Линклар

“Исломий давлат” энг бой террорчи гуруҳ ўлароқ эътироф этилмоқда


“Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари.

“Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари.

Сурия ва Ироқ ҳудудининг катта қисмини босиб олиб, “Исломий Давлат” эълон қилган гуруҳ энг бой террорчи гуруҳ экани айтилмоқда. Минглаб бегуноҳ одамни шафқатсиз қатл қилган “Исломий Давлат” жанггариларининг асосий даромад манбаи нефт контрабандаси ва гуруҳ назорат қилаётган ҳудудда яшайдиган миллионлаб аҳолидан йиғиб олинаётган солиқлар экани қайд этилади.

Жорий йил июнь ойидан буён Сурия ва Ироқ ҳудудининг катта қисмини босиб олиб, ўзини “Исломий давлат” деб эълон қилган гуруҳ нефть контрабандаси ортидан бир кунда бир миллиондан уч миллион АҚШ долларигача даромад кўрмоқда.

SkyNews маълумотига кўра, “Исломий давлат” Суриядаги нефт манбаларининг учдан икки қисмини ва Ироқдаги нефть манбаларининг 10 фоизини назорат қилаяпти.

Лондондаги Кингс коллежи таҳлилчиси Петер Ньюманга кўра эса, “Исломий давлат” гуруҳи даромадининг 80 фоизини гуруҳ назорат қилаётган ҳудудларда яшовчи олти миллион аҳолидан йиғиб олинаётган солиқлар ва зўравонлик билан тортиб олинган маблағ ташкил этади.

“Исломий давлат” июнь ойида Мўсул шаҳрини босиб олган пайтда банкларда сақланаётган 400 миллион АҚШ долларини бир кунда қўлга киритган.

Гаровга олинган одамларни озод қилиш эвазига йиғилган 126 миллион доллар ва минтақа музейларидан ўғирланган осори атиқаларни сотишдан тушган 10 миллион доллар “Исломий давлат” гуруҳининг ўз сафига янги жанггариларни ёллаш имкониятини оширган.

Тахминларга кўра, “Исломий давлат” сафида урушаётган жанггариларнинг 40 фоизини хориж давлатларидан келган кўнгиллилар ташкил этади.

Британия ҳукумати маълумотига кўра, Сурия ва Ироқдаги жиҳод ҳаракатларига 500 га яқин британиялик қўшилган.

Британияликлар тараққий этмаган давлатлардан борган кўнгиллиларга нисбатан яхши жанг қила олмаслиги сабабли улар камдан-кам ҳолларда фронт чизиғига қўйилади. Британияликлардан асосан худкуш ҳужумчи сифатида фойдаланилади.

“Исломий давлат” жанггарилари ўз тасарруфидаги ҳудудларни кенгайтириш мақсадида танклар, тўплар ва бошқа турдаги оддий оғир қуроллар билан уруш олиб боряпти. Бу турдаги қуроллар ҳаво ҳужумларида осонгина йўқ қилиниши мумкин.

“Исломий давлат” гуруҳи ҳақиқий давлат сифатида фаолият юритиши учун унга йўллар, нефтни қайта ишлаш заводлари, солиқларни йиғиш ташкилотлари, молия ва бошқа ташкилотлар фалият юритиши зарур.

Бироқ АҚШ етакчилигидаги қарийб 40 давлатдан иборат коалиция “Исломий Давлат” жанггарилари эгаллаган позициялар ва уларга тегишли объектларга ҳаводан зарбалар бермоқда.

Пентагон маълумотига кўра, АҚШ учқичлари Суриянинг Ироқ чегараси яқинида уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида “Исломий давлат”га тегишли нефтни қайта ишлайдиган 12 та кичик завод вайрон қилинган.

“Исломий Давлат” сафида урушганлар хавфсизликка таҳдид

МДҲга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари раҳбарларининг 26 сентябрь куни Москвада ўтказилган йиғилишида Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Николай Патрушев Сурия ва Ироқ ҳудудида “Исломий давлат”нинг 30 мингдан 50 минг нафаргача жангариси борлиги ва улар кундан-кунга “янада қудратли бўлиб бораётгани”ни айтди.

Ғарб давлатлари разведка хизматлари маълумотига кўра, “Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари сони 30 минг бўлиб, улардан уч минг нафари Ғарбий Европа давлатлари фуқароларидир.

Патрушев “Исломий Давлат” жанггарилари сафида урушаётган МДҲ давлатлари фуқаролари ватанларига қайтса, тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид эканини урғулаган.

Ундан олдин Европа Иттифоқининг террорчиликка қарши кураш мувофиқлаштирувчиси Гиллес де Керчов "Ироқ ва Шом Исломий давлати” гуруҳи жанггариларига қўшилган европаликлар сони 3000 кишидан ошганини билдирганди.

Европа Иттифоқи расмийлари жиҳодчи гуруҳлар сафида уруш ҳаракатларида қатнашиб, ватанига қайтганлар ўч олиш мақсадида Европада ҳужумлар уюштириши мумкинлигидан хавотир билдирган.

28 сентябрь куни Ал-Қоидага алоқадор бўлган Суриядаги “Жабҳатун-Нусра” гуруҳи АҚШ етакчилигидаги коалиция учқичлари Сурия ва Ироқдаги жиҳодчиларга ҳаводан зарбалар бераётганини кескин қоралади.

“Жабҳатун-Нусра” эълон қилган баёнотда жиҳодчилар Ғарб давлатлари ва АҚШ етакчилик қилаётган коалицияга аъзо араб давлатларига қарши ҳужумлар уюштиришга даъват қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG