Линклар

logo-print

Тула шаҳрида Ўзбек ва ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси ташаббуси билан “Кураш-2014” мусобақаси бўлиб ўтди. Беллашувда иштирок этган ҳар 13 команда таркибида турли вазн тоифасида бўлган бештадан курашчи иштирок этди. Командалар ўртасидаги жангларда биринчи ўрин Твердан келган спортчиларга насиб этди.

Россиянинг темирчилари ва қуролсозлари билан машҳур бўлган Тула шаҳридаги “Арсенал” стадиони манежида “Кураш-2014” деб номланган мусобақа бўлиб ўтди.

Ўзбек ва ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси томонидан маҳаллий ҳокимият кўмагида уюштирилган бу тадбирга Россиянинг 13 ўлкасидан курашчи-спортчилар йиғилди.

Мусобақада мезбонлардан ташқари Владимир, Орел, Воронеж, Тверь, Иваново, Камчатка ва бошқа жойлардан келган кураш усталари ва ҳаваскорлар йиғилди.

Беллашувга келган усталарни Тула вилояти ҳукумати вакили Дмитрий Яковлев, Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси раиси Иброҳим Худойбердиев, Совет Иттифоқи Қахрамони Юрий Бабанских, таниқли оғир атлетчи ва эркин курашчи Олимпия чемпиони Исроил Арсамаков, Россиядаги Кураш федерацияси раҳбари Анатолий Кимсанов ва бошқалар қутлади.

Кураш мусобақасига келган юзлаб мухлисларни атлас нимча ва ўзбек дўппиларини кийиб олган маҳаллий ёшлар кутиб олди. Мусобақа қийинчиликларсиз ҳам ўтмади: курашчиларнинг шиддатига янги тақдим этилган яктаклар ҳам дош бермасдан бирин-кетин йиртила бошлади. Ниҳоят, мусобақа ҳакамлари яктакларни кимоно яктакларига алмаштиришга рухсат берди.

Мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўрин Тверь вилоятидан келган курашчиларга, иккинчи ўрин – Владимир вилояти, учинчиси – Иваново вилояти намояндаларига насиб этди.

Командалараро мусобақа якунидан кейин мухлислар қўйган пул мукофоти учун яккакурашчилар чиқди. Унда Воронеж ўзбеклар жамоаси вакили шаҳрисабзлик Кўпайсин исмли полвон мутлақ ғолиб деб топилди ва совринни қўлга киритди.

Мусобақага йиғилган мухлис ва курашчию ҳакамларга ўзбек палови тарқатилди. Ундан ташқари, “Арена” манежи ҳовлисида кураш каби ўзбек маданиятининг бир қисми сифатида Россияда танилиб бораётган петербурглик Комиловлар сулоласи дорбоз ўйинлари намойиш этилди.

XS
SM
MD
LG