Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 12:58

Пахта учун "йиғ-йиғ" авжига чиқди


Ўзбекистонда ташкилот ва идоралар ишчи -хизматчиларига 40 минг сўмдан 500 минг сўмгача “пахта солиғи” солинмоқда. Ҳар бир ходим пахтага чиқмаса, пул тўлашга мажбурланаяпти. “Пахта солиғи”ни тўламаган ходимлар эса ишдан бўшатилаяпти.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 30- сонли ўрта мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган аёл (Фаррош аёлнинг исми-шарифи Озодликка маълум, лекин қариндошларининг илтимосига кўра унинг исмини очиқламаяпмиз) “пахта солиғи” ортидан ишдан кетди.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган фаррош аёлнинг қариндошига кўра, ушбу мактабнинг ишчи-хизматчиларидан 500 минг сўмдан пахта учун пул йиғилмоқда. Бу пулни топиб бера олмаган фаррош аёл ишдан бўшашга мажбур бўлганини айтади унинг қариндоши.

“Келинойимнинг ойлик маоши ўзи 153 минг сўм эди. Мактабдаги барча ишчилардан 500 минг сўмдан пул ундирилмоқда. Ойлиги кам-кўплигига ҳам қарамаяпти. Шунинг учун келинойим ишдан бўшади”, дея хабар йўллади бўстонлиқлик манба.

“Пахта солиғи” нафақат ишчи- хизматчилар балки мактаб ва коллеж ўқувчилари зиммасига ҳам юклатилмоқда.

29 сентябрь куни Сирдарёдаги Гулистон тиббиёт коллежида ўтказилган йиғилишда ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам “пахта солиғи” солинди.

Бу ҳақда хабар йўллаган гулистонлик манбага кўра, ота-оналар 40 минг сўмдан пул йиғиб, фарзандлари ўрнига мардикор ёллаб, пахтага жўнатишлари шарт.

“Коллеж раҳбарияти ота-оналарга фарзандлари ўрнига одам топиб жўнатиш талабини қўймоқда. Бир одамни пахтага юбориш кунига 15 минг сўм. Ҳар тўртта ота-она 40 минг сўмдан пул йиғиши лозим ва 160 минг сўмга бир одамни 10 кунга ёллаб, пахтага юбориши керак”, дея хабар йўллади манба.

Айни пайтда касал ишчи-хизматчи ва талабаларни мажбурий равишда пахтага ҳайдаш давом этмоқда.

Навоий вилояти Кармана тумани Амур Темур номли 4-сон ўрта мактаб ўқитувчиси ҳам соғлиги яхши эмаслигига қарамасдан пахтага ҳайдалди. Бу ҳақда Озодликка ўқитувчи аёлнинг турмуш ўртоғи маълум қилди.

“Турмуш ўртоғимнинг чангга аллергияси бор. Ўзи ўтган ой декретдан кейин ишга чиқди. Мактаб раҳбариятига аллергияси борлигини тушунтирса, “Бунинг бизга қизиғи йўқ, ўзингиз чиқмасангиз, ўрнингизга одам чиқаринг”, деб жавоб беришган. Шундан кейин пахтага кетишга мажбур бўлди”, дейди ўқитувчи аёлнинг турмуш ўртоғи.

Бухоро Муҳандислик- технология институти талабаларидан Озодликка келган мактубда ҳам касал талабалар пахта ҳайдалгани ёзилган:

“Бизнинг институтда пора эвазига пахтага чиқмаслик мумкин. Пул берганларнинг ўрнига касал бўлган, ҳаттоки, операция бўлганига 10 кун бўлган талабалар ҳам пахтага чиқарилаяпти. Ваҳоланки, операция бўлганлар камида 3-4 ойгача юк кўтара олмайди”, дейилади талабалар мактубида.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг исмини очиқламаётганимиз мулозимига кўра, ўқувчи ва ишчи-хизматчилардан пахта учун пул йиғиш ҳақида бирор бир расмий ҳужжат мавжуд эмас.

Ўзбекистондаги 11та вазирлик, қўмита, инспекция раҳбарлари 2011 йилнинг 28 февралида имзо чеккан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш ҚОИДАЛАРИ”га кўра, ҳашарчиларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши лозим.

Ушбу ҳужжатда аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинмаслиги лозимлиги қайд қилинган. Мазкур тартибга амал қилинмаган ҳолатда мансабдор шахслар жавобгарликка тортилиши белгиланган.

XS
SM
MD
LG