Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:01

Афғонистон ва АҚШ икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолади


Афғонистон ва АҚШ хавфсизлик бўйича шартнома имзолади. Мазкур келишув Халқаро кучлар 2014 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин 10 минг нафар АҚШ аскарининг бу мамлакатда қолишига имкон яратади. Яқин кунларда Афғонистон ва НАТО ўртасида ҳам шу каби шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Афғонистон ва АҚШ анчадан бери ортга суриб келинаётган икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолади.

30 сентябрь кунги маросимда шартномага икки давлат номидан Афғонистон президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳаниф Атмар ва АҚШ элчиси Жеймс Каннингҳэм имзо чекди.

Афғонистон янги Президенти Ашраф Ғани шартнома имзолашдан қандай мақсад кўзлангани ҳақида бундай деди.

- Агар мамлакатимизга таҳдид туғилса, икки томонлама хавфсизлик шартномасига мувофиқ фавқулодда ёрдам сўраш ҳуқуқига эгамиз. Бизнинг сўровимиз жиддий кўриб чиқилиши шарт бўлади. Натижада икки давлат (ҳам АҚШ ҳукумати, ҳам Афғонистон ҳукумати) ва НАТО бирга ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлади, дея баён қилди Афғонистон президенти.

Ашраф Ғани Қўшма Штатлар билан имзоланган икки томонлама хавфсизлик шартномаси бошқа давлатларга қарши қаратилмаганини қўшимча қилди.

- Бу шартнома қўшни давлатларга ҳеч қандай таҳдид солмайди, дея таъкидлади Афғонистон раҳбари.

Икки томонлама хавфсизлик шартномаси НАТО етакчилигидаги Халқаро кучлар 2014 йил 31 декабригача Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин 10 минг нафар АҚШ аскарининг Афғонистонда қолишига имкон яратади.

Шартномада Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сони 2015 йил охиригача ярмига камайтирилиши ва 2016 йил охиригача Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилиши назарда тутилган.

Шу каби бошқа шартнома яқин кунларда НАТО билан ҳам имзоланиши кутиляпти.

Бу келишув Британия, Германия, Италия ва Туркиядан бўлган 4000дан 5000 нафаргача бўлган аскарининг 2014 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолишига қонуний асос бўлади.

Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай АҚШ билан икки томонлама хавфсизлик шартномаси имзолашдан бош тортиб бу вазифани янги президентга қолдирган эди.

Карзайнинг муҳим шартномани имзолашни рад қилгани Афғонистон-АҚШ муносабатлари совуқлашишишга сабаб бўлди.

Агар келишув имзоланмаса, Қўшма Штатлар барча қўшинларини Афғонистонда олиб чиқишга таҳдид қилган.

29 сентябрь куни Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғанининг матбуот котиби собиқ президент Ҳамид Карзай имзолашдан бош тортган маълум қилган эди.

Таҳлилчилар Жаҳон банки собиқ ходими бўлган 65 яшар Ашраф Ғани Афғонистон президенти вазифасини бажаришга киришганидан сўнг Вашингтон ва Кобул ўртасидаги муносабатлар илиқлашишини башорат қилмоқда.

Душунба куни ўзининг инагурация маросимида сўзлаган Ашраф Ғани мамлакатда тинчлик ўрнатишни Афғонистон президенти сифатида устивор мақсад қилиб белгилаганини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG