Линклар

logo-print

Ўтган ҳафта Тожикистон муфтийси давлат раҳбарига қарши гапирганлар, хорижий ташкилот ва оммавий ахборот воситаларга ишлайдиганлар, хорижда жанг қилаётганлар “гуноҳи кабира”га ботади деган мазмунда фатво чиқарди. Муфтийнинг бу фатвоси ислом демократик бошқарув ва сўз эркинлигига тоқатсиз¸ адолатсизлик ва зулмга мутеликни тарғиб қилувчи дин¸ деган қарашларни қувватлади. Шу тўғрими? Душанба кунги жонли суҳбатда фикр билдиринг!

Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода 25 сентябрь куни чиқарган фатвода айтилишича, мусулмонлар юртида уларга қарши жанг қилган ва ҳар қандай жангларда қатнашганлар, халқни ўз раҳбарига қарши чиқишга ундаганлар, хорижий ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилганлар “гуноҳи кабира”га қўл уриб, Худонинг ғазабига дучор бўлади ва қиёмат куни қаттиқ азобларга гирифтор бўлади.

Муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода Озодлик радиоси мухбирининг ана шу ҳақдаги саволига жавоб берар экан, айнан қайси хорижий ташкилотларни назарда тутганини айтмади:

“Бу ташкилотлар ислом оламидаги тинчлик ва осойишталикка барҳам беришди. Зеро, айнан шу ташкилотлар ва ахборот воситалари одамлар зиёнига ишлашди, одамларни исёнга келтирадиган мақолалар чоп қилишди. Майли, нима ёзса ёзсин, лекин одамлар орасига душманлик эмас, балки дўстлик ва биродарликни тарғиб қилувчи, жамият ва халқ манфаатига мос келувчи нарсалар ёзсин. Мусулмон одам жамиятни беқарор ва беҳаловат қилиш учун ҳеч нарса ёзмаслиги керак. Ёзган нарсасининг ҳар бир нуқтаси учун улар парвардигор олдида жавоб беради. Мен ҳам сўз эркинлигини ҳурмат қиламан, лекин у яратувчи эркинлик бўлиши керак. Биз одамларни сарсону саргардон қилмайдиган сўз эркинлигини истаймиз”, деди муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода.

Сизнингча¸ тожик муфтийсининг бу баëноти¸ дин пешвосининг ҳукмдорга қилган шарқона хушомад ва қуллуғими ëки бу фатво исломий ақидаларга асосланганми?

Динни ҳукуматдагилар манфаати хизматчисига айлантиришнинг исломий ажрими қандай?

Конституциясида ўзини дунëвий ва демократик республика деб эълон қилган Тожикистонда бундай фатво бериш қанчалик қонуний?

Муфтийларнинг бу ва бошқа фатволарига амал қиласизми?

Ватандаги асл вазият ҳақида очиқ гапириш¸ бошқарувда ўтирганларни танқид қилишни гуноҳ деб биласизми?

Бу ҳақдаги фикрларингизни душанба¸ 29 сентябрь куни Тошкент вақти билан 19:05 дан 20:00 гача давом этадиган жонли суҳбатимизда OzodlikOnline, OzodSkype ва OzodOvoz Skype манзилларига боғланиб¸ жамоатчилик билан ўртоқлашинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG