Линклар

Москвада мусулмонни полициядан қутқарганлар жавобгарликка тортилди


Жума кунги ҳодисада мусулмонлар ингуш йигитни полициячилардан қутқариб олди.

Жума кунги ҳодисада мусулмонлар ингуш йигитни полициячилардан қутқариб олди.

Ўтган ҳафта Москванинг Катта Татар кўчасида жойлашган Тарихий масжидга жума намозига келганлар ва ОМОНчилар ўртасида келиб чиққан қарама-қаршилик акс этган видеотасвир ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаб бормоқда. Видеода полиция ходимига ҳужум қилганлик айби билан қўлига кишан солинган мусулмон йигитни озод қилишни талаб қилган юзлаб намозхонлар автобусни қуршаб олгани акс этган. Видеода йигит қўйиб юборилганини кўриш мумкин. Лекин душанба куни полиция воқеа жойида “тартибсизликларни келтириб чиқарган шахслар”нинг барчаси ҳибсга олинганини билдирди.

Мусулмонлар ингуш йигитни полициячилардан қутқариб олди

Интернетда тарқаб бораётган видеороликда Москванинг Катта Татар кўчасидаги Тарихий масжидда ОМОН ходимлари автобусини қуршаб олган юзлаб мусулмонлар тасвирланган. Улар полиция ходимларидан омончилар қўлига кишан солиб олиб кириб кетган муслим йигитни озод қилишни талаб қилмоқда.

Норозилардан бири “Нега уни калтакладингиз? Нима учун одамга бундай муносабатдасиз? Ҳибсга олиш протоколини нега тузмадингиз?”, дея полициячиларни саволга тутса, “Ҳеч ким ҳеч қаерга кетмайди, автобус ҳам шу ерда қолади, агарда уни қўйиб юбормасаларинг!”, деб ҳайқиради норозиларнинг бошқаси.

Видеони тасвирга олган москвалик журналист Али Чаринский Озодлик билан суҳбатда ҳодисага бевосита гувоҳ бўлгани ва омончилар бу йигитни намоз ўқиётганлар ичидан қўпол тарзда тортиб кишанлаб олиб чиққанини гапириб берди.

Журналист Қурбон байрами олдидан Тарихий масжид тўғрисида видеолавҳа тайёрлаётгани сабабли у ерга камера билан келгани айтади.

- Биз кўча бўйлаб намоз ўқишга ҳозирлик кўраётган эдик, чунки ичкарида одам лиқ тўла ва жой қолмаган эди. Биз намоз ўқишни бошлаган пайтимизда менинг олдимдан қўпол тарзда, ҳаммани туртиб-суриб, қўрққанидан рангида ранг қолмаган бир йигитни полициячилар олиб чиқиб кетишди. ОМОН ходими ҳеч ким унга қаршилик кўрсатмаётганини кўриб, қоидалардан бехабарлигиданми – ахир имом ибодатни якунига етказмагунча мусулмон намоз жойини тарк эта олмайди, – ва қолганларнинг индамаётганини қўрқоқликка йўйибми, йигитни олиб кетди. Намоздан кейин биз бир гуруҳ бўлиб полициячилар олдига бордик ва камерани ёқиб, улардан ингуш экани аниқланган болани нега калтаклашганини сўрадик. Полиция ходимлари бу болани ичкарига олиб кириб, ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, тепаётганига ўнлаб одам гувоҳ бўлди,- дейди Али Чаринский.

Журналистга маълум бўлишича, асли ингушетиялик йигит одам лиқ тўла кўчада машинасини қўймоқчи бўлиб, орқага тисарилган пайтда полиция ходимини беҳосдан туртиб юборган. Машинадан тушиб полициячидан кечирим сўраганига қарамасдан, ҳуқуқ-тартибот ходими буни ҳақорат деб қабул қилган ва йигитнинг қўлига кишан солиб, автобус ичкарисига олиб кирган ва калтаклай бошлаган.

Видеода йигитнинг яқинлари автобусга куч билан бостириб кириб, уни ўзлари кишандан халос қилганини кўриш мумкин.

Журналист Али Чаринский роса бир йил олдин ўзи ҳам айни ўхшаш вазиятга тушиб қолгани ва унга ёрдамга ҳеч ким келмагани, бу йил эса бундай бедодликлар ва сиқувлар мусулмонларнинг сабр косасини тўлдириб юборган кўринади, дея сўзида давом этади.

- Ўзим ҳам ҳайратда қолдим! Айтмоқчиманки, мусулмонлар сабр косаси тўлгани сезилиб қолди, афсус: мусулмонларга ноинсоний муносабат, адабиётларнинг тақиқланиши, ҳижобга қарши кураш, масжидларни қуриш ўрнига бузилиши... Илгари мусулмонлар бундай фаоллик кўрсатмаган. Қўрқаётганим, уларга нисбатан провокациялар уюштирилиши байрам арафасида мусулмонларга қарши янги босим ва ноҳақликларни келтириб чиқаради. Мен, айниқса, мусулмон ёшларимизни турли провокацияларга учмасликка ва тартибни сақлашга даъват қиламан,- дейди журналист Али Чаринский.

Ингуш йигитнинг автобусдан озод қилиниши ортидан, Али полиция ходимлари мусулмонлар тарқаб кетганидан кейин ҳодисага мутлақо алоқаси бўлмаган, дуч келган мусулмон йигитни ушлаб, автозакларга тиқиб олиб кетганидан хабар топганини маълум қилди.

Али Чаринский Озодликка ҳозирда у ўзи ҳам квартирасига тинтув учун махфий хизмат ходимлари келишини кутаётганини билдирди.

Тарихий масжидда неча киши қўлга олингани номаълум

Москва шаҳар полиция бошқармаси Татарский кўчасидаги жанжал юзасидан расмий изоҳ берди. “Правда.ру” нашри орқали эълон қилинган тушунтиришда, мусулмон йигит полиция ходимини машинаси билан туртиб кетганини тасдиқлаб, у протокол тузиш учун автобусга олиб кирилгани маълум қилинди.

“Полиция жунбушга келган оломонни масжид ходимлари ёрдамида тинчлантиришга ва ҳодиса сабабчиси ҳамда автобусни ҳужум қилган шахсларни қўлга олди. Икки кишига нисбатан РФ Жиноят Кодексининг 318-моддаси “Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилиш” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилди ва улар ҳибсга олинди”, дея тушунтириш берди Москва полицияси вакили Андрей Галиакберов.

Бироқ, Озодликнинг неча киши ҳибсга олингани ва улар қаерда сақланаётгани борасидаги саволларига полиция жавоб бермади.

- Менинг хабарим ҳам йўқ. Қачон бўлди бу воқеа? Расмий сайтимизда ҳеч нарса бўлмаса, демак ортиқча маълумот бермаймиз,- дея гапни қисқа қилди полиция вакили Елена Селютина.

Москвадаги “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, ҳозиргача Тарихий масжид атрофида бедарак йўқолган 17 мусулмон тўғрисида хабар келиб тушган.

- 26 сентябр, жума куни полиция провокация ҳаракатларини қилганидан кейин, бу йигитни озод қилишга эришдилар. Лекин жума намози ўқилгандан кейин 17 одамни ҳозиргача қайси полиция бўлимига олиб кетилгани номаълум. Менга мурожаат қилганлар 17 та, ундан кўп бўлиши мумкин. Ҳеч ким жавоб бермаяпти. Бу мусулмонларга бўлган тазйиқ! Албатта бундай ҳаракатларга мусулмонларда нафрат қўзғалади,- дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

4 октябр, шанба куни Россияда нишонланиши белгиланган Ийд ал-Адҳа куни Москвада кўчаларни тўлдириб намозга келадиган мусулмонларнинг оммавий ҳужжат текширилишини хабар қилди Россия Муфтийлар кенгаши раиси муовини Рушан Аббясов.

Москва ҳукумати Россия пойтахтининг беш масжиди ва яна байрам намозига мўлжалланган уч майдонга 150 дан 200 минггача диндор келиши кутилаётганини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG