам авж олади. Медаллар учун курашаётган ва Олий лигада қолишни истаган жамоалар таваккал қилишни, мардларча курашишни исташмайди. Келишади, сотиб олади, керак бўлса ҳакамлар билан "ишлайди", деб ёзилади сайтдаги мақолада.

Ўзбек журналистлари ҳукумат томонидан футболга ажратилаётган катта пуллар бесамар кетаётганига ачинаётганини таъкидлар экан, театрлаштирилган ўйинларда “пишаётган” футболчилар терма жамоа сафидаги ўйинларда оёғи қалтираб қолаётганини айтади:

“Аслида мухлисларни, журналистларни ва футбол оммасини овора қилиб нима қилишади? Ҳаммани овора қилмасдан футболни қоғозда "ўйнаб" қўя қолишсин. Ахир барчаси олдиндан маълум бўлса?!", дейилади мақолада.

Сайтда чоп этилган мақолада келишилган ўйинлардан мисоллар келтирилади:

Хабарингиз бор, "Металлург" - "Бухоро" (4:3) ўйини Европа таҳлил компанияси томонидан келишилган деб топилганди. Ушбу ўйин борасида ФИФА ЎФФдан сўраб-суриштиргани ва ЎФФ раҳбарияти мазкур ўйин ҳақиқатан ҳам келишилган бўлганини тан олганидан хабаримиз бор. Аммо ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамон ушбу ўйин борасида жиддий чора кўрмади. Натижада келишилган ўйинлар "болаламоқда". Ундан кейин бундай шубҳа остига "Сўғдиёна" - "Навбаҳор" (5:4) ўйини олинди. ФИФА, ЎФФ ва барча ўзбек футболи жамоатчилигига "тупуриб" қўйганини кўрсатиб қўйиш мақсадида жамоаларимиз яна бир 5:4ни намойиш қилиб беришди. Клубларимизда, мураббийларимизда, футболчиларимизда на ор бор, на ғурур!”, дейилади баёнотда.

Ўзбек спорт журналистлари мақола сўнгида ЎФФ томонидан келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш бошланмагунича, ўзбек футболи ифлосликлардан тозаланмагунича ўзбек футболини ёритмаслигини маълум қилади.

“Бизга ҳалол футбол керак. Унгача эса Европа ва халқаро футбол билан яшаймиз", деб ёзади журналистлар.

Агар келишилган ўйинларга қарши кураш бошланмаса ФИФАга мурожаат қилишни билдирган журналистлар, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов, ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магомедов, ЎФФ қошидаги келишилган ўйинларга қарши кураш комиссияси бошлиғи Аҳрол Иноятовни спорт журналистлари билан учрашув ўтказишга чорлайди.

Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев Stadion.uz сайти журналистларининг бу бойкотини қўллаб қувватлар экан:"Ҳақиқатан ҳам ўзбек футболи бугун шармандали ҳолатга келиб қолди", дейди:

- Бу журналистлар жуда тўғри ташаббус ва қарор билан чиқишган. Агар шундай қилинмаса олий лигадаги шубҳали ўйинларга қарши ҳеч ким курашмаяпти. Бир нарса аниқки, йилдан йилга стадионлардаги мухлислар сони камайиб кетаяпти. Мухлислар қайси жамоа ютишини олдиндан биладиган бўлиб қолган. Ўзбек футболида ғолиб билан мағлубни аниқлаш қийин деган нарса ўзбек футболида йўқ. Мана, футболи ҳали биздагидай ривожланмаган бўлса ҳам қўшниларимиз стадионларига 5-10 минг одам тушаяпти. Мен ҳали бизда 5 минг томошабин тушган ўйинни кўрмадим. Мана шу асосий кўрсаткич, ўзбек футболининг бугунги аҳволига. Ўйинлар келишилганига мухлислар ўзи баҳо беради, - деди Бобомурод Абдуллаев.

Ўзбекистон футбол федерациясида ишлаган, Озодликка микрофонсиз гапирган мутахассиснинг айтишича, ўзбек футболи бошдан-оёқ коррупциялашиб улгурган:

“Биз Олимпия ўйинларида Араб Амирликларига қарши ўзимизни майдонда ютқазиб қўйган эдик. Ўшанда битта танишим телефон қилиб айтган эди, “Ҳой ўзбеклар, сенлар пулга шунча муҳтожмисанлар, сенларни араблар так-тугинг билан сотиб оляптику”, деб. Мен ишонмагандим. Лекин шундай бўп чиқди, ўзимизни майдонда ютиб туриб ютқазиб қўйдик, кейин. Ўзбек футболидаги ҳамма ўйинлар сотилади, биринчи лигадан бошлаб олийсигача.

Илгари биз вилоятма -вилоят юриб, талантли болаларни излардик, уни топиб моддий жиҳатдан таъминлардик. Энди акси бўляпти, катта ишда ишлайдиганлар ўзларининг талантсиз болаларини тиқиштиряпти, талантли болалар четда қолиб кетяпти. Улар Россияга мардикор бўлиб кетиб, икки-учтаси Россиянинг биринчи лига командаларида ўйнаяпти ҳам. Футболимизни бошида ўз манфаати учун ишлайдиганлар ўтирибди, токи улар жойини бўшатмас ва футболда ҳақиқий танлов бўлмас экан, ҳеч нарса ўзгармайди”, деди собиқ футбол мутахассиси.

Озодлик Ўзбекистон Футбол федерациясига қўнғироқ қилиб, бойкот масаласига муносабат олмоқчи бўлди. Бироқ федерацияда телефон гўшагини ҳеч ким олмади.

P.S.

27 сентябрь кечга бориб Stadion.uz сайти ўз саҳифасидан ўзбек футболини бойкот қилиш ҳақидаги мақолани олиб ташлади. Сайт ижодкорлари бунга шундай изоҳ ёзиб қолдирган:

"Хабарингиз бор, бугун Stadion.uz сайти Ўзбекистон чемпионатидаги келишилган ўйинга қарши ўз норозилигини баён қилган эди. Биз ҳақиқатан ҳам "театрлаштирилган саҳна"ларни ўз сайтимиз орқали ёритмоқчи ёки тарғибот қилмаймиз. Танқидий ва келишилган ўйинларни фош қилиш бўйича мақолалар эса давом этади. Бу бизнинг муҳим позициямиз.

Бугунги мақола мурожаат-хат шаклида ЎзПФЛ ва ЎФФга тақдим қилинди ва биз футболимиз раҳбарларидан спорт журналистлари билан учрашув ташкил қилишни сўрадик. Шу боис, айрим жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бугун эълон қилинган норозилик мақоламизни вақтинчалик сайтдан олиб туришга қарор қилдик.

Аввал ЎзПФЛ раҳбари, кейинчалик эса ЎФФ президенти билан учрашганимиздан кейин сайтимиз орқали бу масалага батафсил тўхталамиз. Унгача эса Фарҳод Магометов ва ЎФФ қошидаги келишилган ўйинларга қарши кураш комиссияси раҳбари Аҳрол Иноятов билан учрашувни кутамиз.

Мақола ҳозирча сайтдан олинганидан ҳеч қандай фожиа ясамаслигингизни сўраймиз. Биз келишилган ўйинларга қарши шу пайтгача курашиб келганмиз ва бундан кейин ҳам курашишда давом этамиз".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG