Линклар

Сурияда "Исломий давлат"нинг ўзбекистонлик 17 аъзоси ҳалок бўлди


"Исломий давлат" гуруҳи сафида, турли ҳисоб-китобларга кўра, бир неча юз ўзбекистонлик жанг қилмоқда.

"Исломий давлат" гуруҳи сафида, турли ҳисоб-китобларга кўра, бир неча юз ўзбекистонлик жанг қилмоқда.

“Исломий давлат” гуруҳига қарши курашаётган халқаро коалиция Суриянинг Раққа шаҳрида амалга оширган ҳаво ҳужумлари оқибатида жангари ташкилотнинг асли ўзбекистонлик 17 аъзоси ҳалок бўлди. Озодликнинг Раққадаги манбаларига кўра, жангари гуруҳга доир лагерга якшанба кунги ҳужум оқибатида яна 20га яқин ўзбекистонлик жароҳатланган.

Озодлик радиоси Ироқ хизматининг Дамашқдаги мухбири Халил Ҳусайнинг хабар қилишича, ҳаво ҳужуми якшанбага ўтар кечаси амалга оширилган.

- Халқаро коалиция Раққада ҳаво ва ракета ҳужумлари кўламини кучайтирди. 60га яқин бомба ва Tomahawk русумидаги ракета шаҳар ичи ва атрофидаги нишонлар, жумладан, фуқаровий иншоотлар ва “Исломий давлат” ташкилотига қарашли биноларга ташланди. Раққадаги ишончли манбаларнинг Озод Ироқ радиосига билдиришича, коалиция кучлари Раққа шаҳри яқинидаги Ал-Грен лагерини ўққа тутгани оқибатида “Исломий давлат” ташкилотининг асли ўзбекистонлик аъзоларидан камида 17 нафари ўлдирилган ва 20 киши жароҳатланган, дея хабар қилди Озодликнинг Дамашқдаги мухбири.

Мухбиримизнинг Раққадаги манбаларига таяниб аниқлаштиришича, ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Улар Раққадан 65 километр ғарброқда жойлашган "Исломий давлат" гуруҳига доир Ал-Грен лагерида тайёргарликдан ўтаётган бўлган.

- Коалиция ҳаво кучлари Ал-Грен қишлоғини ўққа тутган. У ерда Фрот дарёси бўйларида, Табқа шаҳрачасидан 10 километр ғарброқда (Табқа Раққадан 55 километр ғарбда жойлашган-таҳр.) "Исломий давлат"га қарашли лагерь бор. ҳалок бўлган 17 киши ва жароҳатланган 20 одамнинг барчаси ўзбекистонлик бўлган. Қурбонлар сони кўпайиши мумкин, чунки жароҳатланганлардан баъзилари оғир аҳволда экани айтилмоқда, дейди Озодликнинг Дамашқдаги мухбири Ҳалил Ҳусайн.

АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция 29 сентябрь куни ҳам Алеппо, Раққа, Ҳассакеҳ ва Дейр ал-Зур вилоятларида ҳаво ҳужумларини амалга оширгани хабар қилинмоқда. АҚШ ва бир неча Араб давлати ўтган ҳафтадан бери “Исломий давлат” гуруҳининг Суриядаги истеҳкомларини ҳаводан нишонга ола бошлади.

Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган "Исломий давлат" гуруҳи сафида, турли ҳисоб-китобларга кўра, бир неча юз ўзбекистонлик жанг қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG