Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

МХХга йўловчи компьютеридаги маълумотни текшириш тақиқланди


29 сентябрдан кучга кирган янги тартибга кўра, Ўзбекистондан учиб кетаётган йўловчиларнинг радио ва телеаппаратуралари, аудио ва видеотехникалари, компьютерлари, планшетлари ва мобил телефонлари текширилиши шарт. Айни пайтда МХХ ходимларига йўловчиларнинг компьютеридаги шахсий маълумотларни текшириш тақиқланади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати билан Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамкорлигида 24 сентябрь куни тасдиқланган авиация хавфсизлигини текшириш бўйича янги тартибда йўловчиларнинг қўл юки таркибидаги барча электрон жиҳозлари текширилиши белгиланган.

Янги тартибдан кўзланган мақсад авиация хавфсизлигини таъминлашни такомиллаштириш экани айтилмоқда.

Norma.uz сайтида эълон қилинган ҳужжатда ёзилишича, электрон ускуналарни текшириш маҳаллий ва халқаро рейслар бўйича учаётган йўловчиларга бирдек қўлланилади.

Ушбу ҳужжатда электрон ускуналарни текшириш аэропортнинг зарур техник ускуналар билан жиҳозланган махсус хонасида МХХ ходими томонидан амалга оширилиши айтилади.

Тошкент халқаро аэропортининг мулозимига кўра, эндиликда йўловчи МХХ ходимига ўзининг электрон ускуналарининг қандай ишлаётгани ва аккумулятор ҳамда батареялар қўйиладиган жойларни кўрсатиши шарт.

"Агар компьютер ёки мобил телефон ишламаётган бўлса, уларни ишлатиб кўрсатиш керак. Батареяларини зарядлаб келишлари шарт", деди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Мабодо электрон усукуналар умуман ишламаса, қандай чора қўлланилиши расмий ҳужжатда очиқланмаган.

Айрим хорижий давлатларда бундай ҳолатда электрон ускуналар олиб қўйиб, қайтариб берилмаслиги кузатилади.

Ўзбекистон аэропортларида жорий қилинган янги тартиб бир қанча хорижий давлатлар, жумладан, АҚШда яқиндан буён амалда қўлланиб келинади.

Янги жорий қилинган тартибга кўра, МХХ ходимларига йўловчининг электрон ускуналаридаги шахсий ахборотларни текшириш ва улар билан танишиш тақиқланади.

Агар электрон ускуналарда тақиқланган модда ва ашёлар бўлса, текшириш тўхтатилиб, йўловчининг учиши тақиқланади.

Шунингдек, электрон ускуналарни текширтиришдан бош тортган йўловчи самолётга қўйилмайди.

Озодлик манбаларига кўра¸ жорий йил бошидан Ўзбекистон аэропортларидан кириб-чиқувчиларнинг компютер¸ планшет¸ мобил телефон ва флэшкаларини назорат қилиш кучайтирилган тартибда амалга ошириб келинмоқда.

МХХ ходимлари йўловчиларнинг исломий¸ мухолиф ва мустақил Интернет нашрларига қизиқишини ўрганиб¸ айрим ҳолларда¸ бундай сайтлар муштарийларига чора кўрмоқда.

Озодлик суҳбатдошларидан бирининг таъкидича¸ Россиядан Ўзбекистонга кираëтганлар махсус мосламалар ëрдамида текширилмоқда¸ улар ëнидаги электрон ахборот воситаларидаги материаллар ва улар хотираси синчковлик билан ўрганилмоқда.

Жорий йилнинг 1 февралидан Ўзбекистон аэропортларидан учиб кетадиган йўловчиларга ҳаво кемаси саҳнида қўл юки таркибида барча турдаги суюқликлар, аэрозоллар ва гелларни олиб кетиш тақиқланди.

Суюқликлар йўловчиларнинг рўйхатдан ўтказилган багажига жойлаштирилиши лозим.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясига кўра, истисно тариқасида болалар овқати ва парвоз вақтида мунтазам талаб этиладиган дори воситалари олиб кетишга рухсат этилади.

Болалар овқати ва дори воситалари шаффоф, зич ёпиладиган, ҳажми 1 литрдан кўп бўлмаган пластик пакетларга жойлаштирилган бўлиши керак.

XS
SM
MD
LG