Линклар

Тошкентда ўндан зиёд заргарлик дўкони куч ишлатар тизимлари номидан борган "қора ниқоблилар"нинг рейди ортидан ёпиқлигича қолмоқда. Ўзларини солиқ инспекцияси ходимлари деб таништирган махсус гуруҳ ўтган ҳафта дўконларга бостириб кириб, заргарлик ва тилла буюмларни олиб кетган эди. Дўкон эгалари текширувчиларни қароқчиликда айбламоқда.

Тошкентлик тадбиркорлар юзига ниқоб тортган, қўлида автомати бор бир қанча одам куппа кундуз куни заргарлик дўконларига бостириб кириб, у ердаги қимматбаҳо буюмларни олиб чиқиб кетаётганидан арз қилмоқда.

Детектив киноларга хос бу манзара сўнгги кунларда Тошкентдаги кўплаб заргарлик дўконларида кузатилмоқда.

Лекин, Тошкентда заргарлик дўконларига бостириб кирган ниқоблилар ўзларини Ўзбекистон солиқ, прокуратура ва миллий хавфсизлик идоралари махсус гуруҳидан иборат комплекс текширувчи сифатида тақдим қилмоқда.

Тошкентдаги заргарлик дўкони эгаларидан бири (дўкон номи ва дўкондорнинг исми хавфсизлик юзасидан сир тутилмоқда) автомат билан қуролланган ниқобли текширувчилар унинг дўконидан 1 ярим миллиард сўмлик олтин буюмларни олиб чиқиб кетганини айтди.

- Олтин буюмларни олиб кетишлари ҳақда бизга ҳужжат ҳам беришмади. Улар ўзлари ўзаро рўйхат қилишиб, бир-бирларига беришди, бизга ҳеч қанақа акт беришмади, ўзлари тузган рўйхатни нусхасини ҳам беришмади. Нимани олиб кетишяпти, қанча миқдорда олиб кетишяпти?! Биз ўзимиз рўйхат қилиб кўрдик. Улар 1 миллиард 522 миллион сўмлик буюмни олиб кетишган экан, бу ғирт қароқчилик, - дейди Тошкентдаги заргарлик дўконларидан бирининг эгаси.

Озодлик Тошкентнинг Чорсу ва Олой бозоридаги бошқа заргарлик дўконларига ҳам боғланди. Бу дўконларнинг деярли барчасида текширувлар ўтказилган, заргарлик ва тилла буюмлар олиб кетилган.

Пробасиз олтинлар

Озодлик манбаларига кўра, комплекс текширувлар Тошкентдаги 15та заргарлик дўконида ўтказилган.

Бу дўконлар Туркиядан тилла буюмлар келтириб сотадиган Ҳ. исмли аёл таъминотида бўлган дўконлар экани айтилади. Дўконларни Алиев исмли шахс назорат қилади.

Текширувчилар олиб кетган тилла буюмлар ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган, пробасиз заргарлик буюмлари экани айтилмоқда.

Чорсу бозоридаги заргарлик дўкони эгаларидан бири эса текширувчилар олиб кетган тилла буюмлар дўконга комиссия учун қўйилган моллар экани, уларни эгаларига қандай қайтаришни билмаётганини айтади.

- Улар комиссияга қўйилган заргарлик буюмлари эди, эгаларига қайтаришимиз керак. Ҳозир нима асосида шу товарларни қайтариб олишни ҳам билмаяпмиз. Қўлида автомат, юзида ниқоб бор бир қанча одам бостириб кириб, ҳамма олтин борми, кумуш борми, ҳаммасини олиб чиқиб кетди. Улар қўлида қандайдир буйруқ билан бостриб киришди. Олдинига ўзларини шаҳар солиқ инспекциясиданмиз деб таништиришди. Уларни қўлидаги буйруқни ўқиш ҳам ҳаёлга келмади.

Тасаввур қилинг, юзида маска, қўлида автомат бўлган текширувчилар олдида биз аёллар нима ҳам қила олардик. Соат кечқурунги 8.30. текширувлар жуда пала-партиш қилинди. Бизга туалетга боришга ҳам руҳсат беришмади. Дўкондаги ҳамма заргарлик буюмларини супуриб олиб кетишди. Солиқ идорасига борсак билмаймиз, ўзлари чақиртиришади, дейди. Ҳозир дўконни ёпганмиз, молларни эгаларига қандай топширамиз, ҳаммаси омонатга қўйилган буюмлар, - дейди заргарлик дўкони эгаси.

Комиссияга қўйилган заргарлик моллари орасида пробаси бўлмаган буюмлар ҳам бўлгани айтилди. Бундай моллар эгаларига қайтарилмаслигидан хавотир билдирилди.

Айрим дўкон эгалари Тошкентдаги текшир-текширлардан хабар топгач қора ниқоблилар келмасидан заргарлик буюмларини эгаларига бериб юборганликларини айтишади.

- Биз Тошкентдаги ГУМнинг пастки қаватида савдо қиламиз. Текшир-текшир бўлар экан, деб келишди. Дарров витриналардаги молларни олиб чиқиб кетдик, эгаларига бердик. Ёмон қилишаётган экан, қўшни дўконни текширишибди, товарларини олиб чиқиб кетишибди, - дейди заргарлик дўкони сотувчиси.

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси расмийлари заргарлик дўконларида текширувлар нима мақсадда ўтказилганини очиқламади.

Заргарлик дўконларидан текширувчилар олиб чиқиб кетган товарлар қайтариб бериладими, деган саволга Давлат Солиқ қўмитаси расмийси:

- Бу текширувлар комплекс текширувлар, бир қанча идоралар вакилларидан иборат комиссия ўтказяпти. Нима мақсадда текширув ўтказаётганини биз ҳам билмаймиз, - деди.

Олтин савдоси устидан назорат кучайди

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси заргарлик буюмлари савдоси устидан назоратни кучайтирди.

Бош прокуратура қошидаги солиқ, валюта жиноятлари ва жиноий даромадни легализация қилиш билан куарш департаменти муваққат бошлиғи буйруғига кўра, қимматбаҳо металл ва тошлар билан савдо қилувчи шахслар учун янги қоидалар жорий қилинди.

Шу қоидаларга мувофиқ, бундан буён заргарлик буюмлари билан савдо қилувчи тадбиркорлар, бир мартада минимал иш ҳақининг 300 баробарига тенг миқдорда мол сотиб оладиган мижозларни тегишли тарзда текширишлари лозим бўлади.

Бу чора ҳам харидор, ҳам сотувчига нисбатан қўлланиши лозим бўлади. Бундан ташқари мавжуд мижозлар ҳам текширувдан ўтказилиши прокуратура қарори билан белгилаб қўйилди.

Кўпчилик заргарлик дўкони эгалари бу қоидалардан бехабар эканликларини айтади.

- Иш ҳақининг 300 баробарига тенг миқдор 32 миллион сўм бўлади. Бу нархга ҳеч ким мол сотиб олмайди. Аниқроғи мени дўконимдан ҳали шу пайтгача ҳеч ким нархда мол сотиб олмаган. Одамларда пул йўқ. Менимча бу тартиб номига қилиняпти, - дейди Тошкентдаги заргарлик дўкони эгаларидан бири.

Туркиядан олтин буюмлар Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга котнрабанда йўли билан олиб кирилади.

Ўзбекистонга жисмоний шахсларнинг олтин буюмларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришига чеклов бор.

Умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган 5 тагача заргарлик буюмларини акцизсиз олиб киришга рухсат берилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG