Линклар

logo-print

Обид Асомов: “Миллион” жамоаси лицензияси бекор қилингани тўғри бўлди


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов.

“Миллион” қизиқчилар жамоасининг лицензияси “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан тўхтатилгани бир неча ҳафтадан бери жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда. Бу борада оддий фуқаролар ва таниқли санъаткорлар шахсий мулоҳазаларини билдираяпти. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли қизиқчи Обид Асомов Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнаво” қабул қилган қарорни ўринли, деб ҳисоблашини айтди.

“Миллион” қизиқчилар жамоаси “лицензия шартларида кўзда тутилган ахлоқ-одоб меъëрларидан чиққани ва шаҳвоний мавзуларда юмористик лавҳаларни жамоатчилик олдида ижро қилгани учун” сентябрь ойи ўртасида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси жамоанинг лицензиясини тўхтатгани ҳақида Озодлик ўз вақтида атрофлича хабар берган эди.

Ўшандан бери бу воқеа оддий фуқаролар ва санъаткорлар орасида муҳокама мавзуи бўлиб келмоқда. Бу хусусда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли қизиқчи Обид Асомов ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди ҳамда минглаб томошабин олдида ўзбек урф-одатлари ва анъаналарига зид ҳазил-мутойибалар айтилишига қарши эканини айтди.

- Мен биринчи кўрганимда: "Вой тавба, қандай қилиб саҳнада шундай нарсаларни гапирди?" дедим. ... Улар жудаям қуюшқондан чиқиб кетишган. Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор, - дейди таниқли сўз устаси.

Обид Асомов “Миллион” қизиқчилар жамоасининг лицензияси “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан тўхтатилганини тўғри қабул қилганини қўшимча қилди.

- Улар саҳнада гапириб бўлмайдиган нарсаларни гапиришяпти. Мен “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси “Миллион” қизиқчилар жамоаси лицензиясини олиб қўйганини жуда тўғри қабул қилдим. Чунки бу тарбиявий масала. Кулги ўтаверади. Менинг ёш фарзандларим бор. Улар шуни кўряпти. Ўтириб, бирга кўрдим, улар кулишди. "Болалар нимага куляпсизлар? Бу кулгили эмас-ку", дедим, - дейди Обид Асомов.

Унинг фикрича, қизиқчилар саҳнага чиққанда масъулиятни ҳис қилиши ва ахлоқ-одоб меъëрларидан чиқмаслиги лозим.

- Аския бу - эркак ҳаммом. Фақат эркаклар учун гапирилган. Масалан, базм-тўйларда фақат эркаклар ўтирган. Кейин аския айтилган. Аския ҳам КВНнинг бир тури. Тўғри, у ерда ҳамма нарса сексга бориб тақалади. Лекин аскиянинг ўз қонуни бор. Аскияда очиқ гап йўқ. Аския жуда ўралган,- дейди Обид Асомов.

Қалтис ҳазиллари учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан лицензияси олиб қўйилган “Миллион” гуруҳи бу борада ўз эътирозларини билдирди (“Даракчи”, 25 сентябрь).

Жамоа етакчиларидан бири Даврон Кабуловга кўра, лицензия олиб қўйилишига сабаб бўлган сўнгги томошани кўрсатишдан аввал сценарийнинг хомаки ва якуний кўриниши “Ўзбекнаво” мутасаддилари назаридан ўтказиб олинган. Лекин негадир орадан 5 ой ўтиб, бу борада чора кўриш ёдга тушиб қолган.

- "Ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказади”, дейишибди. Йиллар мобайнида шаклланадиган тарбия қандай қилиб уч соатлик дастур давомида бузилиши мумкин?, - деган Даврон Кабулов.

Айни пайтда, у “Миллион” жамоаси саҳнага мажлис ўтказиш учун эмас, томоша кўрсатиш учун чиқишини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG